"Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, янги Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз. Чунки, неча асрлар оша аждодларимиздан бизга безавол ўтиб келаётган она тилимизнинг равнақи ва истиқболи ҳақида қайғуриш – бу миллатнинг ўзлигини англаши, унинг маънавий камолотини юксалтириш учун кураш демакдир. Давлат тилининг обрў-эътибори – бутун халқ, бутун жамиятнинг обрў-эътиборидир".
Бу фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбек тили байрами муносабати билан мамлакатимиз халқига йўллаган табригида қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари нинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди. Жорий йилда юртимизда ушбу тарихий сана биринчи маротаба расман кенг нишонланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда шу ҳақда сўз борди. Унда тилшунос ва адабиётшунос олимлар, ёзувчи-шоирлар, талаба ёшлар иштирок этди. Тадбирда она тили миллатнинг руҳи, борлигимиз ва бирлигимиз, давлат тимсоли экани, уни асраш ва ривожлантириш ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчи экани таъкидланди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, академик Акмал Саидов қайд этганидек, мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятига бу қадар юксак эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ушбу сана маънавий ва маърифий, ҳуқуқий ва сиёсий жиҳатдан ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистоннинг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни бундан 31 йил олдин, 1989 йил 21 октябрда - Мустақиллигимиз эълон қилинишидан тахминан икки йил илгари қабул қилинган. Юртимизда мустабид тузум ҳали ўз ҳукмини ўтказиб турган ғоят оғир шароитда халқимизнинг тақдири ва келажагини ҳал қиладиган бу қонунни қабул қилиш биз учун осон кечмаган.
Президентимиз таъбири билан айтганда, "Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди".
Ҳақиқатан ҳам, конституциявий мустақиллик йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир. Бу ҳақда гап борганда, авваламбор, 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса амалга оширилгани – миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилгани истиқлол тарихининг энг ёрқин саҳифаларидан бирини ташкил этишини алоҳида таъкидлаш ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ўзбекистон Президентининг ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган бир қатор ташаббуслари ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрда қабул қилинган 984-сон қарори билан Давлат тилини ривожлантириш департаменти тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Иккинчидан, хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда, Атамалар комиссияси тузилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январда қабул қилинган 40-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг вазифалари белгиланди.
Шунингдек, Атамалар комиссиясининг таркиби ва Низоми тасдиқланди. Низомга мувофиқ, Атамалар комиссияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Комиссия асосан янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш билан шуғулланади.
Учинчидан, 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди.
Тўртинчидан, “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирилган янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Бешинчидан, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳалари тайёрланмоқда.
Бу ҳужжатларда давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш каби муҳим йўналишлар қамраб олинади.
Ўз навбатида, Президентимизнинг 2020 йил 20 октябрда имзоланган «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ўзбек тилини янада ривожлантиришга қаратилгани билан алоҳида эътиборга сазовор.
Фармонга мувофиқ, 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди. Асосий йўналишлар қуйидагиларни назарда тутади:
- 2025 йилга қадар давлат мактабгача таълим тизимида ўзбек тилли гуруҳлар қамровини 72 фоизга, 2030 йилгача эса 80 фоизга етказиш;
- 2030 йилга қадар умумтаълим мактабларида ўқув йиллари учун таянч ўқув режаларида она тили фанини ўқитиш кўламини амалдаги ҳафтада 84 соатдан 110 соатгача ошириш;
- олий таълим муассасаларида ўзбек тили кафедралари сонини 2025 йилга қадар 120 тага, 2030 йилгача эса 140 тага етказиш;
- лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида “Ўзбекистон миллий қомуси” жилдларини нашр этишни босқичма-босқич кўпайтириб бориш;
- 2020 йилда ўзбек тилининг луғат бойлигини оширувчи 15 та лингвистик, соҳавий-терминологик, изоҳли луғатлар яратиш;
- телерадиоканаллар сухандон-бошловчиларининг ўзбек адабий тилидаги нутқ маданиятини оширувчи қайта тайёрлов курсларида ўқитиш тизимини жорий этиш ва қамровни 2030 йилгача 100 фоизга етказиш;
- 2025 йилга қадар давлат тилида соҳавий иш юритиш ҳужжатларининг ягона электрон намуналарини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш учун 14 та онлайн дастур ишлаб чиқиш, 2030 йилгача эса ушбу кўрсаткични 25 тага етказиш;
- дастурий маҳсулотларнинг ўзбекча иловалари ва электрон луғат дастурларини яратиш;
- хорижликлар учун ўзбек тилини ўргатувчи дастурлар яратиш;
- 2030 йилга қадар хорижий олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўргатувчи марказлар сонини амалдаги 17 тадан 60 тагача кўпайтириш;
- 2025 йилга қадар “Ўзбек тилининг дўстлари” клублари сонини 30 тага, 2030 йилгача эса 40 тага етказиш.
Шуни ҳам қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида, жумладан, давлат бошқаруви, замонавий ва инновацион технологиялар, саноат, банк-молия тизими, ҳуқуқшунослик, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа соҳаларда давлат тилининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш бугунги давр талабидир.
Президентимиз таъкидлаганидек, "Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур". Шу маънода, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш борасида эришадиган ҳар бир амалий натижамиз биз барпо этаётган Янги Уйғониш даври - Учинчи Маърифат Ренессанси пойдеворига қўйилган битта мустаҳкам ғишт ҳисобланади.
Бу борада Юртбошимизнинг Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамиятига ўзбекча, яъни давлат тилида мурожаат қилгани барчамиз учун юксак намуна ва муносиб ўрнакдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.10.2020
- Кўришлар: 5087
- Чоп этиш