2020 йил 29 апрель куни Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг видеоконференцалоқа шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Арманистон, Монголия, Сербия, Тожикистон, Россия, Эрон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатларининг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари вакиллари иштирок этди.
Онлайн-мажлисни Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова кириш сўзи билан очди ва анжуманга модераторлик қилди.
Иштирокчилар дастлаб Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллиги асносида тарихий хотира ҳуқуқи ҳимояси масаласини муҳокама қилдилар.
Шундан сўнг омбудсманлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларнинг COVID-19 пандемияси шароитидаги фаолияти билан боғлиқ энг мақбул амалиётлар ҳақида ўзаро тажриба алмашилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз чиқишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг ташкил топганига 75 йил тўладиган даврда бутун башарият орзусидаги ёруғ келажакка эришиш учун ҳар томонлама ҳамкорликнинг ролини глобал миқёсда муҳокама этишга киришгани муҳим қадам эканини таъкидлади. Жорий йилда яна кўплаб юбилей саналари борлигига эътиборни қаратди.
Хусусан, бу йил Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 45 йиллиги, Хотин-қизлар аҳволи бўйича Пекин Бутунжаҳон конференциясининг 25 йиллиги, «БМТ-аёллар» тузилмасининг 10 йиллиги нишонланади. Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилувчи мамлакат сифатида мазкур ташкилот доирасидаги муҳим саналарни ўтказишда ҳам фаол иштирок этишни режалаштирган.
Маълумки, 9 май куни инсониятнинг фашизм устидан ғалаба қозонганига 75 йил тўлади. Ўзбекистонда ҳам Ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланади. Халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган жасорати ва матонатини абадийлаштириш бўйича жойларда қамровдор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида «Шон-шараф» музейи ва «Ғалаба» боғи бунёд этилмоқда.
Мамлакатда фахрийлар ва кекса авлодга мансуб инсонлар ҳуқуқларини таъминлашда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар билан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳозирги вақтда Марказ томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси лойиҳаси тайёрланган бўлиб, ушбу ҳужжатда кекса авлоднинг ҳуқуқлари ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилган.
Онлайн-мажлис давомида Ўзбекистонда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун ўз вақтида зарур чораларни кўришга киришилгани ҳақида ҳам атрофлича ахборот берилди.
Диагностика, даволаш, карантин ишлари – буларнинг барчаси ЖССТ тавсиялари ҳамда илғор хорижий тажрибаларга таяниб амалга оширилмоқда. Бу жараён инсон ҳуқуқларига, айниқса, жамиятнинг нисбатан заиф қатлами ҳисобланувчи кексалар, болалар, аёллар, мигрантлар ва маҳкумларнинг ҳуқуқларига кўрсатадиган муқаррар салбий таъсирини юмшатиш борасида барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон ушбу иллатга қарши курашишда халқаро ҳамжамият билан самарали ҳамкорлик қиляпти. Коронавирусга чалинган беморларни даволашда Жанубий Корея, Хитой, Россия, Исроил ва Германиянинг юқори малакали шифокорлари билан мунтазам тажриба алмашиниб, уларнинг илғор амалиёти теле-медицина орқали кенг қўлланилмоқда.
Ҳаммамизга аёнки, бирор давлат якка ҳолда ушбу пандемия балосига қарши самарали кураш олиб бора олмайди. Мавжуд мураккаб вазият бирдамлик, ҳамкорлик ва ўзаро ғамхўрлик тамойиллари асосида иш тутишни тақозо этмоқда. БМТ Бош ассамблеясининг 2020 йил 2 апрелда қабул қилинган "2019 йилги коронавирус (COVID 19) касаллигига қарши курашда глобал бирдамлик" Резолюциясида ҳам шу ҳақда сўз боради.
Онлайн-мажлисда Арманистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Арман Татоян, Монголия Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси вакили Туул Эрдэнэбаатор, Сербия Республикаси Фуқаролар ҳимоячиси Зоран Пашалич, Тожикистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода, Эрон Ислом Республикаси Бош инспекцияси раиси Ҳасан Дарвишиён, Қирғиз Республикаси Ақиқатчиси (Омбудсмани) Токон Мамитов, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эльвира Азимова ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсмани) Улуғбек Муҳаммадиевнинг кун тартибидаги мавзулар бўйича маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан давлатлар инқирозга қарши қабул қилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан мунтазам асосда ўзаро ишончли ахборот алмашишга боғлиқ экани таъкидланди. Бунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ўртасида COVID-19 пандемиясига қарши курашиш соҳасида тажриба алмашинуви ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада Евроосиё Омбудсманлари Альянси инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи илғор кучларни бирлаштирадиган самарали ҳамкорлик майдонига айланиб бораётгани катта аҳамиятга эга. Кейинги даврда Альянс доирасида инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қўлланаётган ўзаро ҳамкорликнинг янгича шакллари, жумладан, фуқароларни биргаликда қабул қилиш ва маслаҳатлар бериш амалиёти яхши натижалар бермоқда.
Муҳокамалар якунида Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 75 йиллигига бағишланган мажлиси бўйича Якуний резолюция қабул қилинди.
Онлайн-мажлис иштирокчилари, шунингдек, COVID-19 пандемияси тарқалиши шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Евроосиё Омбудсманлари Альянсининг Баёнотини тасдиқладилар.
Маълумот учун: Евроосиё Омбудсманлари Альянси 2017 йил 5 декабрда Москва шаҳрида таъсис этилган. Альянсга Арманистон, Монголия, Россия, Эрон, Сербия, Тожикистон ва Қирғизистон омбудсманлари расман аъзо ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.04.2020
- Кўришлар: 4261
- Чоп этиш