Гендер тенглик принципини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш йўлида

Жорий йил 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси бошланади. Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга ошириш, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига қаратилган бир қатор қонунлар киритилган, деб хабар беради Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати.
 
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун шулар жумласига киради. Бу ҳақда сўз борганда, мамлакатимизда  хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш, уларнинг жамият ҳаётининг барча жабҳаларида иштирок этиши учун шароит яратиш, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ҳимоя қилинишини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эканини таъкидлаш лозим. 
 
Қонун Президентимизнинг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тайёрланган. Ўзбекистон тарихида биринчи марта қабул қилинаётган ушбу қонунни ишлаб чиқишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мутахассисларининг ҳам ҳиссаси бор.  
 
Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенглик ва репродуктив саломатликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига жаҳон ҳамжамияти, жумладан, БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда ихтисослашган муассасалар томонидан юқори баҳо берилмоқда.
 
Мазкур Қонун лойиҳасини тайёрлаш асносида Марказий Осиё, МДҲ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Украина, Жанубий Корея, Испания, Латвия, Литва давлатларининг гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги тажрибаси ўрганилган.
 
Шунингдек БМТнинг Аёлларга нисбатан таҳқирлашнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси нормалари, CEDAW қўмитасининг 2015 йил 4 ноябрда бўлиб ўтган 1347 ва 1348-мажлисларида тақдим этилган Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси бўйича якуний мулоҳазалари ҳисобга олинган. 
 
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида яқинда Олий Мажлис Сенатида янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилди. Ўз навбатида, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши  гендер тенгликни таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам ҳисобланади.
 
Маълумот учун: “Гендер тенглик” атамаси – қонун ҳужжатларида ва олиб борилаётган сиёсатда мустаҳкамланган эркаклар ва аёллар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг тенглигини, шунингдек оила, жамоа ва умуман жамият доирасида ресурслар ва хизматлардан тенг фойдаланишни англатади. Гендер тенглик эркаклар ва аёллар ҳаётнинг барча соҳаларидан тенг фойдалана олиши ва уларда, шу жумладан демократик бошқарув, қарорлар қабул қилиш ва хавфсизлик сектори соҳасида тенглик асосида иштирок эта олишини назарда тутади.
 
Гендер муаммосини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий ўсишга эришиш ва фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончини тиклаш самарадорлиги кўп жиҳатдан гендер масаласи бўйича қабул қилинаётган сиёсий қарорларга боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда кейинги йилларда давлат сиёсатида “гендер нуқтаи назари” ёндашуви тобора кенг қўлланилаётгани бежиз эмас.
 
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳузурида Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликни ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилди. Эркаклар ва аёлларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик Комиссиянинг асосий мақсади ҳисобланади. 
 
Комиссия гендер тенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш ва мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий шарт-шароитини яхшилаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг аёллар гендер тенглиги бузилишига доир мурожаатларини кўриб чиқиш билан шуғулланади. Табиийки, янги Қонуннинг қабул қилиниши Гендер тенгликни ҳимоя қилиш бўйича комиссия вазифаларини бажаришга ҳам кўмаклашади.
 
Инсон ҳуқуқлари бўйича 
Ўзбекистон Республикаси 
Миллий марказининг 
матбуот хизмати
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech