2021 йил 26 апрель куни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форумини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева олиб борди.
Йиғилишда Ташкилий қўмита аъзолари, Барқарор ривожланиш мақсадларини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, Ёшлар парламентлари аъзолари, Бухоро вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимлари иштирок этди.
2021 йил 9 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг Кенгашлари томонидан Қўшма қарор қабул қилинган. Ушбу Қарор билан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик халқаро форумини 2021 йил 23-24 июнь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказиш, унинг концепцияси, регламенти, ташкилий қўмита таркиби ва чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Йиғилишда ушбу масалалар муҳокама қилинди ва вазифалар белгилаб олинди.
Қайд этилганидек, Форум доирасида 10‒20 июнь кунлари Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва вазифалар доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Тошкент шаҳрида “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди!” шиори остида Барқарор ривожланиш ҳафталиги ўтказилади.
Ҳафталик доирасида республиканинг барча ҳудудларида туркум тадбирлар ташкил этилади. Шу жумладан, “Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадлари сари” номли китоб-альбоми ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида тайёрланиб, нашр қилинади.
Қолаверса, иштирокчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Форумнинг махсус веб-сайти яратилади, барча керакли маълумотлар унга жойлаштирилиб борилади. Форумда иштирок этиш истагини билдирган жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва хорижий экспертлар учун ушбу сайт орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Шунингдек, Форум иштирокчилари учун маданий-концерт дастури ташкил этилади.
Йиғилишда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган ишлар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Манба: senat.uz
- Қўшилди: 26.04.2021
- Кўришлар: 3229
- Чоп этиш