(“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 2-мақола)
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Бугунги кунда юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қонуний ҳимоя қилиш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Жумладан, шахсни айблашда қонунга зид усулда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик белгиланди.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор такрорлайман: судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак.
Бу борада Алишер Навоий бобомиз “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун “адл қасри”, яъни “адолат қўрғонини” бунёд эт”, деб айтган сўзларида қанчалик чуқур маъно бор.
Адолат қўрғони қачон пайдо бўлади? Қачонки суд органлари, судьялар қонунга, одиллик тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этса, бунга эришиш мумкин”.
Ҳар бир демократик ҳуқуқий давлатда инсоннинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этишда суд томонидан ҳимоя қилиниш бош ролни ўйнайди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Инсон мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген кенгаши ҳужжатида “Қонун асосида ташкил этилган ваколатли, мустақил ва холис судда ишни адолатли ва очиқ кўриш ҳуқуқи, шунингдек ушбу зарур жараёнларнинг бошқа кафолатлари ЕХҲТга аъзо давлатларнинг инсон мезонлари бўйича мажбуриятларининг ажралмас қисми” деб кўрсатилган.
1953 йилнинг 3 сентябрида кучга кирган Европа Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясида фақат инсоннинг асосий ҳуқуқлари эълон қилинибгина қолмасдан, уларни ҳимоя қилишнинг алоҳида механизми ҳам яратилган. Бу - Европа Инсон ҳуқуқлари бўйича судидир (инглизча: European Court of Human Rights). У халқаро суд органи ҳисобланиб, юрисдикцияси Европа Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган Европа Кенгашининг барча иштирокчи давлатларига амал қилади.
Европа Инсон ҳуқуқлари бўйича суди қуйидаги ваколат ва ҳуқуқларга эга:
-Европа Инсон ҳуқуқлари бўйича судига берилган шахсий ва давлатлараро шикоятларни кўриб чиқиш;
-аризачининг у ёки бу ҳуқуқи бузилганлигини аниқлаш;
-судда ютиб чиққан аризачига адолатли товон тўланишини таъминлаш;
-муайян мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши оммавий тус олганлиги ҳолати аниқланган ҳолда ушбу давлатга мазкур камчиликларни тузатиш бўйича чоралар кўриш топшириғини бериш.
Аввалги йилларда Ўзбекистонда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни ҳамиша ҳам таъминланмаганини кўрсатди.
Жиноий ишлар бўйича суд жараёнларида прокурорлар кенг ваколатларга эгалиги сабабли судьянинг ишни мустақил равишда ва ўз виждонига биноан хал қилишдаги эркинлиги чекланарди.
Ушбу ҳолатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатар, оқибатда эса аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўларди.
Бу ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишига айланди.
Мамлакатда Судьялар олий кенгаши тузилди, суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Олий суд, маъмурий судлар ташкил этилди, шунингдек, судьялик лавозимига муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби жорий этилди. Маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилиши натижасида фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ва шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилишларига тўла имконият яратилди.
Жиноят ишлари доирасида ноқонуний усуллар билан олинган ҳар қандай маълумотлардан, жумладан, аудио ва видео материаллардан, ашёвий далиллардан фойдаланиш қатъиян тақиқланди. Қийноққа солиш, ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш, инсонни алдаш ва тергов жараёнида бошқа ноқонуний усулларни қўллаш ман этилди.
Далилларни сохталаштириш учун алоҳида жиноий жавобгарлик жорий қилинди. Адвокатлар жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди. Қийноққа солиш каби ноқонуний усулларни қўллашни қатъиян чеклаш мақсадида тергов ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналари видеокузатув воситалари билан жиҳозлана бошланди.
Судларнинг халқ олдидаги масъулиятини ошириш мақсадида янги тайинланаётган судьялар тегишли ҳудуд жамоатчилиги, маҳалла фаоллари муҳокамасидан ўтказиладиган бўлди. Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча тергов юритишга қайтариш тартибининг бекор қилинганлиги суд ва тергов органларининг ҳақиқатни ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш, шунингдек, қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш имконини берди.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар кенгашлари, хотин-қизлар қўмиталари кафиллиги асосида судланувчиларга, айниқса, ёшларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини тайинлаш амалиёти жорий этилди.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришгандан кейин ўтган 25 йилда 1 нафар, кейинги уч йилда эса 1705 нафар шахс оқланган. Хусусан, оқланганларнинг сони 2017 йилда 263 нафарни, 2018 йилда 867 нафарни ташкил этган, 2019 йилнинг тўққиз ойида эса судлар томонидан 500 дан ортиқ киши оқланган. Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 3 минг 228 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди маълумотларига кўра, 2019 йилнинг тўққиз ойида жиноий ишлар бўйича судлар томонидан 20627 та иш кўриб чиқилган. Ушбу ишлар бўйича 576 нафар шахс оқланган, 1036 нафар шахсга шартли ҳукм чиқарилган. Ёшлар иттифоқининг кафолат хатлари орқали 202 нафар, Хотин-қизлар қўмитасининг кафолат хатлари орқали 175 нафар шахс, маҳаллалар кафолат хатлари орқали 1078 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум этмаслик ҳукмлари чиқарилган.
- Мен онаман, устозман. Асли вазифам бўлса-да, фарзандларимга, шогирдларимга ҳалоллик, адолат ҳақида сўз очолмай қолгандим. Ўзимдан ўтгани ўзимга аён эди. Ҳалол меҳнатим, айбсизлигимни исботлаш нечоғлик оғир эканини ҳаётим мисолида яхши англайман. Президентимизга минг раҳмат. Адолатли жамият қуриш йўлида судлар одиллигини таминлашга киришди. Мен шу ислоҳотларнинг бир намунасиман. Адолат бор экан мана мен оқландим, – деб ёзади Каттақўрғонлик ўқитувчи Муҳайё Носирова.
Каттақўрғонлик ўқитувчи Муҳайё Носирова ҳам ўз номини оқлаш учун курашди. Судланган пайтида бу аёл Каттақўрғон шаҳар халқ таълими мудири вазифасида ишлаган. Назорат тартибида берган шикоятида қуйи судларда иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳар томонлама холисона текширилмаганини маълум қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг видеоконференцалоқа режимидаги очиқ суд мажлисида эса судлов ҳайъати суд қарорларининг М.Носировага оид қисмини бекор қилиб, иш бўйича унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани муносабати билан уни айбсиз, деб топди.
Шунингдек, “Мурувват уйи”нинг директори И.Эгамбердиев Фарғона шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ҳукмига кўра, 2016 йилнинг февраль ойида мансабдор шахс сифатида Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисмининг “в, г” бандлари ҳамда 209-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, унга 2 миллион 604 минг 800 сўм миқдорида жарима ва Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазосини белгиланган.
И.Эгамбердиев уч ярим йил давомида ҳақиқат учун кураш жараёнида юқоридаги ҳар иккала модда бўйича ўзига қўйилган айблар асоссиз эканлиги, хатти-ҳаракатларида ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик ва жиноят аломатлари йўқлигини далиллар билан исботлаш учун кураш олиб борди.
Ниҳоят ишни кассация инстанциясида кўриш жараёнида дастлабки тергов ва биринчи инстанция суди томонидан иш бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилмаганлиги, И.Эгамбердиев ҳаракатларида жиноят аломатлари борлиги текширилмасдан, суд ҳукмида кўрсатилган жиноятни содир этганлигини исботловчи далилларсиз айбли деб топилганлиги аниқланди.
Шу сабабли, судлов ҳайъати И.Эгамбердиевга оид жиноят ишини синчковлик билан, тўла ва холисона текшириб чиқиб, унинг ишида жиноят таркиби бўлмаганлигини инобатга олди. Натижада судлов ҳайъати жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2016 йил 17 февралдаги ҳукмини бекор қилди. У айбсиз деб топилиб, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинди, шу муносабат билан етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини даъво талаби билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар туфайли кейинги вақтда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўплаб шахсларга оқлов ҳукмлари чиқарилмоқда. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди, дейдилар. Барибир адолат қарор топди. Ҳаётнинг ўзи оқни оққа, қорани қорага ажратиб қўйди. Суд тизимидаги ислоҳотлар натижасида ноҳақликларга барҳам берилиб, инсонларнинг юзи ёруғ бўлишига имкон туғилди. Бу адолат тантанасидир.
Адолат, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида судда ишларни электрон тақсимлаш тизими ҳам амалиётга киритилди. Эндиликда инсон аралашувисиз ишни қайси судья кўришини электрон дастур белгилайдиган бўлди. Суд-тергов фаолиятида сарсону овора бўлишга ва ортиқча сарф-харажатга йўл қўймаслик мақсадида “электрон жиноят иши” ва “масофадан туриб сўроқ қилиш” тизимлари ҳам жорий этила бошланди.
Ўзбекистон Олий суди статистикасига кўра, судьяларнинг фуқаролар ҳузурига бориши, аҳоли орасида сайёр суд мажлислари ўтказиши одатий ҳолга айланиб бормоқда. 2019 йилнинг биринчи ярмида 210559 та иш сайёр судларда кўрилган. 2784 та суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган.
Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 28.12.2019
- Кўришлар: 5278
- Чоп этиш