“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ва жамоатчилик бошқарувини такомиллаштириш бўйича ислоҳотларни янада ошириш вазифаси қўйилган.
Эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш мамлакатнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири саналади. Бу борада республикада фаолият юритаётган нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳам катта рол ўйнайди.
Фуқаролик жамиятининг муҳим қисми ҳисобланган нодавлат нотижорат ташкилотлари жамиятда ижтимоий, иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этади. Улар аҳолининг эҳтиёжларини ҳукуматга етказиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва турли соҳаларда ижтимоий тараққиётга ҳисса қўшиш билан шуғулланади.
Ўзбекистонда кейинги йилларда ННТ фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ давлат органларининг айрим мансабдор шахслари томонидан ННТнинг ишига аралашиш ҳолатлари кузатилиши мумкин. Бундай аралашувлар демократия принципларига зид бўлиб, БМТ томонидан белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳам мос келмайди. Шу сабабли, ННТ фаолиятига аралашганлик учун мансабдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгилаш жамият ва давлат учун муҳим аҳамиятга эга.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – аҳоли манфаатларини давлат даражасида ифода этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади.
Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш, хусусан, кам таъминланган қатламларга ёрдам бериш, таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришда муҳим ўринга эга.
Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳам бу ташкилотларнинг ўз ўрни бор.
Давлат органлари ННТ фаолиятига асоссиз аралашиши бу соҳалардаги ривожланишни секинлаштириши мумкин. Шу боис, мансабдор шахсларнинг ННТ фаолиятига аралашуви учун жавобгарликни белгилаш орқали уларнинг мустақиллигини таъминлаш мумкин бўлади. БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларидан бири демократия, адолат ва шаффоф институтларни ривожлантиришдир.
Мансабдор шахслар ННТ фаолиятига аралашиш учун жавобгарликка тортиладиган бўлса, давлат бошқаруви шаффофлашади ва коррупция даражаси пасаяди. Жаҳон амалиётида мазкур масалада жавобгарлик юклатиш кенг тарқалган. Жумладан, Германияда давлат хизматчилари ННТ фаолиятига тўсиқ қўйган тақдирда, мансабдор шахсларга жарима ёки лавозимдан четлатиш жазолари қўлланади. Францияда давлат хизматчилари ННТнинг экологик дастурларига аралашса, маъмурий жавобгарликка тортилади.
Қўшни Қозоғистонда ННТ фаолияти “Нодавлат ташкилотлар тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинади ва ҳукумат уларга аралашмаслиги кераклиги белгилаб қўйилган. Россияда эса бу борада чекловлар кучайтирилган ва уларнинг ишига ҳукумат аралашуви кенг тарқалган. Бу эса жамоат ташкилотлари ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда ННТни ҳимоя қилиш давлат ва жамоатчилик ўртасида ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистоннинг демократик тамойилларга содиқлигини кўрсатиш учун ННТ ҳимояси кучайтирилиши керак.
Қайд этиш керак, бу мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириб, чет эл инвестицияларини жалб қилишга ҳам ёрдам беради. Бу йўналишда хорижий тажрибани ўрганиб, миллий қонунчиликни такомиллаштириш мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилади.
Жаҳонгир ИСАЕВ,
Барқарор ривожланиш маркази
нодавлат нотижорат ташкилоти бўлим бошлиғи.
ЎзА
- Қўшилди: 14.03.2025
- Кўришлар: 565
- Чоп этиш