Ногиронлиги бўлган шахслар учун 38 турдаги реабилитация воситалари кафолатланган тарзда берилади

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни протез ва реабилитация воситалари билан таъминлаш кўлами сезиларли даражада кенгайди. Ҳозирги кунда улар учун кафолатланган тарзда бериладиган реабилитация воситалари рўйхати 18 тадан 38 тагача оширилди, уларни молиялаштириш учун 138,2 млрд сўм йўналтирилди.

Маълумотларга кўра, мамлакатда жами 1 миллион 58 минг нафар ногиронлиги бўлган шахс яшайди, шундан 173 минг нафарини ногиронлиги бўлган болалар ташкил этади. Сўнгги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш, уларга ногиронликни расмий белгилаш, хизматлар ва ижтимоий кўмак билан қамраб олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Маҳаллаларда ижтимоий ходимлар томонидан уйма-уй ўрганишлар натижасида 34,2 минг ногиронлиги бор, лекин олдин расмий рўйхатда бўлмаган шахс аниқланиб, уларга ногиронлик белгиланди (2024 йилда – 21,1 минг, 2025 йилда – 13,1 минг).

Жорий йилдан ногиронлик белгилаш жараёни ягона стандартлар ва рақамлаштирилган тизим асосида амалга оширилмоқда. Мурожаат қилиш имкониятлари кенгайиб, эндиликда фуқаролар: «Инсон» марказлари, маҳалла ижтимоий ходимлари, my.gov.uz ягона портали, оилавий шифокорлар орқали ногиронликни белгилаш учун ариза бериши мумкин.

Протез ва реабилитация воситаларига муҳтож 91,9 минг ногиронлиги бўлган шахс керакли мосламалар билан таъминланди. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 3 баравар, 2024 йилга нисбатан эса 1,5 баравар юқори. Мазкур мақсадлар учун 138,2 млрд сўм ажратилган.

Кафолатланган тарзда бериладиган реабилитация воситалари рўйхати аввалги 18 та номдан 38 тагача кенгайтирилди (2024 йилда +12 та, 2025 йилда яна +8 та).

Мазкур воситаларни олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг 7,3 минг нафарининг расмий бандлиги таъминланди, 5 минг киши таълимга, 1 минг киши эса адаптив спорт турларига жалб этилди.

Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш доирасида “Ижтимоий такси” хизмати, инклюзив таълим гуруҳлари, кундузги парвариш марказлари, адаптив спорт турлари реестри ва янги бандлик платформалари орқали уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech