“Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг Бухоро ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси” МЧЖ узоқ йиллик тарихга эга. Корхона матрас, кўрпа-ёстиқ жилдлари, бўз-ёпинчиқлар ишлаб чиқаради.
Корхонада меҳнат қилаётган 40 нафардан ортиқ ишчининг 25 нафарини ногиронлиги бўлган шахс, хусусан, кўзи ожизлар, кўриш қобилияти паст бўлганлар ташкил этади.
– Ушбу корхонада 1985 йилдан буён ишлаб келаман, – дейди ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Адиз Саидов. – Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати жуда юқори, харидоргир. Сифат даражаси бўйича сертификатга ҳам эга. Аҳил жамоамиз билан биргаликда халқимиз учун зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда ҳиссамиз қўшилаётганидан жуда хурсандмиз.
Айни дамда 800 миллион сўмга яқин даромадга эга корхона жамоаси йирикроқ шартнома келишувларини амалга ошириб, бу орқали иш ўринларини кўпайтириш, қолаверса, ишчиларнинг ойлик маошларини оширишни ҳам мақсад қилган.
Зеро, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаб, уларнинг жамият ҳаётида фаол бўлишига кўмаклашиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 03.05.2024
- Кўришлар: 1593
- Чоп этиш