Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Норвегиялик туроператор Ўзбекистондаги Ипак йўли хазиналарини тарғиб қилмоқда

Норвегиянинг “Elite Trave” туроператори Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини хорижий сайёҳлар орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган “Ипак йўли хазиналари” (Silkeveiens skatter) номли махсус туристик дастурни тақдим этди.

Мазкур туристик дастур Норвегия фуқароларини Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва маданий мероси билан яқиндан таништиришга қаратилган бўлиб, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини қамраб олади.

Тур дастури доирасида сайёҳлар қадимий ва замонавий меъморчилик уйғунлиги, тарихий масжид ва мадрасалар, Буюк ипак йўли даврига оид меъморий ёдгорликлар, шунингдек, ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий объектлар билан танишиш имконига эга бўлади.

Дастурда Ўзбекистоннинг миллий маданияти, анъаналари ва гастрономик меросига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, сайёҳлар маҳаллий оилалардан бирининг хонадонида меҳмон бўлиб, ўзбек миллий таомларини тайёрлаш жараёнида иштирок этади. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорига ташриф буюриб, маҳаллий аҳолининг кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлари ва меҳмондўстлик анъаналари билан яқиндан танишади. Турнинг яна бир ўзига хос жиҳати — унда таниқли халқаро журналист Мортен Странднинг саёҳат раҳбари ва маърузачиси сифатида иштирок этиши турни янада мазмунли ва жозибадор қилишга хизмат қилади.

Ўзбекистонга бағишланган мазкур махсус туристик дастурнинг ишлаб чиқилиши мамлакатимизнинг Скандинавия мамлакатлари туристик бозоридаги жозибадорлиги ортиб бораётганини кўрсатади. Хусусан, Норвегиядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимининг сўнгги йилларда сезиларли даражада ўсиши мазкур бозорда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятига қизиқиш кучайиб бораётганидан далолат беради.

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда Норвегиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 3,6 бараварга ошган.

Бу каби ихтисослаштирилган туристик дастурларнинг хорижий туроператорлар томонидан йўлга қўйилиши Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш, янги туристик оқимларни шакллантириш ҳамда Скандинавия мамлакатлари билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА

Nashr sanasi 17.08.2026 Ko'rishlar 136
Ulashish