Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда бандмисиз?

Ҳуқуқий муносабат

Бугун жамиятимизда инсон ҳуқуқлари ва унинг қадри ҳақида қанчалик кўп гапирилмасин, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмасин, айрим ҳолатларда оддий ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилаётган вазиятларнинг гувоҳи бўламиз. Бу каби ҳолатларга нафақат иш берувчилар, балки ишчиларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини етарлича билмасликлари ва улардан тўлақонли фойдалана олмасликлари ҳам сабаб бўляпти.

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:

– Асосий қонунимизнинг 42-моддасида: ”Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”, дея таъкидлаб қўйилганлиги мамлакатимизда ҳеч бир шахснинг ноқулай меҳнат шароитларида ходимларни ишга жалб қилиш ҳуқуқи йўқ эканлигини билдиради.

Қолаверса, мамлакатимиздаги меҳнат муносабатларини тартибга солиб турувчи асосий қонунимиз яъни меҳнат кодексида ҳам “Ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади“, дейилган.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бирон-бир шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормалари амалга оширилишини назорат қилиш чораларини кучайтириш мақсадида ўз фаолиятини йўлга қўйган. Халқаро қонунчиликда ҳам бу турдаги ҳолатлар учун тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Жумладан, 1930 йилнинг 10 июнида Женевада қабул қилинган “Мажбурий меҳнат тўғриси”даги халқаро конвенциянинг 16-моддасида қуйидагилар белгилаб қўйилган. Жумладан, зўраки ёки мажбурий меҳнатга жалб қилинган шахслар, фавқулодда зарурат ҳолларидан ташқари, овқатланиш шароити ва иқлим шароити одатдаги ҳаёт шароитидан соғликка хавф соладиган даражада ажралиб турадиган ҳудудларга ўтказилмаслиги керак. Меҳнаткашлар шароитга мослашиши учун ва улар соғлиғини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган гигиена ва уй-жой шароитига нисбатан барча чора-тадбирлар қатъий амалга оширилмагунича меҳнаткашларни бундай ўтказишга ҳеч қандай ҳолда рухсат берилмаслиги керак. Агар шундай ўтказишнинг олдини олиш мумкин бўлмаса, ваколатли тиббиёт муассасаси маслаҳати асосида меҳнаткашларнинг янги овқатланиш ва иқлим шароитига аста-секин мослашувини таъминловчи чора-тадбирлар кўрилиши кераклиги тўғрисида маълумотлар берилган.

Юқорида келтирилган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ва маҳаллий ҳужжатларга таянган ҳолда шуни айта оламизки, мамлакатимиздаги барча ишчиларнинг меҳнат шароитига бўлган ҳуқуқлари давлат сиёсати даражасида ҳимоя қилинмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech