10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тантанали маросим "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" мавзуидаги туркум халқаро тадбирлар доирасида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилига доир Давлат дастури ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида «Рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар» мавзусида республика танловини эълон қилганди.
Жорий йил октябрь-декабрь ойларида ўтказилган ушбу танловнинг мақсади инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тадқиқотларни ривожлантириш, шунингдек мамлакат аҳолиси ўртасида инсон ҳуқуқлари маданиятини ривожлантиришдир. Танлов ўн иккита номинация бўйича ташкил этилди.
Танловда 80 нафар иштирокчи ўз ижодий ишлари билан фаол қатнашди. Иштирокчилар тавсия этган материаллар нуфузли ҳайъат томонидан кўриб чиқилди. Шу асосда ғолиблар аниқланди.
Тақдирлаш маросимини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов очиб берди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор танлов иштирокчиларини қутлади.
Танлов ғолибларига тегишли дипломлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.12.2020
- Кўришлар: 3877
- Чоп этиш