Инсон ҳуқуқларига доир янги адабиётлар тақдимоти

10 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2020 йилда нашр этилган янги адабиётлар тақдимоти ўтказилди. Марказнинг анжуманлар залида бўлиб ўтган ушбу тақдимот "Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари" мавзуидаги туркум халқаро тадбирлар доирасида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон Президентининг бундан роппа-роса икки йил олдин, 2018 йил 10 декабрда қабул қилган қарорида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мақсад ва вазифалари белгилаб берилганини қайд этди.

Марказ, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек ноширлик фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланади.

Янги нашрлар ҳақида сўз борганда, авваламбор, 10 декабрь Халқаро инсон ҳуқуқлари куни арафасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан «COVID-19 ва инсон ҳуқуқлари» номли мақолалар тўплами нашр этилганига эътибор қаратиш лозим. 

Тўпламдан 2020 йил июль ойида Тошкент шаҳрида БМТнинг Ўзбекистондаги тузилмалари ваколатхоналари ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг офиси билан ҳамкорликда "Пандемия ва инсон ҳуқуқлари: Ўзбекистон тажрибаси" мавзуида ташкил этилган Миллий мулоқот материаллари жой олган. Шунингдек, унда коронавирус тарқалиши муносабати билан жорий этилган чекловлар шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазиятнинг шарҳига бағишланган мақолалар жамланган.

Бундан ташқари, китобда Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус эпидемиясига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган. Тўпламдан ўрин олган ўзбек, инглиз ва рус тилларидаги мақолаларнинг муайян қисми пандемия инқирози даврида мамлакатда аҳолининг энг ҳимоясиз тоифалари, хусусан, болалар, аёллар, муҳожирлар, маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари таҳлилига бағишланган.

Шунингдек, бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда биринчи марта Асосий қонунимиз Брайл алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди. Ушбу расмий нашр Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан чоп этилди.

Бу эзгу ишда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси яқиндан ёрдам берди. Брайл алифбосида чоп этилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” юртимиздаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга ошириш мақсадларига хизмат қилади.

Бундан ташқари, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун матни ҳам Брайл алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди. Бу янги нашр икки муҳим сана, яъни 8 декабрь Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва 3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунига муносиб совға бўлди.

Ушбу китобларнинг муайян нусхалари, биринчи навбатда, Марказнинг минтақамизда ягона ҳисобланувчи инсон ҳуқуқлари бўйича кутубхонасидан жой олади. Шунингдек, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларига бепул тақдим этилади. Китобларнинг электрон нусхалари эса Марказнинг расмий сайтидаги электрон кутубхонага жойлаштирилади.

Маълумот учун: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2020 йилда 10 дан ортиқ номдаги янги адабиётлар нашр этилди. Қуйида ушбу нашрларнинг рўйхати келтирилмоқда:

  1. Trends in der Entwicklung der Verfassungsentwicklung in Deutschland und Usbekistan=Германия ва Ўзбекистоннинг конституциявий ривожланиш тенденциялари=Тенденции конституционного развития Германии и Узбекистана. – Т.: “Niso Poligraf” нашриёти, 2020.
  2. COVID-19 ва инсон ҳуқуқлари = COVID-19 and Human Rights = COVID-19 и права человека. – Т.: НЦПЧ, 2020. – С. 19–21.
  3. “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун. Т.: Адолат, 2020. (матни Брайл алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди).
  4. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Т.: Адолат, 2020. (матни Брайл алифбосида китоб ҳолида нашрдан чиқди).
  5. Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция: Ўқув-услубий қўлланма. Касбий тайёргарлик масалалари бўйича материаллар тўплами № 19. Т.: Bactria press, 2020.
  6. Маърузалар тайёрлаш ва келгуси фаолиятни амалга ошириш бўйича миллий механизмлар. Халқаро ҳуқуқни ҳимоялаш механизмлари билан давлатларнинг ўзаро самарали муносабати бўйича амалий қўлланма. Т.: Bactria press, 2020.
  7. Инсон ҳуқуқлари бўйича атамалар луғати=Glossary on Human Rights=Словарь терминов по правам человека: / Тузувчилар: М. Тиллабаев, Д. Муратова, Л. Рузикулова ва бошқ.; масъул муҳаррирА.Х. Саидов. – Т.: Baktria press, 2020. –106 б. – «Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси»)
  8. Сайлов ҳуқуқи атамалари луғати = Glossary Of Election Law = Словарь терминов избирательного права / Тузувчилар: М. Тиллабаев, Д. Муратова, Л. Рузикулова ва бошқ.; масъул муҳаррир академик А.Х.Саидов. – Тошкент: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, 2020. – 154 бет. «Инсон ҳуқуқлари кутубхонаси»)
  9. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси = National Human Rights Strategy of the Republic of Uzbekistan = Национальная Стратегия республики Узбекистан по правам человека. Т.: НЦПЧ, 2020.
  10. “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми. Маърузалар, ҳужжат ва материаллар тўплами / Масъул муҳаррир А.Х. Саидов. Т.: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, 2020.
  11. Йўриқнома COVID-19 пандемияси даврида озодликдан маҳрум этиш жойлари мониторинги. Т.: Baktria press, 2020.
  12. «Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали, 1, 2, 3, 4-сонлар.
  13. «Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари» журнали, 1, 2, 3, 4-сонлар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech