21 октябрь – ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб турли маънавий-маърифий анжуманлар ташкил этилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида бўлиб ўтди.
Марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Эркин Эрназаров ва бошқалар ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганидан кейинги 30 йиллик даврда тил байрами илк бор шу қадар юксак даражада, катта эҳтиром ва обрў-эътибор билан ўтказилаётганини таъкидладилар. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қароридан қарори дастуриламал бўлмоқда.
Маълумки, давлат тили сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда халқни бирлаштирувчи қудратли восита саналади. Она тилимиз сўзлашувчилар сони кўплигига кўра, сайёрамизда энг кенг тарқалган 40 та тилдан бири экани ҳам қувонарлидир.
Давлатимииз раҳбари таъбири билан айтганда, “Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”.
Тадбирда Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани эътироф этилди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Шу билан бирнга, Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, келгусида она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини янада кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.10.2019
- Кўришлар: 5579
- Чоп этиш