15 май – Халқаро оила куни
Фуқаролар, оилалар манфаатини ҳимоя қилиш, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир. Сўнгги йилларда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, никоҳ институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ёш оилалар ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий манфаатини ҳимоя қилиш сиёсатининг асосий тамойили, устувор жиҳатларини қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароит яратилди.
“Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида оилалар моддий ресурслар,ижтимоий, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматидан кенг фойдаланиши таъминланмоқда. Гендер тенглик, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда. Амалга оширилаётган сиёсат жамиятга, оила ва никоҳ институтини мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болалик муҳофазасига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жамиятнинг барқарорлиги ва изчил ривожланиши, маънавий қадриятни сақлаб қолиш, бахтли ва соғлом оилавий ҳаёт, болалар туғилиши ва тарбияси учун қулай шарт-шароит яратиш, оилалар ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилишга ёрдам бермоқда.
“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш Маркази (РЖФЎМ) замонавий оилани ривожлантиришни ҳар томонлама ўрганиш доирасида ҳар йили оилавий ички, шахслар аро муносабат, умр йўлдоши, ота-она ва бола, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабат мониторингини олиб боради, оила ва никоҳни ривожлантириш институтини тавсифловчи асосий тенденцияларни қайд этади.
15 май – Халқаро оила куни муносабат билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Ўзбекистонликлар оила тўғрисида: асосий қараш ва устуворлик” мавзусида тадқиқот ўтказди. Сўровда мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси иштирок этди.
Жамоатчилик сўрови оила болаларнинг туғилиши ва тарбияси, қадриятлар ва хулқ-атвор меъёрлари авлоддан-авлодга ўтиши амалга ошадиган асосий ижтимоий институт эканини тасдиқлайди.
Оила ўзбекистонликлар фикрича, аъзоларнинг ҳиссий ва моддий эҳтиёжини қондириш, барқарорлик ва қўллаб-қувватловни таъминлаш каби қатор вазифаларни бажаради. Фуқароларнинг оила ва никоҳга бўлган муносабати сўнгги вақтда сезиларли ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Бу ҳар бир шахс, жамият ва умуман давлат учун оиланинг роли ва аҳамияти ҳақидаги тасаввур ва фикрга таъсир кўрсатмоқда.
Сўров натижасига кўра, оиланинг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз аҳолиси тасаввурида фарзандларни дунёга келтириш, уларга ғамхўрлик қилиш ва тарбия бериш, насл-насаб давомийлигини таъминлаш экани ойдинлашади.
Оила ёш авлод тарбиясида етакчи роль ўйнайди, айнан шу маконда шахснинг шаклланиши, умумэътироф этилган хулқ-атвор меъёри, маънавий қадрият ва анъаналар ота-онадан болага ўтиши юз беради. Зарур кўникмани ривожлантириш ва ҳаётга мослашишга ёрдам берадиган оилада инсон мулоқотга, ўзаро ҳамжиҳатликка ўрганади.
Респондентлар фикрича, соғлом жамият авлоддан-авлодга ўтадиган юксак маънавий-ахлоқий тамойил, қадрият ва анъанага эга кучли, бахтли, маънавий барқарор оилалардан таркиб топади.
Оила билан содир бўлаётган ўзгаришларни, оила аъзоларининг ўзаро муносабати модернизация қилинаётганини фуқароларнинг ўзлари ҳам ҳис қилмоқда. “Сўнгги 10 йилда оила ижтимоий тузилма сифатида ўзгардими?” деган саволга аксарият - 65,2 фоиз ҳамюртимиз ижобий жавоб берди ва замонавий оилалар мустаҳкам ҳамда барқарор бўлиб бораётганига ишонч билдиршди. Сўралганларнинг ҳар бешинчиси қарама-қарши фикрда бўлиб, давом этаётган ўзгаришларни салбий баҳолади.
Сўров давомида оила қуриш учун зарур бўлган мажбурий шартлар аниқланди. Иштирокчилар таъкидлашича, бўлажак умр йўлдошига нисбатан меҳр-муҳаббат оила қуриш учун энг муҳим омил. Никоҳга кираётган ёшларнинг руҳий-ҳиссий мутаносиблиги оилани шакллантиришнинг зарур шартлари орасида иккинчи ўринда туради. Респондентлар фикрича, руҳий хусусият ва феъл-атвор мос келиши эр-хотиннинг уйғунлиги ва никоҳдан қониқишини таъминлайди, кўп йил давомида муносабатни сақлашга имкон беради.
Шунингдек, кўпчилик замонавий дунёда моддий мустақиллик, барқарор, доимий иш ёки даромад манбаи оила қуриш ёки ёшлар никоҳга киришининг асосий шартларидан бири эканига ишонадилар.
2023-2024 йилларда ўтказилган мониторинг тасдиқлашича, никоҳга киришнинг асосий шарти барқарорлашмоқда. Умуман, жуфтликлар севги-муҳаббат, маънавий яқинлик ва руҳий мутаносиблик асосида оила қуришга эътибор қаратмоқда. Айни пайт никоҳга кираётган шахслар учун моддий мустақиллик ва барқарор даромад мавжудлиги муваффақиятли ва фаровон оилавий ҳаётнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Сўров эркак ва аёлларнинг оила қуриш учун қандай шароит зарурлиги ҳақидаги фикрида мавжуд фарқларни аниқлади.
Эркак учун моддий мустақиллик устувор, фақат барқарор, яхши ҳақ тўланадиган иш ёки доимий даромад мавжуд бўлган ҳолдагина оила қуриш мумкин. Ўзаро севги-муҳаббат мавжудлиги оила қуришнинг иккинчи муҳим шарти, бусиз оила қуриш мумкин эмас.
Аёл учун оила қуришда икки ёш ўртасидаги муҳаббат ва ҳиссий ришталар мавжудлиги энг муҳим шарт. Умр йўлдоши билан руҳий-ҳиссий мутаносиблик оила қуриш учун зарур таркибий қисмнинг иккинчисидир.
Тадқиқот Ўзбекистон жамиятида оила қуриш ва никоҳ иттифоқини тузиш борасидаги анъана ва урф-одат кучли эканини тасдиқлади. Сўралганларнинг аксарияти, яъни 43,9 фоизи бўлажак эр-хотин ота-онанинг ушбу жараёнда бевосита ва тўғридан-тўғри иштироки оилани яратиш учун мақбул вариант сифатида қайд этди. Ҳаётий тажрибага эга ота-она ўз фарзанди феъл-атвори ва хусусиятини билганлиги учун унга умр йўлдоши танлашда ижобий ўрин тутади.
Ушбу мураккаб масалада идеал муносабат ҳақидаги ҳис-туйғу ва тасаввурга эътибор қаратиб, ёшлар ўз оиласини мустақил равишда яратиши кераклигига амин бўлган фуқаролар улуши 41,8 фоизни ташкил қилди. Улар таъкидлашича, фақат ўз ҳаётий тажрибаси, қарори ва ҳатти-ҳаракати учун масъулият ҳисси ёшлар турмуш ўртоғи танлаш ва оила қуришга онгли равишда ёндашувига ёрдам беради.
Сўров шуни кўрсатдики, юртимизда оилавий ажралишнинг энг кенг тарқалган сабабларидан бири – эр-хотин феъл-атвори мос келмаслиги ва дунёқараши ҳар хиллиги. Бундай номутаносиблик тушунмовчилик, келишмовчилик, жанжал ёки оилавий низога олиб келади, деб ҳисобланади. Оилавий ажралишларнинг иккинчи энг кенг тарқалган сабаби сифатида респондентлар иқтисодий вазият беқарорлиги билан боғлиқ муаммо ва ўз моддий аҳволидан қониқмаслик ҳиссини келтирган. Энг кўп никоҳ бузилишига олиб келадиган омиллар орасида маиший муаммо учинчи ўринда. Умр йўлдошининг хиёнати ва эр-хотин ҳаётига қариндошлар аралашуви ҳам ажралишнинг муҳим сабаблари қаторига киритилди.
Сўров натижасига кўра, фарзанд учун асосий масъулият ота-она зиммасида: 92 фоиз ўзбекистонлик фарзанди тарбияси ва камолоти, уни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун масъул эканига ишончи комил. Фарзанд маънавий-ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, энг яхши инсоний фазилатларни шакллантириш ва жамиятнинг муносиб аъзосини тарбиялашни ўзбек ота-оналари асосий мажбурият, деб билади.
Фуқароларимиз фикрига кўра, ота-онанинг фарзанд олдидаги устувор мажбуриятларидан бири – таълим олиш учун қулай шарт-шароит яратиш, респондентлар таъкидлашича, фарзанд замонавий меҳнат бозорида талабгир бўлган муносиб касбга эга бўлиши учун ота-она барча зарур чорани кўриши зарур.
Умуман, телефон орқали ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови оила ўзбекистонликлар учун ноёб ва ўзгармас қадрият эканини исботламоқда. Фуқаролар ўз ҳаётини оила, севги, фарзанд, никоҳ ва қариндошлик муносабатисиз тасаввур қила олмайди. Жамоатчилик фикрига кўра, оила Ўзбекистон фуқароларининг асосий ҳаётий қадрияти, жамиятнинг маънавий пойдевори, маънавият ўчоғи, миллий анъана ва урф-одатлар посбони, муносиб авлод тарбияси ва ижтимоий тажриба авлоддан-авлодга узатилишини таъминловчи энг муҳим ижтимоий институт бўлиб қолмоқда.
Мақола “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда тайёрланди.
ЎзА
- Қўшилди: 16.05.2024
- Кўришлар: 1766
- Чоп этиш