Ўзбек хотин-қизлари ютуқлари замирида яширин қувват сири бор ёхуд чархпалак айланиб, яна чўмичимиз сувга тўлиб келаётгани ҳақида

Қирқ йилда қир, эллик йилда эл янги, деган гап бор. Ана шундай янгиланиш фаслида тарози палласи қай томонга оғишини олдиндан айтиб бўлмайди. Аммо уни жамиятнинг ахлоқига қараб тахмин қилиш мумкин. Демак, ўзгаришлар жараёнида халқларни ахлоқ, эътиқод сақлаб қолади, десак бўлади.

Аёлнинг ахлоқи бутун жамият ахлоқини белгилайди. Чунки аёл — тарбиячи! Айтишларича, она ўғлини курашда йиқитган полвонни бориб кўрмоқчи бўлибди. Манзилга боргач, ўзидан жуссаси анча катта, салобатли аёлга рўбарў келибди. Билса, ўша аёлнинг ўғли курашда ғолиб бўлган экан. Фарзандининг мағлубиятини тан олгиси келмай йўлга чиққан аёл рақиб полвоннинг онасини кўргач, ортига қайтибди. Чунки онага қараб ўғилга бемалол баҳо бериш мумкин.

Шу боис, халқимиз “Алп онадан, тулпор биядан”, дейди. Яъни алплик онага боғлиқ. Бола аёл вужудида шаклланади. Шунинг учун жамиятда аёлнинг ўрни жуда муҳим.

 

Аёлнинг жамиятимиздаги ўрни

 

Жамиятимизда аёллар ҳамиша алоҳида ўрин тутган. Маҳаллаларда эркаклар оқсоқол бўлган. Муҳим қарорларни улар қабул қилган. Шу орқали инсонларни тўғри йўлга бошлаган.

Аммо шунда ҳам аёлларнинг ақли биринчи ўринда турган. Улар таъсир кўрсатиш кучига эга бўлган. Масалан, Амир Темур фаолиятида Бибихоним ҳал қилувчи қувватга эга эди. Шундай вақт бўладики, Амир Темур атрофидаги айрим саркардалар унинг сўзларига тўла амал қилмай қолади. Саркардалар йўлини топиб, ўз билганича иш тутаверади. Бу Амир Темурни ташвишга солади, қандай йўл тутиш ҳақида ўйлайди. Шунда у Бибихонимнинг ёнига ишончли одам жўнатади. Мақсад шу вазиятдан чиқиш учун маслаҳат сўраш эди. Аммо Бибихоним чопарга маслаҳат маъносида ҳеч гап айтмайди. Фақат унинг гапини тинглаб бўлгач, боққа олиб кириб, қариган дарахтларни кўрсатади. Булар хизматини ўтаб бўлган, ўрнига бошқа дарахт экиш керак, деган мазмунда гап айтади.

Амир Темур чопардан бўлган ҳодисани эшитиб, кутган жавобини билиб олади ва кекса саркардаларни ёшларга алмаштиради. Кўр­япсизми, Бибихоним қандай зукко бўлган! У нафақат тўғри маслаҳат берган, балки ўша гапни бошқалар билмайдиган йўсинда Амир Темурга етказа олган.

Ўзбек аёллари доим шундай ақлли бўлган. Буни эпос ҳам исботлайди. “Алпомиш”да ҳам аёллар салтанат ишларида муҳим ўрин тутиши бекорга эмас. Оилада ҳам эркак ташқарининг, аёл ичкарининг одами, дейилади. Яъни эркак ташқаридан ҳал бўладиган ишларни бажаради, рўзғорни бутлайди, бошқалар билан тўғри муносабат ўрнатади. Аёл эса ичкарида туриб, ташқаридаги ишларда эркакка ёрдам, маслаҳат беради.

“Алпомиш” достонида аёл эрнинг вазири бўлмайдими, деган гап бор. Бу аёл эрга маслаҳат берувчи, қилаётган ишининг яхши-ёмонини кўрсатувчи, дегани. Чунки аёлларда интуиция яхшироқ ишлайди.

Бу гапларни бугунимизга боғласа бўладими, деб сўрашингиз мумкин. Албатта, генофонддаги қувват авлодларга қон орқали ўтиб боради. Ўзан қанча катта бўлса, шунча кўп сувни сиғдиради.

Тоғларга чиқсангиз, катта даралар бор. Синчиклаб ўргансангиз, бир замонлар ўша ерда тўлиб сув оққан бўлади. Табиат чархпалак каби айланишига, кун келиб ўша ўзан яна тўлиб оқишига ишонаман.

Энди тасаввур қилинг, кичик дарага катта сел келса нима бўлади? Бундай ўзан катта оқимни удда қила олмайди. Оққан дарё ­оқаверади, дегани шу. Миллатнинг генофондидаги қувват катта ўзанга ўхшайди. У муай­ян вақтларда қуриб қолгандай, ўзлигини йўқотгандай кўринади. Лекин чархпалак айланиб, чўмичи яна сувга тўлиб чиққани каби миллат ҳам юксалиш палласини такрорлайди. Ўша чархпалак текис айланиши учун ташқи таъсирлар унга халал бермаслиги керак. Яъни миллат ўзлигига қайтиши учун қулай шароит ҳам муҳим.

Масалан, Диёра Келдиёрова Париждаги Олимпиадада олтин медални қўлга киритди. Яна бир қизимиз Райёна Иброҳимова немис тили бўйича жаҳон олимпиадасида олтин медални олди. Умуман, бундай ютуқларни жуда кўп санаш мумкин. Бу эса қизларимизнинг генидаги қувват уйғонганини билдиради. Диёранинг рақибига важоҳат билан ташланиши ўз-ўзидан содир бўлмади деб ўйлайман. Унда генетик хотира уйғонди. Қизларимиз Бибихоним, Барчинойларнинг авлоди эканини кўрсатди.

Генетик хотира уйғониши қизиқ ҳодиса. Уни мана шундай бўлгани учун уйғонди, деб аниқ айтиш мушкул. Лекин муайян сабабларни санаса бўлади. Масалан, генетик хотира машқ вақтида ҳам уйғонади. Дейлик, умрида отга яқин келмаган одам эгардан оёқ ошириши билан отни бемалол миниб кетавериши мумкин.

Баъзи усталар ҳеч кимдан ҳунар ўрганмасдан, ўзидан-ўзи уста бўлиб кетади. Гоҳида биз буни истеъдод деб айтамиз. Аслида, бундай вазиятда генида бор жиҳатлар уйғонган бўлади. Илм ҳам, фикр ҳам худди шундай. Агар ота-боболар илмли бўлса, авлодлар муайян муддат илмдан узоқлашса ҳам барибир бир куни асл ўзанга қайтади. Биз ана шундай катта ўзанга эга халқмиз. Шунинг учун турли соҳада истеъдодли одамлар кўп.

Генетик хотира баъзан ташқи таъсир билан уйғонади. Булар сунъий таъсир. Аммо табиий уйғонишида тарбиянинг, ўқишнинг ўрни муҳим. Бу иккиси жамиятдаги муҳитга боғлиқ. Бугун одамларимиз ўқиб-ўрганишнинг аҳамиятини тушуниб етди. Ёшларнинг илм ­олиши учун етарлича имконият бор. Булар вақти-соати билан натижасини кўрсатиши керак. Чунки юқорида айтганимиздай, генетик хотира ўқиб-ўрганиш натижасида очилиб боради.

Лойқа босган булоқнинг кўзи очиб юборилганида сув отилиб чиқади. Бунинг учун ёпиқ булоқни тозалаш керак. Булоқ кўз очиши учун жамиятда, мамлакатда шунга яраша имконият яратилган бўлиши лозим. Тўғри, оғир вазиятдаги жамиятларда ҳам бир-бир истеъдодлар бўй кўрсатади. Аммо улар жуда кам бўлади.

Негаки бундай жамиятда генетик хотира уйғониши учун озгина рағбат бўлса, ўзини кўрсата оладиган юзлаб ёшларнинг қуввати ҳавога учади. Улардан энг кучлиларигина лойқа босган кўзни очиб чиқа олади. Шунинг учун тарбияга жиддий қараш, барча соҳаларга бирдек эътибор бериш керак. Ўшандагина генетик хотира уйғонишига кўпроқ имкон берилади. Мамлакат ҳамма йўналишда бирдек ривожланади. Масалан, Диёра қизимиз ҳам машқ қилмаганида, қувватини бир жойга йиғиб, ният билан Олимпиадага бормаганида, ундаги генетик хотира уйғонмаслиги мумкин эди. Демак, бу ерда жамиятда яратилган шароит ҳам муҳим.

 

Ўзбек аёллари бошқалардан қай жиҳатдан ажралиб туради?

 

Фолкьлор таъсирида ўйлашимча, менталитетдан келиб чиқиб, халқлар бир-биридан фарқланади. Бизнинг халқ очиқ (берувчи) ҳисобланади. Айрим халқлар эса ёпиқ (ютувчи) бўлади. Ютувчилар меҳрини ташқарига чиқаради, ғазабини ичига ютади. Берувчи халқ эса қаҳрини чиқаради, меҳрини ичида сақлайди. Шунинг учун ўзбек ўз яқинига муҳаббатини изҳор қилмайди, лекин қаҳрини очиқ айтади. Бу белги, биринчи ўринда, аёлларда намоён бўлади. Ўзбек аёли сабрли, жуда кўп синовларга чидайди. Лекин оғир тош кўчса, тоғни ўпириб кетади. Шунинг учун бу сабрни тушуниш, уни охирги чорагача олиб бормаслик керак.

Сабрни тобе бўлиш, шунчаки жим бўлиш сифатида тушунмаслик зарур. Сабр жуда кенг тушунча, унинг замирида гоҳида меҳр ҳам, уруш ҳам бўлади. Айниқса, у бутун бир халқнинг сабри бўлса. Шунинг учун жамият, халқ ҳақида гап кетганида, бирдан хулоса қилиб бўлмайди.

Масалан, айримлар бир пайтлар ёвқур бўлган миллатимиз ҳозир пассив бўлиб қолди, дейди. Бу худди қишни ёмонлагандай гап. Қиш — йиғиниш фасли. Одамлар йиққанни эмас, сарфлаганни кўради. Биз ҳозир йиғинишнинг охирида турибмиз, сарфлашга чиқяпмиз.

Туркий халқларнинг бирлашаётгани бекорга эмас. Юқорида айтганимиз, чархпалак айланиб, яна чўмичимиз сувга тўлиб келяпмиз. Диёра, Райёна каби қизларимизнинг чиқиши буни исботлайди. Зеро, юқорида айтганимиздай, жамият тақдири унинг ахлоқига, ахлоқ эса аёлларга боғлиқ. Уларнинг истиқболини эса муайян маънода жамиятнинг хотин-қизларга эътибори белгилайди.

Шомирза ТУРДИМОВ,

филология фанлари доктори

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech