Ўзбекистон минтақада парламентлараро дипломатия марказига айланмоқда

Муносабат

Айни кунларда дунё давлатлари ҳамда халқаро ташкилотлар, нуфузли ва етакчи оммавий ахборот воситалари нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган. Сабаби, жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкент шаҳри тарихий ва геосиёсий жиҳатдан муҳим халқаро сиёсий майдонга айланади. Бу санада Ўзбекистон пойтахтида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси бўлиб ўтади. Ушбу тадбир нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилаётган энг йирик парламентлараро анжуман сифатида муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу Парламентлараро иттифоқ 1889 йилда ташкил этилган бўлиб, дунёдаги қонун чиқарувчи органларнинг энг йирик ва нуфузли халқаро тузилмасидир. Унга 180 дан зиёд мамлакат аъзо бўлган, шунингдек, 15 та минтақавий парламент ва 15 та кузатувчи ташкилот фаолият юритади. Унинг асосий мақсади – демократияни мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва глобал муаммолар бўйича ҳамкорликни кучайтиришдир.

Ўзбекистон 1992 йилда Парламентлараро иттифоқга аъзо бўлган, 2017 йилда аъзолик фаолиятини қайта жонлантирди. Шундан буён Ўзбекистон парламентининг халқаро фаоллиги ортди, қонунчиликда очиқлик ва парламент назорати кучайди.

Тошкентдаги 150-юбилей Ассамблеянинг асосий мавзуси “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати” деб номланган бўлиб, тадбир доирасида камбағалликни қисқартириш ва тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва парламент назорати, ижтимоий инклюзия ва имкониятлар тенглиги, барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳамда ёшлар, аёллар ва ижтимоий заиф гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, кун тартибида кўриб чиқилиши режалаштирилган барча масалаларда сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ижобий ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Буни иқлим ўзгариши, барқарор ривожланиш кўрсаткичларига эришиш, ижтимоий ҳимоя, давлат бошқарувида парламентнинг ўрни ва ролини ошириш каби ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида ҳам ушбу вазифаларни амалга оширишга оид бир қатор мақсад ва кўрсаткичлар белгиланган.

Айни вақтда бу мавзулар жаҳон миқёсида ҳам долзарб бўлиб, Ассамблея муҳокамалари глобал сиёсий ёндашувларни шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Қолаверса, Тошкентда ўтказиладиган Ассамблеянинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё тараққиёти учун ҳам аҳамияти юқори.

Жумладан, Тошкентда бундай йирик форумнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги сиёсий нуфузини мустаҳкамлайди. Бу мамлакатнинг очиқлик ва ҳамкорлик сиёсатини амалда намоён этади. Марказий Осиёда биринчи марта ўтаётган Парламентлараро иттифоқ ассамблеяси Ўзбекистоннинг минтақада парламентлараро дипломатия марказига айланаётганидан далолат беради. Тадбир орқали миллий парламентимиз фаолиятининг халқаро стандартларга мослашишига, қонунчилик жараёнларида шаффофлик ва жамоатчилик назоратининг кучайишига туртки берилади.

Шунингдек, ушбу нуфузли тадбирнинг иқтисодиёт ва туризм салоҳиятидаги ўрни ҳам юқори. Минглаб делегатлар ва меҳмонларнинг ташрифи орқали мамлакатдаги сервис соҳаси, логистика, туризм ва меҳмонхона бизнеси фаолияти жадаллашади. Форум доирасида ёшлар парламентлари, аёл депутатлар ва турли фуқаролик жамиятлари иштирокида алоҳида сессиялар ташкил этилади. Бу ижтимоий тенглик ва инклюзив сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Умуман олганда, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Ўзбекистон учун халқаро сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланишда муҳим босқич бўлади. Бу тадбир нафақат миллий парламентаризмни ривожлантириш, балки минтақадаги барқарорлик, адолат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис ушбу анжуман тарихий воқеа сифатида юксак баҳоланмоқда ва унинг натижалари халқаро майдонда катта аҳамият касб этади.

 

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: