Ўзбекистон Қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича минтақавий экспертлар кенгаши йиғилишини ўтказади

Жорий йил 14 май куни Тошкентда Қуролли можаролар ҳудудидан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий Осиё минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

Минтақавий экспертлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 3-4 март кунлари Тошкентда ташкил этилган юқори даражадаги “БМТ глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорлиги” халқаро конференциясида илгари сурилган ва халқаро шериклар томонидан кенг кўламда қўллаб-қувватланаётган ташаббус доирасида ўтказилмоқда.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ), Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Оила ва аёллар масалалари қўмитаси, шунингдек БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ (МОПДММ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Минтақавий экспертлар кенгашининг илк йиғилишида Марказий Осиё давлатлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар – БМТ ва ЕХҲТнинг юқори мартабали мансабдор шахслари, шунингдек қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш, ҳусусан жиноий ҳаракат содир этишда гумон қилинаётган шахсларни жавобгарликка тортиш соҳасидаги мутахассислар иштирок этади.

Анжуманнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби ўринбосари –Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков, Бош котибнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, МОПДММ раҳбари Каха Имнадзе, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Aксилтеррор қўмитаси ижроия директорати раҳбари вазифасини бажарувчи Вэйсун Чен, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон делегациялари раҳбарлари нутқ сўзлаши кутиляпти.

Тадбирда кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар, жумладан МДҲ Aксилтеррор маркази, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, ОҲИЧК Котибияти, ИҲТ Парламентлараро иттифоқи, КХШТ ва БMT тузилмалари, хусусан Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси, Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссар бошқармаси юқори даражали вакиллари иштироки режалаштирилган.

Конференция қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш ҳамда минтақадаги давлатлар ҳамкорлигини институционаллаштириш соҳасида Марказий Осиё давлатлари ўзаро тажриба алмашиши учун ўзига хос майдонга айланади. Давлатларимизнинг мустаҳкам жипслашиш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминланиш учун масъулиятни биргаликда зиммасига олишга тайёрлигини яна бир бор намойиш этади.

Дастурга мувофиқ, “Репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилишга давлат томонидан ва умумий ижтимоий ёндашувнинг аҳамияти”, “Маҳаллий жамоалар ва жамоат ташкилотларининг соҳадаги ўрни” каби муҳим мавзуларда секциялар ташкил этилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech