Ўзбекистон ва Франция: тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик

Ўзбекистон  ташқи сиёсати доирасида Европа мамлакатларини иқтисодиёт, сиёсат соҳасидаги лойиҳаларни ва гуманитар  ташаббусларни амалга оширишда муҳим стратегик шериклар деб билиб, улар билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда. Бу жараёнда Франция алоҳида ўрин тутади.

Икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик  фаол сиёсий-дипломатик  мулоқот ҳамда савдо-инвестициявий  ҳамкорликни ривожлантириш ва  таълим, фан соҳаларидаги  алмашинувни мустаҳкамлашдаги кенг имкониятлар билан ажралиб туради. 

Ўзбекистон  ва Франция ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг тарихий илдизлари соҳибқирон Амир Темур ва қирол Карл VI нинг эркин савдони йўлга қўйиш йўлида  шерикликка асос солган XIV аср бошларига бориб тақалади. Ҳар икки  мамлакат архивларида сақланаётган маълумотлар етакчиларнинг сиёсий муносабатларни  мустаҳкамлашга бўлган истагидан далолат беради.  Қирол Карл VI нинг шарқ бўйичи сиёсатини  қўллаб-қувватлаган Амир Темур тижорий алоқаларни ривожлантириш ва савдогарларни ўзаро  қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаган. “Дунё савдогарлар туфайли гуллаб-яшнайди”, деб қайд этган саркарда.

Дўстлик, ҳамжиҳатлик ва иқтисодий ҳамкорликка бўлган бундай интилиш асрлар давомида  сақланиб қолди.  Ўзбекистон мустақилликка эришгач,  бу муносабатлар янгича  суръатда ривожланди ва бу Франция билан кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлашда ўз ифодасини топди. 

Ўзаро ҳамкорликнинг тарихий илдизлари Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари этиб сайланиши билан ўзига хос динамика касб этган замонавий мулоқот учун мустаҳкам пойдевор яратди.

Эътиборлиси, Ўзбекистон етакчиси илк Европа ташрифини айнан Францияга амалга оширди. Ушбу дипломатик қадам қатор  ҳукуматлараро келишувлар имзоланиши билан  якунланган ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очди. 

Бугун ҳар икки мамлакат очиқлик ва прагматизмни намоён этишмоқда,  сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, инвестициявий, энергетика, технологик ва маданий-гуманитар йўналишларни ривожлантиришда фаол ҳамкорлик қилишмоқда.  Бундай ҳар томонлама  ёндашув замонавий  таҳдидлар  жавоб берадиган ва умумий тарихий меросга таянадиган ўзаро манфаатли шерикчиликка бўлган интилишдан далолатдир. 

34 йиллик дипломатик муносабатлар даврида икки мамлакат ўртасида олтита ўзаро давлат  ташрифлари бўлиб ўтди, уларнинг ярми сўнгги 7 йилда амалдаги етакчилар даврига тўғри келди. Бу давр Президент Шавкат Мирзиёевнинг Парижга 2018  ва 2022 йилларда иккита ташрифи ҳамда Президент Эммануэл Макроннинг 2023 йилда  Тошкентга амалга оширган ташрифи билан ажралиб туради. Юқори даражадаги учрашувлар динамикаси  алоқаларнинг сезиларли даражада мустаҳкамлангани ҳамда ҳамкорликни  ривожлантиришдан ўзаро манфаатдорликдан далолат беради. 

Давлатлар раҳбарлари саммитлари билан бирга икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ва  парламентлари раҳбарларининг  мунтазам учрашувлари ҳам ўтказилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида “Ўзбекистон-Франция” дўстлик гуруҳи  парламентлараро ҳамкорликнинг  муҳим воситасидир. 

Франция Сенати  Миллий ассамблеясида “Франция – Марказий Осиё” парламентлараро гуруҳи фаолият юритади. Бундай кўпқиррали ҳамкорлик  сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга  хизмат қилмоқда. 

 Ўзбекистон ва Франция муносабатларининг изчил ривожланиши савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда  кенг истиқболларни очади. Ўзбекистонда француз капитали иштирокида 50 та корхона  фаолият юритмоқда, уларнинг ярми  франциялик сармоядорларга тегишли. 
Франция бизнесининг иштироки республикамиз иқтисодиётининг коммунал хўжалик (Veolia, Suez, Eiffage), энергетика, жумладан  “яшил” энергетика  (EDF, Total Eren, Voltalia, Orano), озиқ-овқат саноати  (Lactalis) каби муҳим  соҳаларида айниқса сезиларли. 

Франция компанияларининг турли соҳалардаги фаол иштироки  уларнинг ўзбек бозорига бўлган қизиқиши ортаётганини  кўрсатади ҳамда  мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришда ишончли асос  яратади. 

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича  Ҳукуматлараро комиссия ва  Ўзбекистон-Франция  Савдо палатаси  икки томонлама алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим механизмлари ҳисобланади. 

 Ҳозирги кунда 1,07 млрд евролик  бюджетга эга 2023–2025 йилларга мўлжаллаган  Ҳамкорлик дастурини амалга ошираётган Франция  тараққиёт агентлиги муҳим ҳисса қўшмоқда. 

Қўшма бизнес-форумлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда  муҳим роль ўйнайди. Уларнинг биринчиси 2023 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган эди. Унда  60 та француз компаниялари иштирок этишган. Иккинчи бизнес-форум 2024 йил май ойида Тошкентда ўтказилди, унда Франциянинг  20 компанисининг 53  нафар вакиллари, жумладан, "SUEZ" и "Airbus Europe" топ-менеджерлари қатнашдилар. Бизнес-форум якунлари бўйича  жорий йил 30 январь куни пойтахтимизда  иқтисодий ҳамкорликка оид қатор келишувлар имзоланди. 

Ушбу учрашувларнинг натижалари Ўзбекистон ва ЕИ  ўртасидаги ҳамкорлик келишуви билан яратилган қулай шарт-шароит билан мустаҳкамланмоқда. Ҳужжатга кўра, Франция билан энг кўп қулайлик режими  ўрнатилган. Бу сўнгги беш йил ичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг беш баробар ошишига ёрдам берди ва бу кўрсатгич 2024 йилда 1,1 миллиард долларга етди.  Машинасозлик ва табиий ресурсларни қазиб олиш каби соҳаларни қамраб олган жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели миллиард евродан ошади. 

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг жадал ривожланиши билан бирга, маданий-гуманитар  соҳалардаги ҳамкорлик ҳам фаол кенгаймоқда.  Сўнгги 7 йилда турли соҳаларда  50 дан ортиқ  келишувлар имзоланди: туризм, археология, дизайн, мода, лингвистика, таълим, бизнес-менеджмент, соғлиқни сақлаш ва спорт йўналишлари шулар жумласидандир. 

Келишувлар самаралари айниқса туризм  соҳасида жуда сезиларли: сўнгги икки йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган франциялик сайёҳлар сони  йилига 20 минг кишига яқинлашди. 

Айни вақтда, мамлакатимизда француз  тилини ўрганиш ҳам  фаол ривожланмоқда. Бугунги кунда  189 минг нафар мактаб ўқувчилари ва  олий ўқув юртлар талабалари француз тилини яхши ўзлаштирганлар. Бу маълумотлар маданий алоқалар ва ўзаро қизиқиш мустаҳкамланиб, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун  асос яратаётганидан далолат беради. 

“Франция Альянси” бошчилигидаги маданий марказлар мамлакатлар ўртасидаги  ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Франция ҳудудида Абу Али ибн Сино ва  Мирзо Улуғбек шарафига ўрнатилган ҳайкаллар ушбу Европа давлатида  минтақамиз  тарихий меросига бўлган  ҳурмат ва қизиқишдан далолатдир. 

Ҳамкорлик алоқалари шунингдек, Руэй-Мальмезон  ва  Тулузадаги “Ўзбек боғлари” каби  қўшма  лойиҳалар туфайли ҳам мустаҳкамланмоқда. 

Республикамиз санъати ва тарихига бағишланган  кўргазмалар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди. 2022–2023 йилларда муҳим маданий тадбирлар, жумладан, Луврда  “Ўзбекистон воҳалари хазинаси”, Араб дунёси институтида  “Самарқандга йўл” ҳамда ЮНЕСКО бош қароргоҳида  “Абу Райҳон Беруний” кўргазмалари бўлиб ўтди.  Бу намойишлар  бой тарихий меросимизни  очиб бериш билан бирга, икки давлат ўртасидаги яқинликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. 

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкин, Ўзбекистон ва Франция муносабатлари тикланиш даврини бошдан кечирмоқда. Тошкентнинг ҳам Ўзбекистонда, ҳам  бутун Марказий Осиё минтақасида ҳалқаро ҳамкорларни  кенг жалб қилишга қаратилган очиқ ва прагматик  ташқи сиёсати  Франция билан муносабатларни  сифат жиҳатидан янги босқичга  кўтариш учун қулай шароитлар  яратмоқда. 

Шариф Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

 Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Бош илмий ходими 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech