Ҳозирда республика аҳолисининг 77,1 фоизига ичимлик суви таъминоти кўрсатилаётган бўлиб, 10 фоиз (3,6 млн) аҳоли транспортларда етказиб бериладиган ичимлик суви билан таъминланяпти.
Ўзбекистонда ичимлик сувини транспортда етказиб бериш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжатда айтилишича, ҳозирда республика аҳолисининг 77,1 фоизига ичимлик суви таъминоти кўрсатилаётган бўлиб, 10 фоиз (3,6 млн) аҳоли транспортларда етказиб бериладиган ичимлик суви билан таъминланмоқда.
Етказиб берилаётган ичимлик сувининг манбаси ва транспорт воситаси, ундаги сув сиғимининг санитар талабларга жавоб бериши ноаниқ бўлиб, бу ҳолатда аҳолига етказиб берилаётган ичимлик суви давлат стандартларига жавоб бериши масаласи ноаниқлигича қолмоқда.
Бундан ташқари, ушбу масала тартибга солинмаганлиги сабабли бир қатор фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда ҳар хил сиғимларда ичимлик суви етказиб сотиш ишлари амалга оширилиб, «соядаги иқтисодиёт» вужудга келмоқда.
Юқоридаги салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, транспортда ичимлик сув етказишнинг асосий талаблари 2022 йил 24 октябрда кучга кирган «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариш тўғрисида»ги қонун 10-бобида ёритилган бўлиб, қарорни қабул қилиш орқали транспортда сув етказиб реализация қилишнинг барча босқичлари тартибга солиниши белгиланмоқда.
Хусусан, ичимлик сувини транспортда етказиш ва реализация қилиш фаолиятини юритиш, транспортларга ва фаолият юритувчи ходимларга қўйиладиган талаблар, ичимлик суви қуйиш шохобчалари фаолияти ва уларда транспортларга ичимлик суви қуйиш, ичимлик сувини транспортда етказиш ва реализация қилиш, ичимлик сувини транспортда етказиш кафолатлари, хизмат кўрсатувчи ва харидорлар ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Лойиҳани қабул қилиш орқали эришиладиган натижалар:
- қарорни қабул қилиш орқали аҳолига транспорт воситаларида хавфсиз ва сифатли ичимлик сувини етказиб бериш кафолатлари яратилади;
- ушбу фаолият турини амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларига имкониятлар яратилади ва ўзбошимчалик билан давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда ҳар хил сиғимларда ичимлик суви етказиб сотиш ҳолатларига чек қўйилади;
- ичимлик суви транспортда етказиб бериладиган 3 млндан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.
Kun.uz
- Қўшилди: 07.03.2024
- Кўришлар: 1847
- Чоп этиш