Самарқанд шаҳрида давом этаётган Осиё хотин-қизлари форумида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг юксак сиёсий иродаси туфайли хотин-қизларнинг манфаатлари, гендер тенгликни таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлиги масалалари сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бирига айлангани эътироф этилди.
Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева мана шу сиёсат туфайли ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётда, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайганини қайд этди.
Соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди, сўнгги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Гендер тенглик сиёсатини тўғри йўлга қўйиш ва унинг тўлақонли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2030 йилга қадар мўлжалланган Гендер стратегияси қабул қилинди. Уни барча соҳа ва тармоқларга жорий қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
– Қонун ҳужжатларини гендер экспертизадан ўтказиш, гендерга асосланган миллий бюджетни қабул қилиш, гендер аудит каби тушунчалар амалиётга жорий қилинмоқда, – деди Т.Норбоева. – Аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги роли кучаймоқда. Ўзбекистон парламентида, ижро органларида аёллар сони ортди. Бугун аёл вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва ҳоким ўринбосари, йирик нодавлат-нотижорат ташкилот раҳбари лавозимидаги хотин-қизлар синфи пайдо бўлди ва йил сайин улар сони кўпаймоқда.
Аёл раҳбар кадрларнинг янги авлодини шакллантиришда, аввало, уларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда хотин-қизларга таълим, илм-фан билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилди.
Аёллар учун имтиёзли кредитлар, махсус квоталар ажратилди, магистратурада ўқийдиганларнинг контракт тўловларини тўлиқ давлат бюджетидан қоплашни давлат ўз зиммасига олди.
Ҳозирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда. Агар олий таълимга қамровнинг 2017 йилдаги 9 фоизни ҳозирги
43 фоиз қамров билан солиштирсак, олий таълимда қизлар улуши кескин ортганини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, аёллар шу пайтгача анъанавий бўлган таълим, тиббиёт, тикувчилик йўналишларидан ташқари рақамли иқтисодиёт, информацион технологиялар каби илғор соҳаларга фаол кириб келди. Албатта, келажакда бу ишлар янада фаоллаштирилади ва ўзининг ижобий натижасини беради.
Берилаётган имкониятлар туфайли сўнгги йилларда тадбиркор аёллар сони икки борабарга ортиб, 200 мингдан ошди. Аёлларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларга имтиёзли шартлар асосида кредитлар ажратиш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда.
– Ўзбекистон Президентининг аёллар тадбиркорлиги ва бандлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги кенг қамровли қарори қабул қилинди. Жорий йилнинг ўзида хотин-қизлар кичик бизнес ва тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун 100 миллион доллар маблағ ажратилди, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 13.05.2024
- Кўришлар: 1434
- Чоп этиш