Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш ишлари бошланди. Бу борадаги ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда имзоланган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида илгари сурилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидовнинг 2020 йил 19 майда "Правда Востока" газетасида эълон қилинган "Юридик фан ва янгича ислоҳотлар даври" ("Юридическая наука и новый период реформ") сарлавҳали мақоласида давлат раҳбарининг соҳани тубдан ривожлантиришга доир бир қатор янги ташаббуслари таҳлил қилинган.
Муаллифнинг фикрича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ташкил этилиши жуда муҳим тарихий қадамдир. Чунки Ўзбекистонда ҳеч қачон мустақил давлат ва ҳуқуқ институти бўлмаган.
Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти таъсис этилиши соҳада қуйидаги муҳим мақсадларга эришиш имконини беради:
биринчидан, академик ҳуқуқий тадқиқотларнинг савияси ошади;
иккинчидан, шахс, фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни қонунчилик асосида тартибга солиш муаммоларини тизимли ўрганиш механизмлари такомиллашади;
учинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир ҳуқуқий кафолатлар янада мустаҳкамланади;
тўртинчидан, илмий-ҳуқуқий ишланма ва тавсияларни самарали татбиқ этиш ва амалиётда қўллаш учун зарур шароитлар юзага келади.
Буларнинг барчаси Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар ва асосий вазифаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга хизмат қилади. Жумладан, бу ижобий ўзгаришлар мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотлар истиқболларини белгилаб олишда улкан аҳамият касб этади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.05.2020
- Кўришлар: 4291
- Чоп этиш