БМТ маълумотига кўра, 60 дан ортиқ давлатдан 43 мингдан зиёд инсонлар “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) ва бошқа террорчи гуруҳлар сафига қўшилиш учун Сурия ва Ироққа йўл олган.
2019 йил ИШИД мағлубиятга учрагандан бери ўн минглаб эркаклар, аёллар ва болалар ҳамон Сурия шимоли-шарқидаги гуманитар, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқи билан боғлиқ вазият оғирлигича қолаётган лагерь ва қамоқхоналарда сақланмоқда.
Хорижий террорчи жангчиларнинг халқаро тинчликка таҳдидига жавобан, БМТ Хавфсизлик кенгаши 2014 йил қабул қилган 2178 ва 2017 йил тасдиқлаган 2396-резолюция билан аъзо давлатлар, халқаро ҳуқуққа мувофиқ, ватанга қайтган ёки у давлатдан бу давлатга кўчиб ўтган хорижий террорчи жангчилар ва уларнинг оила аъзоларини қонуний судлов йўли билан таъқиб қилиш, уларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича аниқ, кенг қамровли махсус ва комплекс стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга чақирилди.
Ушбу йўналишда, 2018 йилда Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.
2018 йил 1 ноябрдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги ПФ – 5542-сон фармонига асосан террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Комиссия хулосасига асосан жиноий жавобгарликдан озод этиш тартиби жорий этилди.
Вояга етмаганлар ва ёшлар орасида экстремизм ва терроризм ғоялари тарқалишининг олдини олиш, узоқ муддат хорижда бўлган фуқароларни экстремизм ва терроризм ғоялари таъсиридан ҳимоя қилиш, интернет тармоғидан экстремистик ва террорчилик мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш 2021 – 2026 йилларга мўлжалланган экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг устувор йўналишлари этиб белгилади.
Мазкур йўналишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишида Адлия вазирлиги ҳам иштирок этиб, аввало, ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ёндашилган.
Бу борада жабр кўрган ҳар бир фуқаронинг келгуси ҳаётида ўз ўрнини топиши ҳамда уларга барча шароит ва имкониятларни яратиш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
2019 йилдан бошлаб “Меҳр” гуманитар оперециясининг 5 босқичи ташкил этилиб, уларнинг доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан Сурия, Ироқ, Афғонистон ва бошқа ҳудудларга чиқиб кетиб, жанговар ҳаракатларда иштирок этган 531 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга қайтарилди.
Репатриация қилинган шахслар қайтиб келгач, биринчи навбатда, аёллар ва болалар реабилитациядан ўтказилди, сўнгра уларнинг оилалари ва жамоаларига тинч (қайта) интеграциялашувига кўмаклашиш бўйича аниқ чоралар кўрилди.
Мутахассисларнинг фикрича, репатриантларни реабилитация ва реинтеграция қилиш мураккаб жараён ҳисобланиб, ушбу жараёнларга бир қатор соҳа вакилларини жалб этиш зарур. Шунингдек, реабилитация ва реинтеграция доимий равишда ҳалқаро ва минтақавий тажриба алмашишни талаб қилади.
Бу, давлатларининг репатриация бўйича келгуси саъй-ҳаракатлари, жумладан, жиноий жавобгарликка тортиладиган шахслар билан боғлиқ мураккаброқ ҳолатлар инобатга олинганда жуда муҳим. Зеро, айни жараёнда тажриба алмашиш ва ҳалқаро ва минтақавий экспертлар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш ушбу йўналишдаги қадамларни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтган юқори даражадаги халқаро конференция чоғида БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида Марказий Осиё мамлакатлари етакчи мутахассислари иштирокида минтақавий экспертлар кенгаши ташкил этишни таклиф қилган эди.
Кенгашнинг асосий вазифаси қуролли тўқнашув ҳудудларидан қайтган шахсларни реабилитация қилиш ва реинтеграциялаш бўйича минтақавий ва миллий дастурларни такомиллаштириш, шунингдек, терроризмга қарши курашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур йўналишда Марказий Осиё мамлакатларида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, улар ўртасида самарали минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва миллий дастурларни такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 14 май куни Тошкент шаҳрида ҳарбий можаро зоналаридан қайтган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Марказий Осиё Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши ташкиллаштирилмоқда.
Тадбир давомида соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ва таълим соҳаларида реабилитация ва реинтеграция масалалари бўйича фуқаролик жамияти ташкилотлари ёндашувлари, Марказий Осиёда БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасининг амалга оширилиши, реабилитация бўйича кенг қамровли ва мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек фуқаролик жамиятининг репатриантлар реинтеграциясидаги барқарор иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.
БМТ Бош Aссамблеяси 78-сессиясида тақдим этилган ва хорижий ҳамкорлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган мазкур ташаббус минтақавий ҳамкорликни институционаллаштиришнинг ноёб тажрибасини ифодалайди ва соҳадаги қўшма фаолият самарадорлигини оширишга кўмаклашади.
БМТ шафелигида халқаро ва минтақавий ташкилотлар иштирокида Минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилаётгани Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганидан далолат беради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистоннинг қуролли можароли ҳудудлардан ўз фуқароларини репатриация қилиш бўйича тажрибаси халқаро жамиятга намуна сифатида терроризм ва таҳдидларга қарши курашишда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилади.
Худоёр Мелиев,
Ўзбекистон Республикаси
адлия вазири ўринбосари.
ЎзА
- Қўшилди: 13.05.2024
- Кўришлар: 1488
- Чоп этиш