Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳар қандай мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширади. Зеро, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлигини белгилаб берувчи муҳим омиллардан ҳисобланади.
Кейинги даврда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз халқаро имижини яхшилаш бўйича сезиларли ютуқларга эришилди. Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистоннинг янги қиёфаси ҳақида гапирмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз «Мерос» жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» индексида 19 поғонага, «Бизнес юритиш» индексида 18 поғонага кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шунингдек, Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг «Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш» тизимидаги 6-гуруҳ мамлакатлари қаторидан 5-гуруҳ мамлакатлари қаторига кўтарилгани диққатга лойиқдир.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 2 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янада тезлаштириши шубҳасиз. Ушбу муҳим ҳужжат 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида қабул қилинди.
Фармон ижроси доирасида аллақачон муҳим амалий қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, yuz.uz сайти хабар беришича, Ўзбекистонда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева мазкур Кенгашнинг раиси бўлди. Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларнинг Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадларига хизмат қилишини таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;
Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатнинг ўрнини яхшилаш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;
давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслардаги мамлакатнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.
Аслида, Президент Фармонидан кўзда тутилган асосий мақсад ҳам мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилишдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.06.2020
- Кўришлар: 9731
- Чоп этиш