Маълумки, Ўзбекистон Республикасида меҳнатга оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик ва ижроия органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлардан иборат бўлган меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, жамоа келишувлари, шунингдек жамоа шартномалари ва бошқа локал норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддасида белгилаб қўйилганидек “Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир.
Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади”.
Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий вазифаси ходимлар, иш берувчилар, давлат манфаатларини эътиборга олган ҳолда, меҳнат бозорининг самарали амал қилишини, ҳаққоний ва хавфсиз меҳнат шарт-шароитларини, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва соғлиғи ҳимоя қилинишини таъминлайди, меҳнат унумдорлигининг ўсишига, иш сифати яхшиланишига, шу асосда барча аҳолининг моддий ва маданий турмуш даражаси юксалишига кўмаклашишдир.
XXI асрнинг долзарб муаммоси даражасига кўтарилиб, бутун башарият ҳаётини хавф остига қўйган коронавирус пандемиясининг тарқалиши ва олдини олишда давлатлар ҳамда давлат раҳбарларининг тўғри йўл тутишлари муҳим роль ўйнамоқда.
Шу ўринда, Ўзбекистонда бу “тождор” офат кириб келмасдан туриб барча ҳимоя чоралари кўриб қўйилган эди. Мамлакатимизда вирус расман аниқланганидан кейин, Муҳтарам Президент Ш.М.Мирзиёев шахсан ўзи халққа мурожаат қилиб, бу юқумли касаллик нечоғли хавфли эканлиги ҳақида маълумот берди ва Ўзбекистоннинг барча аҳолисини давлат билан биргаликда хавфсизлик чораларини амалга оширишга, бу хатарли пандемияни ҳамжиҳатлик, ақл ва ирода кучи, қатъий интизом билан енгиб ўтишга чақирди.
Бу борада мамлакатимизда янги турдаги коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Хусусан, Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Бош вазир раҳбарлигидаги махсус комиссияни ташкил этиш бўйича 2020 йил 29 январда Ф-5537-сон Фармойиши қабул қилинди.
Махсус комиссиянинг ўз ваколати доирасида меҳнат шароитларини ўзгартириш билан боғлиқ тегишли қарорларига мувофиқ дунёнинг барча давлатлари билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида мунтазам авиақатновлар тўхтатилди, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, (республикада доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно), шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларини (автобус, енгил автотранспорт ва темир йўл транспорти воситалари) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилди, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланди, республика ҳудудидаги барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти, барча турдаги оммавий тадбирлар, шу жумладан байрам тадбирлари, халқаро тадбирлар ва спорт мусобақалари, шунингдек, театр, кино ва концерт дастурлари ҳамда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши (дафн маросимлари 10-15 кишидан кўп бўлмаган ҳоллар бундан мустасно) тўхтатилди, давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилди ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган бошқа бир қатор чоралар кўрилди.
Шунингдек, республика ҳудудида 2020 йил 24 март куни соат 00.01 дан бошлаб, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўриш бўйича коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.
Маълумки, ходимларга меҳнат таътили бериш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади. Ушбу қоидалар карантин даврида бошқача талқин қилинмаган ҳолда қўлланилади.
Шунингдек, Меҳнат кодексининг 285-моддаси талабларига кўра, карантин даврида ходимга иш берувчи томонидан меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши керак.
Ходимлар учун карантин туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ходимнинг давлат ижтимоий суғурта бадалларини тўлаш муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги болалар сонига ва бошқа ҳолатларга қараб иш ҳақининг 60-100 фоизи миқдорида тўланади.
Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларнинг энг кам миқдори қонунда белгиланган энг кам иш ҳақининг 35,2 фоизидан кам бўлмаслиги керак ва нафақа ҳисобланадиган иш ҳақидан ортиб кетмаслиги лозим.
Масофадан ишлашда эса, (агар иш ҳажми олдингидек қолса) тўлиқ иш ҳақини тўлаши лозим. Агар иш ҳажми камайса, у ҳолда ходим масофадан ишлашга ўтказилишидан олдин белгиланган тариф ставкасидан келиб чиқиб, ходимнинг иш ҳақи соатбай иш ҳақи миқдорига мувофиқ тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг 16-бандига биноан, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланиши белгилаб қўйилди.
Меҳнат кодексининг 150-моддаси биринчи қисмига биноан, карантин даврида ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак.
Бу даврда иш берувчи томонидан ходимнинг розилигисиз уни бундай таътилга чиқариши мумкин эмас.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча ташкилотлар, мулкчилик шаклидан қатъи назар ва уларнинг фаолиятига зарар етказмаган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларга таътил берилишини таъминлаш чораларини кўриш белгиланган.
Меҳнат қонунчилигига кўра, карантин тадбири даврида иш берувчи ходимларни, айниқса ҳомиладор аёлларни, кексаларни, ногиронларни ва сурункали касалликларга чалинган шахсларни уларнинг розилигига кўра ишнинг масофавий усулига, мослашувчан иш графигига ёки уйда ишлашга ўтказишлари мумкин. Бундай ҳолда иш берувчи ходимнинг ушбу режимда ишлаши керак бўлган даврни белгилаб бериши керак.
Агар ходим навбатдаги хақ тўланадиган мехнат таътилидан фойдаланиб бўлган бўлса ёки тасдиқланган таътиллар жадвалидан ташқари уни олишни ҳоҳламаса, бу ҳолда, иш берувчи, ходимнинг розилиги билан, уни вақтинчалик масофавий иш тартибига, мослашувчан иш вақти ёки уйда ишлаш тартибига ўтказиши ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкин.
Ходим иш вақти ўзгарган ҳолда ишлаш тартибида ўтказилган тақдирда, иш берувчи қўшимча шартнома тузиши лозим.
Бундан ташқари, иш берувчи, ходимнинг аризаси олинган куни янги режимнинг бошланиш ва тугаш саналарини кўрсатган ҳолда, иш режими ўзгартирилганлиги тўғрисида буйруқ чиқариши керак.
Тўлиқсиз иш вақти йиллик таътилнинг давомийлиги, иш стажи ва бошқа меҳнат ҳуқуқлари бўйича чекловларни келтириб чиқармайди ва ишлаган вақтига ёки иш натижасига қараб тўланади.
Ходимнинг иш ҳажми ўзгармаса иш ҳақи миқдори ўзгартирилмаган ҳолда тўланади. Яъни, иш ҳақи миқдорини белгилаш иш жойига боғлиқ эмас, аслида у амалда ишлаган вақт ёки бажарилган иш учун тўланади.
Юзага келган вазиятни инобатга олган ҳолда иш берувчи иш тўхтаб қолгани муносабати билан ходимни меҳнат таътилига ёки вақтинча бошқа ишга ўтказиш лозим. Бундай ҳолатда ҳам ходимнинг ёзма розилиги олиниши лозим бўлади.
Шунингдек, иш берувчи фақат ходимнинг ёзма розилигини олган ҳолда унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши мумкин.
Аммо, ходим соғлиғига тўғри келмайдиган ишга ўтказилиши мумкин эмас.
Вақтинчалик бошқа ишга ўтказилган даврда ходимга бажарилган ишлар учун иш ҳақи тўланади, лекин унинг миқдори аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаслиги керак.
Бошқа ишга ўтказиш муддати, аниқ иш ҳақи, шунингдек, ишлаб чиқариш зарурати ҳолатлари жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса - улар иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда белгиланади.
Карантин даврида иш берувчи ўз ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатиши мумкин эмас. Бундай қонунбузилишига йўл қўйилган тақдирда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ёки Жиноят кодексида белгиланган жавобгарликка олиб келади.
Меҳнат қонунчилигига биноан меҳнат шартномаси исталган вақтда фақат томонларнинг келишувига биноан бекор қилиниши мумкин, бу қоида карантин даврида ҳам амал қилади.
Аммо, агар меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилган бўлса (яъни муддатли меҳнат шартномаси) ва шу муддат тугаши карантин даврига тўғри келса, бу ҳолатда иш берувчи меҳнат муносабатларини бекор қилишга ҳақлидир.
Шу билан бирга эътибор қаратиш лозимки, ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида, таътилда бўлганда ва ходим коронавирус инфекциясини юқтирган ёки карантинда бўлган боланинг, шунингдек 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (улар ўрнини босувчи шахс, васий, ҳомий) билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиниши тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва вазирликнинг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган, коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ходимларини масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгиловчи Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2020 йил 28 мартда 3228-рақам билан рўйхатдан ўтказилди ва амалиётга татбиқ этилди.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 25 мартдаги 8-2020/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган, коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларини амалга ошириш вақтида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларининг фаолияти тўхтатилган даврда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва умумтаълим муассасаларининг бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига ҳақ тўланадиган йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартибини белгиловчи Низом ҳам Адлия вазирлигида 2020 йил 28 мартда 3227-рақам билан рўйхатдан ўтказилди.
Мазкур Низомга асосан, карантин даврида болалар боғчалари ва мактаблар фаолиятини тўхтатиб туриш даврида мактабларнинг 1-4-синф ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг ота-оналарига (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, васийларига) меҳнат таътили берилиши, таътил, таътил жадвалидан қатъи назар, ходимнинг илтимосига биноан берилиши белгилаб қўйилди (биринчи йил учун 6 ой давомида ишлаш шарт эмас).
Бундай ҳолда, ходим яшаш жойидаги оилавий поликлиникадан карантин даврида болани парвариш қилиш учун вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик варақасини очтириши керак. Ушбу вақтинчалик ишга лаёқатсизлик варақасига мувофиқ, ходим 14 кун давомида иш ҳақи тўланган ҳолда бола тарбияси учун таътилга чиқишга ҳақли.
Низом талабларига асосан, агар ходим карантин даврида мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим муассасаларнинг фаолияти тўхтатилишидан олдин меҳнат таътилидан фойдаланган бўлса ёки карантин даврида меҳнат таътилини олишни хоҳламаса иш берувчи ходимнинг хоҳишига кўра, ходимни масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши, ёхуд ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериши мумкин.
Таълим муассасаларида карантин муддатининг давом этиши сабабли таътил тугаган куни ишга боришнинг иложи бўлмаса, ходим иш берувчига иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил олиш тўғрисида (таътилнинг санаса ва бошланишини кўрсатган ҳолда) ёки масофавий иш усули, мосланувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказиши тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Масофадан туриб ходимни ишга қабул қилиш жараёнида меҳнат қонунчилигида алоҳида талаблар ёки чекловлар кўзда тутилмаган. Шу сабабли, бу ҳолатда ходим ишга қабул қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни иш берувчига тақдим этиши керак.
Энди карантин даврида ходимларга бериладиган кафолатлар, рағбатлантиришлар масаласига келсак, бу ҳақда Меҳнат кодексининг 165 ва 167-моддаларида кўрсатилган қоидаларга эътибор қаратиш лозим бўлади. Яъни, ходим давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида иш берувчи уни иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда ишдан озод қилиши шарт. Ана шу вазифаларни бажариш вақтида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади. Кафолатланган тўловларни бериш тартиби жамоа шартномаси томонидан белгиланади, лекин бу миқдор ходимнинг ўртача иш ҳақидан паст бўлиши мумкин эмас.
Давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда ходимларнинг ўртача даромадларини сақлаш, шунингдек, жамият манфаатлари йўлида ҳаракатларни бажариш билан боғлиқ харажатлар, жумладан бюджетдан таъминланадиган муассаса ва ташкилотларда бюджетдан қопланади.
Меҳнат кодексининг 153-моддаси иккинчи қисмига биноан, меҳнат ҳақи шакли ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантириш тарзидаги тўловлар жамоа шартномаларида, шунингдек иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларга уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий этилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ-4652-сонли “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга рағбатлантириш тўловлари белгиланди. Унга кўра, ҳар 14 кунлик фаолият даври (шу жумладан, март ойи) учун врач ходимларга, врач-лаборантларга - 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга - 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимларига - 10 миллион сўм, бошқа ходимларга - 5 миллион сўм миқдорида (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (махсус тўлов) тўланади.
Шунингдек, коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилгани учун - 100 миллион сўм ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмагани муносабати билан бир йўла бериладиган -250 миллион сўм миқдоридаги қўшимча тўловлар жорий этилди.
Шу билан бирга, ушбу тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказилгани ёки бошқа оқибатлар юзага келиши муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июлдаги 446-сонли қарорига мувофиқ, 2020 йил 20 июлдан коронавирус эпидемияси даврида нормативга қўшимча равишда кечаю кундуз навбатчилик қиладиган 1 нафар тиббиёт ходими ва 1 нафар ҳайдовчидан иборат ихчамлаштирилган мобил тез тиббий ёрдам бригадалари ташкил этиш, ушбу бригадаларда ишловчи ходимларнинг лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар ўрнига врач ходимларга 2,5 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимларига 1,5 миллион сўм, ҳайдовчиларга 1,0 миллион сўмдан қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўлаш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунининг 25-моддасига кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокими қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг ижросини, жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади.
Ҳокимлар бу борадаги ваколатларини қарорлар қабул қилиш ҳамда фармойишлар чиқариш йўли билан амалга оширади.
Қайд этилган қонун ҳужжатларига кўра, ҳокимлар эпидемиялар тарқалган ва карантин эълон қилинган даврда ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудуд аҳолиси, ташкилот, идора ва корхоналар учун ижроси мажбурий бўлган ҳужжат қабул қилишга ҳақли.
Отабек Норбоев
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 29.07.2020
- Кўришлар: 4149
- Чоп этиш