Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VIII боби «Сиёсий ҳуқуқлар»га бағишланган бўлиб, унинг 36-моддаси, биринчи қисмида — «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади», деб белгилаб қўйилган.
Мазкур конституциявий норма жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловлар аҳамияти нечоғлик муҳимлигини кўрсатади. Қолаверса, ҳар бир фуқаро парламент сайловларида шахсан иштирок этар экан, ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланибгина қолмасдан, балки, таъбир жоиз бўлса, фарзандларимиз олдидаги конституциявий мажбуриятини ҳам бажаради. Биз бунга қуйироқда батафсил тўхталамиз.
Мулоҳаза учун…
Сир эмас, авваллари бутун бир оила учун оила бошлиғи томонидан овоз бериш ҳолатлари норасмий бўлсада «анъана»га айланиб қолган эди. Афсуски, бундай овоз бериш тартиби энг юқорида ҳам «ўзбекчилик»ка йўғрилди. Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган турли даражадаги сайловларда бундай ҳолатларга қатъий чек қўйилди, десак, муболаға бўлмайди. Бунинг учун ҳатто маъмурий жавобгарлик белгиланганди. Эндиликда сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш ҳолатлари содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кўпчилик фуқаролар парламент сайловларида иштирок этар экан, сайловларга фақат депутатликка номзод (шахсни)ни Олий Мажлисга «сайлаш тадбири» деб қарашади. Афсусланарлиси, кўпчилик фуқаролар депутат сайлангани билан менга нима қилиб беради, деган, кайфиятда бўлган. Шу ва бошқа сабаблар ўлароқ парламент сайловларига ҳар доим ҳам жиддий муносабатда бўлишмаган.
Аслида эса ундай эмас. Ҳар бир фуқаро (сайловчи) парламент сайловларида иштирок этиш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита иштирок этади ва қонун чиқарувчи ҳокимият — Олий Мажлисни шакллантиради. Қолаверса, ўзларининг Конституцияда белгилаб берилган давлат ишларини билвосита бошқаришдаги ваколатларини беш йил муддатга ўзлари сайлаган депутатларга топширади. Албатта, авваллари буни тўлиқ ҳис этган, деб айтолмаймиз.
Агар ҳар бир фуқаро парламент сайловларида шахсан иштирок этиб, ўзлари муносиб деб билган номзодга ва сиёсий партияга овоз берганида ҳамда энг муносиб номзодларни парламентга сайлаб олсалар, келгусида бутун бир ижро ҳокимиятини, унинг барча бўғинлари фаолияти устидан назорат қилиш имкониятига эга бўлишарди. Бу асло муболаға эмас.
Биргина мисол қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринли деб биламиз. «Ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ, парламент Бош вазирни тасдиқлайди. Лекин вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман».
Давлатимиз раҳбарининг ижро ҳокимиятини шакллантиришда Олий Мажлис ваколатларини янада кенгайтириш борасидаги таклифларни бежиз келтирмадик. Чунки парламент вакиллик ҳокимияти сифатида энг аввало Ўзбекистон халқи номидан иш олиб бориш ваколатига эга. Бу Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган. Демак, қолган барча давлат ҳокимияти органлари парламент – халқ олдида ҳисобдор бўлиши шарт. Шунинг учун ҳам парламентнинг энг муҳим функцияларидан бири — давлат ҳокимияти лавозимларига мансабдор шахсларни тайинлаш, яъни кадрлар сиёсатини амалга ошириш, уларнинг ваколатларини белгилашдир. Бошқача айтганда, парламент Конституцияда белгиланган давлат органларини шакллантириш ва мансабдор шахсларни сайлаш, уларни лавозимидан озод этиш масаласини ҳал этади.
Тўғри, кўпчилик ҳуқуқшунослар парламентнинг ушбу функциясини мустақил функция сифатида эътироф этмайдилар, уни назорат функцияси сифатида таснифлашади. Шу боис парламентнинг кадрларга оид ваколатлари унинг назорат функциясининг билвосита амалга оширилишини англатади, деб айтишади. Бизнингча, парламент назорати ва давлат органларини (мансабдор шахсларини) шакллантириш (сайлаш)да парламентнинг иштироки парламент фаолиятининг кенг ва турлича эканлигини — мақсадлари, шакллари ва мазмунини ифодалайди.
Демак, Олий Мажлис палаталарининг давлат органларини шакллантириш ва айрим мансабдор шахсларни сайлаш ваколатларини амалга ошириши унинг кадрларга оид функциясини амалга ошириш сифатида таснифланиши мумкин. Айни вақтда парламентнинг функциялари билан парламент тартиблари ўртасидаги чамбарчас боғлиқлик мавжудлигини ҳам унутмаслик керак. Бу парламентнинг ҳар бир функцияси тегишли тартиб билан таъминланиши, ўз навбатида, парламентнинг таомил-тартибини амалга оширишга ёрдам бериши лозимлигида, парламент ваколатларини сифатли амалга оширишга кўмаклашишида намоён бўлади.
Юридик адабиётларда парламентнинг муайян органлар ёки мансабдор шахсларни сайлаш (тасдиқлаш) ваколатлари «инвеституре» атамаси билан белгиланади. Бу — «вазифага кириш», «ваколат бериш» деган маънони англатади. Шундай қилиб, парламентар республикаларда ҳукуматни шакллантиришда у парламентдан, президент республикаларида эса давлат раҳбаридан инвеститура (ваколат) олади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида парламентнинг кадрларга оид қуйидаги функция ва ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилган: парламентнинг ҳар икки палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг тузилиши (93-модда), парламентнинг ҳар иккала палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш (93-модда), Президент томонидан тақдим этилган Бош вазир номзодини қуйи палата томонидан тасдиқлаш (94-модда биринчи қисми 3-банди), давлат раҳбари томонидан тақдим этилган ҳукумат аъзолигига номзодларни қуйи палата томонидан тасдиқлаш (94-модда биринчи қисмининг 5-банди), парламентнинг юқори палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди таркибини, Судьялар олий кенгаши аъзоларини, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва Ўзбекистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбарларини сайлаш (95-модда биринчи қисмининг 1-банди), Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига давлат раҳбари томонидан тақдим этилган номзодларни тасдиқлаш (95-модда биринчи қисмининг 2-банди); — парламентнинг юқори палатаси томонидан мамлакатнинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш (95-модда биринчи қисми 4-банди), Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисини парламентнинг юқори палатаси томонидан тайинлаш ва лавозимидан озод этиш (95-модда биринчи қисмининг 5-банди).
Парламентнинг кадрларга оид ушбу функцияси давлат ҳокимияти олий органларининг айрим лавозимларига кўрсатилган номзодларни сайлаш ёки тасдиқлаш шаклида амалга оширилади. Бу ерда парламент палатаси номзодларни қонунда белгиланган лавозимларга сайлаш ёки тайинлаш масалаларини бевосита ҳал қилишини кузатиш мумкин.
Шу ўринда ижро ҳокимияти бошлиғини тайинлаш тартибига эътиборингизни қаратсак. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча фракциялар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.
Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдимнома киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури Қонунчилик палатасининг мажлисида эшитилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури, фракциялар вакилларининг ўз фикрлари ва нуқтаи назарлари баён этилган чиқишлари эшитилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини маъқуллаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодни маъқуллаш Қонунчилик палатаси томонидан яширин овоз бериш орқали амалга оширилади. Овоз бериш усули тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди унинг депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда маъқулланган ҳисобланади.
Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини маъқуллаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади. Агар овоз бериш вақтида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди депутатлар умумий сонининг ярмидан кўпининг овозини тўплай олмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти барча фракциялар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин Бош вазир лавозимига номзодни яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Янгиланган Конституциямизнинг 118-моддасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.
Фикримизча, янгиланган Конституциямиздаги мазкур тартиб хорижий давлат тажрибасини ўрганиш негизида жорий этилган. Ушбу конституциявий қоидадаги муҳим нуқта, бу — Бош вазир номзоди бўйича сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш институтининг назарда тутилганлигидир.
Қонунчилик палатасининг яна бир мутлақ ваколати аввалги ваколат билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқида ифодаланади. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар аввало Президент томонидан парламент қуйи палатасига тасдиқлаш учун тақдим этилади. Сўнгра палата томонидан олинган тасдиғидан сўнг улар давлат раҳбари томонидан тайинланади.
Палатанинг розилиги бу ҳолда ҳукумат аъзоларини тайинлаш механизмининг ажралмас элементи ҳисобланади. Ҳукумат аъзолигига номзод ўз номзодини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқишда Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган чора-тадбирлар режасини тақдим этади. Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техникавий чора-тадбирларини назарда тутади ва истиқболдаги мақсад ва вазифаларга эришишни назарда тутади.
Бизнингча, ҳукумат аъзоларини тайинлашнинг янги модели ҳукуматни шакллантиришнинг Германия ва Франция моделлари билан бир қатор ўхшашликларга эга. Мисол учун, Францияда агар унинг партияси Миллий Ассамблеяда кўпчилик бўлса, Республика Президенти ҳукуматни тузади. Агар бундай бўлмаса, у парламентдаги кўпчилик партия раҳбарига ўз номзодини парламентга қўйиш ва уни Бош вазир лавозимига тасдиқлаш учун ҳукумат тузишни таклиф қилишга мажбур. Немис модели ҳукумат аъзоларини канцлер тавсиясига кўра, Бундестаг маъқуллаган ҳолда Президент томонидан тайинланишини назарда тутади.
Олий Мажлис палаталари бир қатор давлат органларини шакллантириш жараёнида бевосита давлат раҳбари билан биргаликда тузади ёки иштирок этади. Парламент палаталарининг кадрларга оид ваколатлари ҳукумат раҳбари ва аъзоларини, Конституциявий суд ва Олий суд судьяларини, Омбудсманни ва унинг ўринбосарини, Марказий сайлов комиссиясини, Ҳисоб палатасини, дипломатик ваколатхоналар раҳбарларини сайлаш ёки тайинлаш ва бошқа масалаларни қамраб олади.
Парламентнинг давлат органларини шакллантириш бўйича функцияси ва ваколатлари унинг фаолиятида алоҳида ўрин тутади ҳамда Олий Мажлис палаталарининг вакиллик, қонунчилик ва назорат функциялари билан бир қаторда муҳим ўрин эгаллайди. Давлат органларининг бутун тизими фаолиятининг изчиллиги бу ваколатларнинг самарали амалга оширилишига боғлиқ. Давлат органларини шакллантиришда парламент иштирокининг шакл ва усуллари хилма-хиллиги бу жараённинг мураккаблигидан ҳамда масъулиятлилигидан далолат беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фуқароларимиз эртанги кунимиз қандай бўлиши ва дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимизни таъминлашда муҳим сиёсий қарорлар қабул қилишга қодир бўлган миллий парламентимиз — Олий Мажлис Қонунчилик палатасини шакллантиришда иштирок этадилар. Шуни унутмаслик лозимки, Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда таъкидлаганларидек, «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!»
Абдуманноб РАҲИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди
судьяси
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 813
- Чоп этиш