Аёлларнинг жамият ва давлат ишларида тенг ҳуқуқли равишда иштирок этиши демократик, ҳуқуқий давлат қурилишининг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Тенг ҳуқуқлилик ва аёлларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги мақомини ошириш масаласи, бу йил қабул қилинганлигининг 40 йиллиги кенг нишонланаётган БМТнинг «Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги конвенциясида, шунингдек, 1995 йил 4-15 сентябрь кунлари Пекинда бўлиб ўтган Хотин-қизларнинг аҳволи бўйича тўртинчи Бутужаҳон конференциясида қабул қилинган Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасида ҳам кўзда тутилган.
Халқаро мажбуриятларидан келиб чиқиб, кучли демократик ва ҳуқуқий давлат қуришни ўз олдига мақсад қилиб олган Ўзбекистон Республикаси аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасига биноан аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқларга эгадирлар. Мазкур норма қонунчиликнинг бошқа ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида янада ривожлантриб борилмоқда.
Мисол учун, 2019 йил 2 сентябрь куни қаубл қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлари ва тенг имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонунга кўра, давлат аёллар ва эркакларнниг жамият ва давлат бошқарувида тенг иштирок этишини, уларнниг соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва ижтимоий ҳаётнинг бошқа жабҳаларида тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини кафолатлайди.
Аёлларнинг давлат бошқарувида сонини ошиб бориши ва фаолиятини янада фаоллашуви жамият ва давлат бошқарувини янада демократлашувида, ҳаётнинг барча соҳаларида ижтимоий тенглик ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаб беради.
Шу нуқтаи назардан, 26 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирокида бўлиб ўтган “Жамият ва давлат бошқарувида аёлларнинг роли ва мақомини ошириш: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси” мавзусидаги давра суҳбати ушбу долзарб масалага бағишланди.
Мазкур тадбирнинг ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
“Давра суҳбати” доирасида, машҳур сиёсатчи, Германиянинг собиқ адлия вазири – доктор Херта Дойблер Гмелин хоним иштирок этди. У тадбир иштирокчилари билан Германияда давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг иштироки, уларнинг роли ва ўрни тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси депутати Л.Кошелапова эса, аёлларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайиши ва уларнинг Ўзбекистоннинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги ролини янада ошириш бўйича маъруза қилди.
Шунингдек, Қонунчилик палатаси фракцияларининг аъзолари эса, фракцияларнинг аёлларни давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича фаолиятига тўҳталиб ўтишди ва мазкур йўналишдаги истиқболлар ва стратегиялар бўйича ўз фикрларини ўртоқлашишди.
«Давра суҳбати» давмоида иштирокчилар давлат ва жамият бошқарувини янада такомиллаштиришда аёлларнинг иштироки бўйича тажрибалар алмашишди; мазкур йўналишдаги Германият тажрибаси, бу борадаги замонавий тенденциялар, аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштирокининг шакллари ва ёндашувлари ва Германиядаги аёл депутатлар корпуси мисолида, аёлларнниг қонунчилик жараёнидаги фаолиятини янада фаоллаштириш бўйича тажрибалар билан танишишди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.09.2019
- Кўришлар: 6061
- Чоп этиш