Миллий марказда тақдимот: Брайл алифбосида чоп этилган янги нашрлар

19 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Брайл алифбосида чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек, давлат тилидаги “БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув қўлланмаси тақдимотини ўтказди. Тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор сўзга чиқди. Улар тадбир иштирокчиларини Брайл алифбосида нашр этилган янги китоб билан таништирдилар.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда биринчи марта Брайл алифбосида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси расмий нашри ҳамда 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги” Қонун нашр этилди.

Ушбу нашрлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси кўмаги билан чоп этилди.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, аёллар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.

Конституциямизнинг IХ боби фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий ҳуқуқларини кафолатлайди. Асосий Қонунимизнинг 14-моддасига биноан, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлат фаолиятининг асосий мезонларидандир.

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида имконияти чекланган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари, шунингдек Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа фуқаролар билан тенг имкониятлар таъминланмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлиши, шу жумладан, ногиронлиги борлигидан қатъи назар, инсонни камситмаслик принципи ётади.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси ва тенглигини кафолатлайдиган бир қатор қонунлар қабул қилинди. Хусусан, 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ногиронларнинг ҳуқуқларини белгилайдиган асосий қонунчилик ҳужжати ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун ногиронлиги бўлган шахслар учун мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этишда катта имкониятлар яратади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида замонавий усуллар ва халқаро стандартларни жорий этишга, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг асосий қоидаларини амалга оширишга, шунингдек Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилини амалга оширишга ёрдам беради.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси томонидан нашр қилинган “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув-услубий қўлланмаси Конвенциянинг асосий қоидалари, уни ратификация қилиш, амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнлари тўғрисида асосий маълумотларни ўз ичига олади. Ушбу ўқув кўлланма ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ўзбек тилида чоп этилди.

Брайл алифбосида нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун, шунингдек “БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси” ўқув қўлланмаси мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва амалга оширишга хизмат қилади.

Тақдимотда парламент аъзолари, ногиронлиги бўлган шахслар муаммолари билан шуғулланадиган ташкилотлар, давлат органлари, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech