Ўзбекистон Республикаси президенти ҳокимлар, Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари раҳбарларини Конституциянинг хусусий мулкнинг дахлсизлиги, иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини таъминлаш, тажовузлардан ҳимоя қилиш, хусусий мулкни сақлаш ва янада кўпайтириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш тўғрисидаги нормаларини сўзсиз ижро этиш ва уларга қатъий риоя қилиш бўйича шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда давлат раҳбари томонидан куни кеча имзоланган Фармонда айтилади.
Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили:
хусусий мулкдорларга уларнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда зарар етказилишига, шу жумладан, мулк ҳуқуқини ноқонуний чеклаш ва (ёки) ундан маҳрум қилиш, хусусий мулкка, жумладан, аввал хусусийлаштирилган мулкка тажовуз қилиш, мулкдорга қасддан номақбул шартларни, шу жумладан, мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишга доир асоссиз талабларни қўйиш, шунингдек, мулкни олиб қўйиш ёхуд мулк эгасини шахсий мулк ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қилишга йўл қўйилмаслиги устидан тизимли назорат (контроль) ўрнатади;
мансабдор шахслар томонидан суиистеъмол ва қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик юзасидан зарур чораларни кўради.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу Фармон қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларига, шу жумладан, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мулкдорларнинг хусусий мулк дахлсизлиги, ўзига тегишли бўлган мол-мулкка мустақил эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, мулкдорларга давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер майдонининг бозор қийматида тўлиқ қопланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритади.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:
— тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;
— тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
— тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.
2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қуйидаги ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади:
— қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш;
— жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида»ги фармони 2019 йил 13 августда қабул қилинди. Фармондан кўзланган мақсад хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча туртки бериш, тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, жойларда ижтимоий қамров даражасини оширишдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.08.2019
- Кўришлар: 7318
- Чоп этиш