10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганига роппа-роса бир йил тўлди. Шу муносабат билан ташкил этилган брифингда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қарор ижроси доирасида ўтган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги нишонланган кунда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ушбу қарор, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларига доир маърузаларни тайёрлаш бўйича миллий механизмларни мустаҳкамлаш ҳамда келгусида уларнинг фаолиятини амалга ошириш борасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг чақириғига жавоб бўлди.
Қарорга мувофиқ, Марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиши белгиланган. Ҳозирги кунда ушбу ахборот тегишли тартибда киритилди.
Парламентлараро Иттифоқ тавсияларига асосан Марказ билан Олий Мажлис палаталари ўртасида кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатилган. Жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича миллий маърузалар лойиҳалари ҳамда бу маърузаларни БМТнинг шартномавий қўмиталарида кўриб чиқиш натижалари юзасидан парламент қўмиталарида мунтазам муҳокамалар ўтказиш анъанаси шакллантирилди.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларига изчил амал қилинмоқда. Хусусан, бугунги кунда бу борада миллий ҳаракатлар режаларини («Йўл хариталари»ни) бевосита Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳаларини Марказ билан мажбурий равишда келишиш лозим. Мазкур тартибнинг амалда татбиқ этилиши натижасида 2019 йилда 15 та қонун лойиҳаси экспертизадан ўтказилди.
Жумладан, халқаро сайлов стандартларини амалга ошириш мақсадида 2019 йили Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди. Кодекс замонавий талаблар ва демократик сайловларни ўтказиш бўйича халқаро амалиётга жавоб беради.
Халқаро мажбуриятларни амалга ошириш мақсадида Марказ томонидан қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрланди. Жумладан, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”, “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларига таклифлар берилди.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга устувор эътибор қаратилиши натижасида судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, айблов далили сифатида ноқонуний усуллар билан олинган маълумотлардан фойдаланиш учун қатъий жавобгарлик белгиланди. Жиноят кодексининг қийноқларга доир 235-моддаси БМТ Қийноқларга қарши конвенциясининг 1-моддасига мослаштирилди.
Жорий йилда юртимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги, Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 40 йиллигини нишонлашга бағишланган кенг кўламдаги тадбирлар ўтказилди.
Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича қонунчилик доирасида, ташкилий ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2019 йил 2 сентябрида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасининг БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури парламент томонидан тасдиқланди. Шу асосда “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирлар бажарилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 августдаги қарорига асосан Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон БМТнинг устав ва шартномавий органлари, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан яқиндан ҳамкорликни амалга ошириб бормоқда.
Ўзбекистон 2021-2023 йилларга бўлган даврда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун номзодини илгари суриши бўйича баёнот берди. Ҳозирда мазкур Кенгашга аъзолик учун номзодни илгари суриш бўйича сиёсий-дипломатик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2019 йил сентябрида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга келди. БМТ махсус маърузачиси Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулида бўлди.
БМТ Махсус маърузачиси мамлакатнинг 3 вилоятига ташриф буюрди. Олий Мажлис палаталари, вазирлик ва идоралар, Олий суд ва икки вилоятдаги суд органлари раҳбарлари билан 40 дан ортиқ учрашув бўлиб ўтди.
Сўнгги йилда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича бешта миллий маъруза тайёрланиб, тақдим этилди.
2019 йилда БМТ томонидан Қийноқлар бўйича конвенция бажарилиши борасида Ўзбекистоннинг Бешинчи маърузаси ҳамда Ирқий камситишлар барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Ўнинчи-Ўн иккинчи маърузаси кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси билан ҳамкорлиги фаоллашди. Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича декларациясини тайёрлашда фаол иштирок этди ва Декларацияда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим тўғрисидаги нормаларни киритишни таклиф этди.
2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинч, демократик жамиятлар қуриш ва барқарор ривожланишда ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзуида Олтинчи йиллик семинари ўтказилди. Халқаро анжуман яку
нида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқлари бўйича муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинди. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та конвенцияси, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг 3 та шартномаси ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар тасдиқланди.
Ўтган даврда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлиги фаоллашди. Ўзбекистонга «Хьюман Райтс Вотч», «Амнести Интернейшнл», «Коттон Кампейн», Норвегия Хельсинки қўмитаси, Халқаро юристлар комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик каби халқаро ташкилотларнинг делегациялари ташриф буюрди.
Тадбирда инсон ҳуқуқлари қонун устуворлиги ва демократия амалда бўлган барча жамиятлар қўллаб-қувватлайдиган асосий тамойил экани алоҳида таъкидланди. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш – Ўзбекистонда барпо этаётган адолатли жамиятнинг узвий хусусияти, миллий ва умуминсоний мезони ҳисобланади.
Оммавий ахборот воситалари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мамлакатимиз халқаро мажбуриятларини бажариш борасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтиришга доир серқирра ҳамда масъулиятли фаолият самараларидан кенг жамоатчиликни хабардор қилишга муносиб ҳисса қўшаётгани эътироф этилди.
Бирифинг доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги ва UzDaily.uz интернет-портали журналистларига ташаккурнома ва совғалар топширилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.12.2019
- Кўришлар: 5178
- Чоп этиш