Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги ташаббуслари: моҳияти ва аҳамияти

БМТ Бош Ассамблеяси 75-юбилей сессияси кун тартибига кўра, 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди. Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи мажлисидаги нутқида халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Ўзбекистон Президенти БМТ юксак минбаридан илк бор ўзбек тилида янграган ушбу чиқишида ҳам нафақат халқимиз, балки минтақамиз, бутун дунё жамоатчилиги манфаатларига қаратилган бир қатор янги ва долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди.  

Пандемия оқибатлари туфайли бутун дунё худдики Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир аҳвол, қалтис вазият ва тушкун кайфиятгни бошидан кечирмоқда. Коронавирус инқирозининг салбий таъсиридан дунёдаги биронта мамлакат ва халқ четда қолмади. Шу маънода, пандемия каттаю-кичик давлатларнинг барчаси ўзаро тенглигини ҳам амалда кўрсатиб қўйди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-юбилей сессиясида инсоният тарихининг бугунгидек қалтис даврларида ҳамиша анъанавий аҳамият касб этадиган "Нима қилиш керак?" деган савол яна долзарблик касб этди. Ушбу нуфузли анжуман шиоридан келиб чиқиб, яъни "келажакка нигоҳ" солган ҳолда, дунёнинг йирик сиёсатчилари ва халқаро экспертлар, турли давлатлар раҳбарлари ана шу саволга ўз жавобларини баён этдилар.

Хусусан, кейинги даврда бутун дунёга таҳдил солиб турган коронавирус пандемияси барқарор халқаро муносабатларни ривожлантиришда бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди. Афсуски, бундай фавқулодда вазиятлар бўйича глобал стратегик режа ҳалигача мавжуд эмас.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ана шу Халқаро кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи билан чиқди. Президентимизнинг фикрича, ушбу Кодексда давлатларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида ўз фуқаролари ва халқаро шериклари олдидаги минимал шартлари ва мажбуриятлари акс этиши лозим.

Мазкур ҳужжатда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ташқи савдо, гуманитар, инсон ҳуқуқлари ва бошқа соҳаларда мамлакатларнинг ҳам ўз фуқаролари, ҳам хорижий шериклар олдидаги минимал шартлари ва мажбуриятларини аниқлаб бериши керак. Бунда чеклов чоралари вақтинчалик тусга эга бўлиши ва хатарларга мутаносиб даражада бўлиши лозим.

Халқаро кодекс фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаши зарур. Шу билан бирга, халқаро савдо-сотиққа, айниқса, ҳаётий муҳим товар ва тиббий маҳсулотларга савдосига халақит бермаслиги, қолаверса, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларни кучайтириш учун ҳуқуқий асос бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Бошқача айтганда, Ўзбекистон Президентининг ушбу ташаббуси моҳиятига кўра, бундай Халқаро кодекс ўзида инқирозли ҳодисаларга нисбатан бутун дунё миқёсида жамоавий чора кўришнинг ишончли тизимини ишлаб чиқиш учун назарий ҳамда ҳуқуқий асосларни ўзида мужассам этиши мумкин. Бу, ўз навбатида, халқаро ҳамжамиятга трансмиллий кўламдаги ҳар қандай таҳдидларга нисбатан мувофиқлаштирилган ва тезкор жавоб чораларини кўришида жуда қўл келган бўлур эди.

Президентимизнинг Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни қабул қилишга доир ташаббуси дунёдаги таниқли олимлар ва экспертларнинг ушбу йўналишдаги фикрларига тўла мос тушади. Айни чоғда, бу ташаббус БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги глобал вазифаларга ҳамоҳангдир.

 Яна бир муҳим жиҳати, ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият барча аъзоларининг узоқ муддатга мўлжалланган манфаатлари ва стратегик мақсадлари талабига жавоб беради. Шу боис Президентимизнинг бу ташаббуси халқаро ташкилотлар, хусусан, Парламентлараро иттифоқ бош котиби М.Чунгонг, Халқаро меҳнат ташкилоти ва ЖССТ раҳбарлари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро ҳамжамиятнинг пандемияга қарши самарали курашиш бўйича барча ҳаракатлари, жумладан, зарур дори-дармон ҳамда вакциналар ишлаб чиқиш ва улардан кенг фойдаланишга қаратилган ташаббуслари қўллаб-қувватланди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг бугунги инқирозли вазиятда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммитни ўтказиш бўйича таклифи маъқулланди.

Президент Шавкат Мирзиёев  халқаро ҳамжамиятни яна бир бор Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида  БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи билан чиққанди. Бундай халқаро-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, бутун дунёдаги 2 миллиард нафардан кўпроқ ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишда, шунингдек зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланганди.

Ўтган даврда Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамаларидан ўтказилди. Миллий ва халқаро доираларда, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумида атрофлича муҳокама қилинди. Билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказилди.

Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган мазкур умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишга доир таклифи долзарб ва мантиқан асослидир.

Конвенция, шубҳасиз, таълим, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз истеъдодларини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратишга хизмат қилади.

Президентимиз Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий парламентлар халқаро мажбуриятларни миллий стратегиялар ва қонунларга  уйғунлаштириш жараёнида жуда катта роль ўйнайди. Парламентлар давлатларнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва инсон ҳуқуқлари доирасида зиммасига олган мажбуриятлари бажарилишида шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди.

Халқаро ва минтақавий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари тавсиялари билан натижадор иш олиб бориш, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари самарадорлигини ошириш борасида ҳам парламентлар алоҳида ўрин тутади.

Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан "Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида"ги резолюциясининг қабул қилиниши ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал антитеррор стратегияси доирасидаги Минтақавий қўшма режанинг 10 йиллик натижалари ва келгуси истиқболларига бағишланган халқаро конференция ўтказиш ташаббусини баён этди.

Мазкур халқаро конференциянинг 2021 йилда ташкил этилиши ва ушбу муҳим анжуманда Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё давлатлари ўзаро ҳамкорликда кейинги 10 йил ичида амалга оширган ишларнинг сарҳисоб қилиниши бутун минтақамиз миқёсида ўта муҳим аҳамият касб этади. Мазкур конференциянинг ўтказилиши:

  • терроризмга қарши кураш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга Ўзбекистоннинг қўшган муносиб ҳиссаси бўлади;
  • минтақа мамлакатларининг терроризмга қарши кураш, терроризмга қўл келадиган туб сабабларга барҳам бериш борасидаги ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга янгидан туртки беради;
  • Ўзбекистоннинг минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва халқаро терроризм таҳдидларига қарши курашиш соҳасида ошиб бораётган ролини намоён этади.
  • Бундан ташқари, ушбу ташаббус Марказий Осиё ўзининг мавжуд барча минтақавий муммолари билан биргаликда Ўзбекистон ташқи сиёсатида устувор аҳамиятга эга эканлигини яна бир бор таъкидлаш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси - ЮНЕСКО билан ҳамкорликда 2021 йилда  қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форум ўтказишдир.

Ушбу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, давлатимиз раҳбари томонидан бу муҳим таклиф минтақамизнинг маданий-тарихий ва цивилизацияларга доир меросининг глобал аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда илгари сурилди.

Ўзбекистон учун "Марказий Осиё - жаҳон цивилизациялари чорраҳасида" халқаро форумини ўтказиш қуйидаги омилларга кўра жуда муҳим ҳисобланади. Яъни:

- мамлакат янги ташқи сиёсий йўлини амалда татбиқ этишда "юмшоқ куч" ва "маданият дипломатияси" воситаларидан самаралари фойдаланиш имкони яратилади;

 - минтақамиз мамлакатлари жамоатчилиги орасида биз барчамиз "Марказий Осиё" деб аталувчи ягона маконга мансуб эканимизни чуқур англаш туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, бинобарин, давлатларимиз ўртасидаги дўстлик ва  яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришда бу ўта муҳим омил ҳисобланади;

- Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар халқларининг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси яна бир бор, янгидан намоён этилади;

- Марказий Осиё халқларининг илмий ва интеллектуал меросини ўрганишга нисбатан халқаро илмий ҳамжамият қизиқишини оширишга эътибор қаратилади;

- Марказий Осиёда маданий ва тарихий меросни тиклаш ва тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга жаҳон жамоатчилигининг диққати ва кўмаги жалб этилади;

 - Хива шаҳри, умуман, Ўзбекистоннинг тарихий диёр мақомидаги сайёҳлик бренди тарғиб этилади.

Яна бир муҳим жиҳат: халқаро форумнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликда ўтказилиши мазкур нуфузли халқаро ташкилот билан ўзаро амалий муносабатларимизни янада мустаҳкамлайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ғоясига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратди.

Авваламбор, Ўзбекистон Президенти ушбу халқаро ташаббусни жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавол этар экан, Афғонистон муаммосига тинчлик ва куч ишлатмаслик маданияти назариясининг алоҳида ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда ёндашгани жуда муҳимдир.

Юртбошимиз таъбири билан айтганда, "Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига кўмак беришдан иборат бўлиши зарур”.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуси стратегик ва концептуал аҳамиятга моликдир.

Биринчидан, бугунги кунда сайёрамиздаги ягона универсал халқаро ташкилот ҳисобланадиган ва дунёнинг барча мамлакатлари вакилларини ўзида жамлаган БМТ ҳузурида доимий асосда ишлайдиган Қўмита ташкил этилиши, шубҳасиз, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришнинг энг муҳим масалалари юзасидан минтақавий ва халқаро консенсус, яъни якдил келишувни мустаҳкамлаш имконини беради.

Иккинчидан, БМТ ҳузурида доимий асосда ишлайдиган Қўмитанинг ташкил этилиши мазкур нуфузли халқаро ташкилот доирасида афғон инқирозини ҳал этиш масаласига устувор аҳамият қаратишга, халқаро ҳамжамиятнинг бу йўналишдаги ишларида тизимлилик ва самарадорликни таъминлашга йўл очади.

Учинчидан, доимий асосда ишлайдиган Қўмита Афғонистонни геосиёсий курашлар майдони сифатида кўриш эмас, аксинча, минтақавий ҳамкорлик маконига айлантириш борасида улкан аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, Президентимизнинг ушбу ташаббуси ҳудудида 40 йилдан бери уруш давом этаётган ҳамда 20 дан ортиқ минтақавий ва халқаро террорчилик гуруҳлари фаолият олиб бораётган Афғонистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

Бешинчидан, БМТ ҳузурида доимий асосда ишлайдиган Қўмитанинг таъсис этилиши Афғонистонда инфратузилмавий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун жаҳон ҳамжамияти маблағларини йўналтириш имконини беради. Натижада ушбу мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратилади.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Марказий Осиё минтақасини барқарор ва шахдам ривожлантиришни таъминлаш ишига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Ўзбекистон Президенти минтақа ва глобал миқёсда тинчлик ҳамда барқарорликни ­мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалаларини ўртага ташладики, таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов қайд этганидек, улар бугун бутун инсониятни ўйлантирмоқда.

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари муҳим масала сифатида қайд этган қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка барҳам бериш бугун барча давлатлар ва жамиятлар учун бир хил долзарблик касб этаётгани бор гап.

Шу билан бирга, Президентимиз Ўзбекистон жаҳоннинг барча мамлакатлари билан кенг кўламли ва ўзаро манфаатли шерикликни, БМТ ва унинг институтлари билан амалий мулоқотни ривожлантириш учун доимо тайёрлигини маълум қилди.

Президентимизнинг ушбу ташаббусларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги қизғин кутиб олди. Халқаро ҳамжамият томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда.

Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори;
"Миллий тикланиш" демократик партиясининг Олий Мажлис
Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси

("Миллий тикланиш" газетаси, 2020 йил 21 октябрь)

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech