Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази сизларни 30 июнь – Ёшлар куни билан табриклайди.
Ушбу қувончли байрам жорий йилда мамлакатимизда учинчи бор нишонланмоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ана шу муҳим сананинг таъсис этилгани, авваламбор, юртимизда кейинги даврда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилганининг ёрқин далолати ҳисобланади.
Бу, шунингдек Ўзбекистон йигит-қизларининг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётганига жамиятимиз ва давлатимиз томонидан берилган юксак баҳонинг ўзига хос амалий ифодасидир. Зеро, замонавий, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишда навқирон авлод вакиллари муносиб иштирок этаётганини бутун ўзбек халқи чуқур миннатдорлик билан эътироф этмоқда.
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти, бир томондан, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижаларига катта қизиқиш билан қараётган бўлса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг бу борада илгари сураётган ташаббусларини халқаро миқёсда қўллаб-қувватламоқда.
Хусусан, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти таклифи билан БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Бундан ташқари, 2019 йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси Олтинчи йиллик семинарининг Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларда ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди.
Жорий йилнинг 12-13 август кунлари, Ёшлар халқаро кунига бағишлаб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини видеоконференция шаклида ўтказиш режалаштирилган. Мазкур Форумда билдириладиган таклиф ва тавсиялар дунё ҳамжамиятининг бугунги кунда инсоният тарихида энг фаол ва энг кўп сонли бўлмиш ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлишига ишонамиз.
Сизларни Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга янги ютуқлар, бахт ва омадлар тилаймиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 30.06.2020
- Кўришлар: 4078
- Чоп этиш