2020 йил 7 август куни Тошкент шаҳрида видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлисида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Бу ҳақда senat.uz сайти тарқатган ахборотга қараганда, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси суриштирув ва тергов органларида, жазони ижро этиш муассасаларида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолатини ўрганган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, энг аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу борада бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Яна бир жиҳат, 2019 йилда биринчи марта БМТнинг Қийноққа қарши курашиш қўмитасига Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенцияда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг маърузаси билан бирга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Муқобил маърузаси ҳам киритилди.
Бироқ аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар ва суд амалиётининг таҳлили ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари қўлланилиши ҳолатлари ҳамон учраётганини кўрсатмоқда. Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номига мазкур масалалар бўйича 2017 йилда 24 та, 2018 йилда 101 та, 2019 йилда 138 та ва 2020 йилнинг 25 май ҳолатига 40 та мурожаат келиб тушган.
Кўриниб турибдики, Вакил номига келиб тушаётган шикоятлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ушбу мурожаатларнинг барчаси назоратга олинган ҳолда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ва Ички ишлар вазирлигига юборилган.
Бироқ юборилган мурожаатларнинг бир қисми юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари ҳақида маълумотномалар Вакилга тақдим этилмай келмоқда.
Бош прокуратура томонидан берилган маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари ходимлари ва бошқа шахслар Жиноят кодексининг 235-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги натижасида 96 нафар шахсга нисбатан жами 25 та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаганлик учун ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлари ходимларининг 2017 йилда
8 нафари, 2018 йилда 4 нафари ва 2019 йилда 6 нафари жавобгарликка тортилган.
Бундан ташқари, судлар томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ 2017, 2018 ва 2019 йилларда жами
21 та иш кўрилиб, 38 нафар ходимга нисбатан ҳукм чиқарилган.
Бу каби ҳолатларнинг учраши аҳолининг ҳақли эътирозига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва одил судловга нисбатан ишончнинг йўқолишига олиб келмоқда.
Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторларининг Сиёсий барқарорлик ва зўравонлик субиндикатори бўйича 212 та давлат орасида Ўзбекистон 136-ўринни эгалламоқда.
“Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилотининг Ҳуқуқ устуворлиги индексининг Асосий (фундаментал) ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича 128 та мамлакат ичида Ўзбекистон 110-ўринни эгаллаб келмоқда.
Шунга асосан Олий Мажлис Сенати қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати ва қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ахборот олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Президентининг бу борадаги қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли сўнгги 3,5 йилда суриштирув ва тергов жараёнларида қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотлар амалга оширилди. Аммо, афсуски, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатлар туфайли икки нафар инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди.
Бундай нохуш ҳолатлар, бир томондан, қийноқ қурбонлари яқинларининг тизим раҳбарларидан эмас, давлатдан норози бўлишига олиб келмоқда. Иккинчи томондан, соҳадаги айрим ходимларнинг лоқайдлиги ва билимсизлиги кенг жамоатчилигимиз ва халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ислоҳотларимизни обрўсизлантирмоқда.
Шунинг учун давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 10 августда қабул қилинган "Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда суд-тергов фаолиятини янада такомиллаштиришнинг бир қатор асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий қилиш, шунингдек бундай қилмишлар учун жавобгарликни кучайтириш борасида изчил ишлар бошлаб юборилди.
Мазкур Фармонни тасдиқлашдан мақсад - мамлакатимизда жиноят ишларини тергов қилиш фаолиятини халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда яхшилаш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш, жиноят-процессуал қонунчилигини янада такомиллаштиришдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.08.2020
- Кўришлар: 4099
- Чоп этиш