Аввал хабар қилинганидек, 2020 йил 29 июль куни БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби ҳамда Пекин дастури ва Ҳаракатлар платформасини рўёбга чиқариш доирасида гендер масалаларини ҳисобга оладиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишга бағишланган он-лайн мунозара бўлиб ўтди. Ушбу халқаро мулоқот Парламентлараро иттифоқ ва "БМТ-аёллар" тузилмаси томонидан ташкил этилди.
Халқаро он-лайн мунозарада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ раисининг ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди. А.Саидовнинг маърузаси матни қуйида ҳавола этилмоқда.
"Пекин +25"нинг устувор мақсадлари ва парламент роли
Ўзбекистон аввал бошданоқ Пекин Ҳаракатлар платформасида ҳал қилувчи роль ўйнади. 1995 йилда Пекин шаҳрида бўлиб ўтган Тўртинчи Бутунжаҳон Аёллар Конференцияси ташкил этилганидан бошлаб ҳозирги кунгача Ўзбекистон иккала жинс вакиллари учун ҳуқуқ ва имкониятлари тенг бўлган жамият яратишга интилмоқда.
25 йил давомида Ўзбекистон гендер тенглиги соҳасида изчил тараққиётга эришиб келмоқда. Бу, ўз навбатида, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш эътиборини тортди.
БМТ Бош котиби Ўзбекистондаги гендер тенглиги борасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисида шундай дейди: "Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларига тааллуқли жуда кўп қонунлар, стратегия ва режаларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Ҳукумат 125 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди, бундан ташқари, бир қатор бошқа муҳим қонунлар ва тартибга солувчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, муҳокама қилинди ва қабул қилинди. Хулоса қилиб айтганда, ушбу мақсадлар мазмунли, амалий ва муҳим аҳамиятга эга".
Мамлакатда аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, хотин-қизлар ҳуқуқларини рағбатлантириш, улар учун имкониятларни кенгайтириш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилгани ҳамда вазирнинг биринчи ўринбосари зиммасига гендер масалалари билан бевосита шуғулланиш юклатилгани диққатга лойиқдир. Шунингдек, гендер масалалари бўйича статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш бўйича алоҳида бўлим (gender.stat.uz) ташкил этилган.
Ўзбекистон парламенти Пекин Декларацияси ва Ҳаракат Платформасини амалга оширишда, шунингдек Пекин + 25 ташаббуси бўйича Ҳисоботни тайёрлаш бўйича маслаҳат ва мунозараларда фаол иштирок этди.
Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқларига, гендер масалаларига, тинчлик ва хавфсизликка риоя қилмасдан барқарор ривожланишга эришиб бўлмайди, деган фикрга қўшилади. Айнан ушбу масалалар дунё бутун инсон ҳуқуқлари тизимининг самарали ишлашини таъминлашнинг муҳим таркибий қисмларидир.
Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг асосий устунларидан бири парламент ролини ошириш ва парламент назоратини такомиллаштириш, ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этиш, ҳукуматнинг халқаро фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишдаги ваколатларини янада кенгайтириш ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМни) амалга оширишнинг Миллий кўрсаткичлари ва механизмлари аниқланган. Гендер масалаларини ўз ичига олган мақсадларга эришиш имконини берувчи ҳуқуқий асосни қуриш орқали БРМни амалга оширишни қўллаб-қувватлашда парламент асосий роль ўйнайди.
Ҳозирги вақтда БРМ мониторинги бўйича Парламент комиссияси ташкил этилди. Июль ойида БРМ бўйича Ихтиёрий миллий ҳисобот (VNR) БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига (ЭКОСОС) тақдим этилди. Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси парламент ва жамоатчилик тингловларида ҳам муҳокама қилинади.
Ўтган йили Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 40 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон парламенти иккита янги қонун – хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар ҳамда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни қабул қилди. Энди барча қонун лойиҳалари гендер экспертизасидан ўтказилади.
Ўзбекистон парламенти тарихида биринчи марта Сенат раиси этиб аёл киши сайланди. Шу тариқа Ўзбекистон парламент палаталарида аёл киши раҳбар бўлган давлатлар ичида 56-давлатга айланди.
Сенат Раиси Гендер тенглиги комиссиясига ҳам раҳбарлик қилади. Ушбу комиссия депутатлар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат.
Парламент қўмиталари мунтазам равишда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилиши тўғрисидаги Ўзбекистоннинг Миллий маърузаларини кўриб чиқади. Улар инсон ҳуқуқлари бўйича тавсияларга риоя қилиш жараёнида, шу жумладан ҳукумат делегацияларининг эшитувларини ташкил этишда қатнашади.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистон парламенти депутатлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ва шартномавий идоралари томонидан кўриб чиқиладиган Миллий маърузалар муҳокамаларида қатнашмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни амалга ошириш учун Миллий ҳаракат режалари ва "Йўл хариталари"ни парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилган.
Шу йилнинг май ойида парламентнинг ҳар иккала палатаси биринчи марта инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотни муҳокама қилдилар.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТнинг устав ва шартномавий идораларининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия 2020 йил 22 июнда Президент Фармони билан қабул қилинди.
Ҳозирда Олий Мажлис палаталарида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Парламент комиссияси тузилмоқда.
Ўзбекистон Пекин Ҳаракатлар платформасининг еттита жиҳати бўйича аёллар зўравонлигига барҳам беришда катта ютуқларга эришди.
Қашшоқлик, таълим ва касбий тайёргарлик имкониятларининг етишмаслиги, соғлиқни сақлаш ва репродуктив саломатлик масалалари, аёлларнинг инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик, аёлларнинг оммавий ахборот воситаларида кам вакиллик қилишлари, экологик муаммолар, қизларга нисбатан камситиш билан боғлиқ гендер муаммолари макроиқтисодий сиёсат, таълим ва соғлиқни сақлаш сиёсати ва гендер масалаларини ҳисобга олган ташаббуслар билан минималлаштирилди.
Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги каби янги вазирликлар ташкил этилди. Бундан ташқари, қизларнинг рўйхатга олиниши ва ривожланишининг дастлабки босқичларида алоҳида назорат функцияси мавжуд.
Тўртинчи Бутунжаҳон Аёллар конференциясида олинган мажбуриятига биноан, Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш ва ҳаётнинг барча жабҳаларида аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича доимий чораларни кўрмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати гендер тенгликка эришиш мақсадларини мамлакатни ривожлантириш стратегиясига бирлаштирди. Аёлларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтиришга қаратилган ўндан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. БРМ мақсадларини амалга оширишнинг 32 та гендер кўрсаткичлари тасдиқланди.
Шундай бўлса-да, бугунги кунда CОВИД-19 глобал пандемиясининг таъсири аёллар кўпроқ ишлайдиган соҳаларга зарба бериб, эркакларга қараганда аёлларга кўпроқ зарар етказмоқда.
Ўзбекистондаги аксарият аёллар таълим ёки тиббиёт соҳасида ишлашни истайдилар. Шу сабабли давлат ва хусусий таълим муассасаларининг ёпилиши, ўз навбатида, қизларнинг Интернетда ўқишга мослашиши ёки бир муддат иш вақтини тўхтатиб, янги воқеликка кўникишини тақозо этмоқда.
Тиббиёт соҳасида ишлайдиган аёллар эса сўнгги бир ой ичида Ўзбекистонда CОВИД-19 ҳолатларининг кўпайиши сабабли одатдагидан кўпроқ ишлашга мажбур бўлдилар. Ҳозирги кунда ҳам ўз ишига содиқ қолган ва бегуноҳ инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш масъулиятини зиммасига олган аёллар - касаллик юқтириш хавфига қарамай - фаолиятини давом эттирмоқдалар.
Глобал пандемия шароитида ҳукуматнинг доимий равишда қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарамай, кўплаб аёллар ва қизлар қашшоқликка дуч келиб, кўп йиллар давомидаги тараққиётнинг ортга сурилгани кузатилди. Хусусан, тадбиркор ва маҳоратли аёллар сонини кўпайтириш соҳасидаги ютуқлар пандемиянинг бозор иқтисодиётига салбий таъсири туфайли тўхтаб қолди.
Энг муҳими, аёлларнинг саломатлиги ва фаровонлиги устувор вазифадир. Мамлакат пандемиядан кейин одатий ҳаёт тарзига қайтгач, бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш яна устувор вазифага айланиши тайин.
Қонунчиликда гендер масалалари: парламент аъзолари учун қўлланма
Гендер масалалари юзасидан қонунчиликни яратиш бўйича қўлланманинг нашр этилиши кўплаб сабабларга кўра муҳимдир. Аввало, бундай қўлланма сайёрамизнинг ҳар бир фуқароси асосий ҳуқуқларини кафолатлаш, барча бирдек ҳурмат қилинадиган ва бир-бирини ҳурмат қиладиган уйғун жамиятлар яратиш ва истеъдодларнинг тўлиқ имкониятларидан фойдаланишда жуда қўл келади.
Ушбу қўлланмада асосий масалаларнинг аксарияти қамраб олинган. Шу билан бирга, бугунги кунда уруш, табиий офатлар ва пандемия каби фавқулодда вазиятларда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари эътибордан четда қолганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Энг асосийси, қўлланмада гендерга оид қонунчилик муаммолари билан шуғулланиш учун жуда фойдали стратегиялар келтирилган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бу борадаги ҳамкорликнинг амалий йўналишлари кўрсатиб берилган.
Бундан ташқари, қўлланмада парламент аъзоларига Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро валюта жамғармаси, ЮНИСЕФ каби халқаро ташкилотлар амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш, янги қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва тарғибот ишларини амалга оширишда қандай ёрдам бериши мумкинлиги юзасидан муҳим йўналишлар баён этилган.
Шунингдек, қўлланмада миллий парламентларда аёллар фракциясини ташкил этиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича зарур тавсиялар берилган.
Парламентлараро иттифоқ маълумотларига қараганда, дунёдаги қонун чиқарувчи органларнинг 87 тасида расмий ёки норасмий аёллар фракциялари ташкил этилган.
Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтиб ўтишим мумкинки, бу борада Ўзбекистонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши ҳам улкан аҳамият касб этди.
Мамлакат, минтақа ёки дунё миқёсида гендер тенглиги соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилишда қўлдан бой бермаслик керак бўлган яна бир муҳим жиҳат шуки, кўпчилик парламентлар эркаклар ва аёлларнинг тенг улушидан иборат эмас. Шу маънода, парламент аъзолари гендер тенглик бўйича ўз ишларини айнан парламентлардан бошлашлари мақсадга мувофиқдир.
Қўлланма парламент аъзолари учун махсус ишлаб чиқилган. Шу сабабли унда гендер масалалари бўйича кам вакилликка эга бўлиш масаласи ва бу бўшлиқни бартараф этиш бўйича амалий кўрсатмалар ҳам акс эттирилса мақбул бўлур эди.
Энг муҳими, қўлланма дунёда аёллар тенглиги ва аёллар ҳуқуқлари бўйича воситалар ва манбалар рўйхатини илова сифатида ўз ичига олиши айни муддаодир.
Ўзбекистон парламенти гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган кун тартибини ва мақсадларини амалга ошириш учун миллий ва халқаро миқёсдаги барча манфаатдор томонлар билан яқиндан иш олиб бормоқда.
Гендер тенглиги бўйича барча манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг сўнгги мисолларидан бири сифатида - Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилганини кўрсатиш ўринлидир.
Ўзбекистон мажбурий ўрта таълим бериш бўйича дунёнинг кўплаб мамлакатларидан олдинда бўлса-да, олий ўқув юртларига аёлларнинг қамраб олиниши бир неча йиллардан бери парламентни ташвишга солмоқда. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мактабгача таълимда қиз болаларга қараганда кўпроқ ўғил болаларга имкон берадиган асосий сабаб яширин бўлиши мумкин.
Вазиятни тубдан ўзгартириш учун Мактабгача таълим вазирлигига аёлларни болалар боғчаларига қабул қилиш кўрсаткичларини кузатиб бориш ва ушбу кўрсаткичларни яхшилаш вазифаси юклатилди.
Шундай қилиб, қўлланмани ҳар бир мамлакат парламентининг ишчи тилига таржима қилиш лозим. Бу каби омиллар Парламентлараро иттифоқ ва "БМТ-Аёллар" тузилмасининг қўлланмада қайд этилган муаммолар бўйича ташаббус кўрсатишга парламент аъзоларини жалб қилиш имкониятларини янада кенгайтиради, деган фикрдамиз.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Парламентлараро иттифоқ раисининг ўринбосари
- Қўшилди: 03.08.2020
- Кўришлар: 4091
- Чоп этиш