Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 11 август куни қонунчиликда қўлланадиган айрим хорижий атамаларни ўзбекча муқобиллари билан алмаштиришни назарда тутувчи қонунни иккинчи ва учинчи ўқишларда қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилади.

Қонун билан «аванс» сўзини «бўнак», «маркировка»ни «тамғалаш», «маршрут»ни «йўналиш», «светофор»ни «йўлчироқ», «коворкинг»ни «иш маркази», «пароль»ни «ўрон», «прогрессив»ни эса «илғор» сўзига алмаштириш белгиланмоқда.

Депутат Барно Бердиеванинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси матнига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, амалдаги қонун ҳужжатлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, Солиқ кодекси, «Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида», «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида», «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунларда қўлланган «маркировка» атамаси «тамғалаш» сўзига алмаштирилган.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 776-моддасидаги «пароль» атамаси «ўрон» сўзи билан алмаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида ҳуқуқий нормалар мазмунини аниқроқ ифодалаш мақсадида таҳририй ўзгартишлар ҳам назарда тутилган. Масалан, Солиқ кодексининг 483-моддаси 69-қисмидаги «маркировкани» сўзи «тамғалаш белгиларини» жумласига ўзгартирилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги «маршрут» атамаси ҳам «йўналиш» сўзига алмаштирилади. Шу муносабат билан «йўналиш таксиларининг» эмас, «йўналишли таксилар» ибораси қўлланади. Бунда амалдаги қонунчиликда «йўналишли транспорт воситаси» ва «йўналишли таксилар» атамалари ишлатилиши асос қилиб олинган.

Қайд этилишича, мазкур ўзгартишлар қонун ҳужжатларидаги тушунча ва юридик атамаларни бирхиллаштириш, уларни қўллашдаги ноаниқликларни бартараф этишга қаратилган.

“Yangi Oʻzbekiston” va “Pravda Vostoka” gazetalari tahririyati