Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов Халқаро пресс-клубдаги давра суҳбатида қонун устиворлигида сўз эркинлигининг тутган ўрни ҳақида гапирди.
«Биздаги энг катта муаммо нима десангиз мен айтардимки, қонунларни қабул қилиш бу ишнинг 50 фоизи. Асосийси уларни ҳаётга изчил татбиқ қилиш керак.
«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга асосан, ҳозир ОАВ жамоатчилик назоратининг мустақил субъектига айланди. Қачон бўлган шундай?
Охирги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган 290та хусусий ва идоравий нодавлат интернет нашрлари ташкил этилди. Бу ҳеч қачон бўлмаган. Булар ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият олиб боради.
Бундан ташқари, бутун давлат органларимизда ахборот хизматларини ташкил этдик. 201та туман ва шаҳар ҳокимликларида биринчи марта матбуот хизмати жорий этилди.
Тўғри, улар яхши ёки ёмон ишлаётган бўлиши мумкин, лекин шу биринчи марта қилинди.
Бизда, тўғриси, нодавлат ОАВ жадалроқ ривожланяпти.
Машҳур америкалик ҳуқуқшунос Ральф Нейдер таъкидлаганидек, «Ахборот — демократиянинг асосий валютасидир». Сўз эркинлигисиз демократия ҳам, инсон эркинлиги ҳам бўлмайди.
Сўз эркинлиги — ҳар бир фуқаронинг шахсий ва табиий ҳуқуқидир. Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари глобал ҳуқуққа айланди.
Сўз ва мабуот эркинлигини биз 3 даражада кўришимиз керак. Булар: давлат, минтақа ва глобал даражадалардир.
Конституцияда икки нуқтайи назардан Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги эътироф этилган. 29-моддада ҳар бир шахснинг шахсий конституциявий ҳуқуқи, 67-моддада эса ОАВнинг фуқаролик жамиятининг институти жиҳатдан.
Биз биринчи ўринда сўз эркинлигининг ҳуқуқий асосларини таъминлашга қаратилган амалий қадамлар қўйдик. Иккинчидан, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашга қаратилган институтционал ўзгаришларни амалга оширдик. Масалан, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилди, нодавлат ахборот воситалари тизими ривожлантирилди, профессионал, замонавий фикрлайдиган журналистларни тайёрлаш бўйича ЎзЖОКУни ташкил этдик. Чунки ҳозирги кунда фикрлайдиган журналистсиз эркин матбуот бўлмайди», — деди Акмал Саидов.
Манба: kun.uz
- Қўшилди: 03.12.2020
- Кўришлар: 3670
- Чоп этиш