14 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов билан Малайзия парламенти Вакиллар палатаси (Dewan Rakyat) Спикерининг ўринбосари Моҳд Рашид бин Ҳаснон ўртасида видеоконференция ўтказилди, деб хабар бермоқда mfa.uz сайти. Ушбу онлайн-мулоқот Куала-Лумпур шаҳрида жойлашган мамлакатимиз Элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Суҳбат асносида Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг жорий ҳолати ҳақида сўз борди. Ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Малайзия томони Ўзбекистонда иқтисодиётни янада эркинлаштириш ва модернизация қилиш ҳамда давлат бошқаруви ва қонун ижодкорлиги соҳаларини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Томонлар Ўзбекистонда ва Малайзияда коронавирус тарқалишига қарши курашиш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида бир-бирлари билан ахборот алмашдилар. Ҳар икки томон айни йўналишда ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот асносида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мавжуд салоҳиятларни ишга солишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланди.
Малайзия томони келгусида икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш зарурлиги ҳақидаги фикрни маъқуллади. Парламентлараро алоқаларнинг чуқурлаштирилиши барча соҳалар, жумладан, парламент ва халқ дипломатияси йўналишларидаги икки томонлама муносабатларнинг жадаллашишига туртки бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатга доир масалалар бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон билан Малайзия қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Бундан ташқари жорий йил июнь ойининг иккинчи ярмида "Парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон ва Малайзия тажрибаси" мавзусида онлайн-форум ташкил этиш ҳақида келишиб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.05.2020
- Кўришлар: 4263
- Чоп этиш