Россияда - «номақбул» ОАВга изоҳ берганлик учун биринчи ҳукм

Бурятияда ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Низовкина Россия Федерациясида «номақбул ташкилот» деб эълон қилинган «Дождь» телеканалида фикр билдиргани учун жаримага тортилди.

Бурятиянинг Октябрский суди бурят ҳуқуқ ҳимоячиси Надежда Низовкинага нисбатан маъмурий иш бўйича қарор чиқарди. У «номақбул ташкилот» фаолиятида иштирок этиш моддаси бўйича айбдор деб топилди ва 5 минг рубл миқдорида жаримага тортилди, деб хабар берди «Медиазона» 25 январ, пайшанба куни суд сайтида эълон қилинган қарорга таяниб.

«Номақбул» ОАВга изоҳ берганлик учун жарима бўйича биринчи ҳолат

 Ҳужжатга кўра, Низовкина «номақбул ташкилот» фаолиятида иштирок этиб, «Дождь» телеканалида бурят фаоли Наталя Филонованинг асраб олинган ўғли болалар уйида калтаклангани ҳақида изоҳ берган. «Медиазона» таъкидлаганидек, бу Россия расмийлари томонидан «номақбул» деб эълон қилинган ОАВга изоҳ бериш учун ушбу модда бўйича баённома тузиш юзасидан биринчи ҳолатдир.

Надежда Низовкина ҳали ҳам Россияда. Ўтган йилнинг декабр ойида у «номақбул ташкилот» деб эълон қилинган «ПостРоссия эркин давлатлар форуми»да нутқ сўзлагани учун худди шу модда бўйича жаримага тортилган эди. Жарима 5 минг рублни ташкил этди.

«Дождь» телеканали Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан сўнг, Россия Федерациясидаги фаолиятини тўхтатиб, аввал Ригадан, сўнг Латвияда лицензиясини йўқотганидан кейин - Амстердамдан эфирга чиқишга мажбур бўлди. У 2023 йил июл ойида Россияда «номақбул ташкилот» деб эълон қилинган эди.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech