Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат учун жазо чоралари кучайтирилгани юзасидан муносабат билдирди.
Унинг қайд этишича, жорий йилнинг 28 июнидан бошлаб ушбу турдаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунчилик нормалари кучга кирган.
Эндиликда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлган шахсларга нисбатан маъмурий жарималар икки баравар оширилган. Шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликлар учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.
Қонунчиликка мувофиқ, бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни такроран содир этган шахслар эса жиноий жавобгарликка тортилиши ва озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, бундай қонунлар фақат айбдорларни жазолаш учун эмас, балки жамиятда қандай қадриятлар устувор эканини намоён этиш учун ҳам қабул қилинади.
«Барчамиз зўравонликка муросасиз муносабатда бўлсаккина, жамиятимизда хавфсизлик ҳукм суриши мумкин. Аллоҳ яратган ҳар бир мавжудотнинг қадри бор», — дея қайд этди у.
Президент администрацияси раҳбари, шунингдек, болаларда ҳайвонларга ва бошқа тирик мавжудотларга меҳр-оқибат туйғусини шакллантиришда ота-оналарнинг ўрни муҳимлигини таъкидлаб, фарзандларга кучни шафқатсизлик орқали намоён этиш мумкин эмаслигини болаликдан ўргатиш зарурлигини билдирди.
Kun.uz
