Самарқанд – ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортда намунали ҳудуд бўлади

Президент Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш ҳамда келгусидаги вазифаларни фаоллар иштирокида белгилаб олиш учун Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифини таомилга кўра, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш билан бошлади. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президентимизнинг ташаббуси билан мазкур мажмуа буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Умумий майдони 45 гектарни ташкил этадиган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид ва маъмурият биноси, музей, кириш ва чиқиш айвонлари қурилди. Зиёратгоҳнинг 4 бурчагидаги 75 метрлик миноралар унга маҳобат бағишлаган.

Бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ҳамда камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклиги эътиборга олиниб, мажмуада инновацион музей ташкил этилди. У ислом оламида муҳаддислар султони дея эътироф этилган Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси, ислом маърифати ривожига қўшган ҳиссасини намоён этади. 

Мажмуа аввал бир кунда 12 минг зиёратчига хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир 65 минг нафар меҳмонга халқаро стандартларга мос хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.

Бундан ташқари, ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби жойлашган. 

Зиёратгоҳ атрофида 570 миллиард сўм маблағ сарфланиб, меҳмонхоналар ва савдо-сервис нуқталари ташкил этилди. Бунда 1 та тўрт юлдузли, 2 та уч юлдузли меҳмонхоналар ҳамда 22 та оилавий меҳмон уйи қурилган. Мазкур объектлар тўлиқ коммуникация тармоқлари билан таъминланиб, ҳудуди ободонлаштирилган. 2026 йилга қадар ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда автотураргоҳларни ташкил этиш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари Имом Бухорий зиёратгоҳи халқимизнинг бой маънавий мероси ва бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намунаси бўлганини таъкидлаб, мажмуада айни пайтда олиб борилаётган сўнгги ободонлаштириш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.

Президентимиз Оқдарё тумани Даҳбед шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам мажмуасида амалга оширилаётган реконструкция ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг март ойида вилоятга ташрифи чоғида Маҳдуми Аъзам қадамжосини обод қилишга оид лойиҳа билан танишган эди.

Асли ҳозирги Косонсой туманида туғилган сўфий олим нақшбандия таълимотининг раҳнамоларидан бири бўлган. Ёшлик чоғларида Фарғонадаги мадрасада савод чиқариб, Самарқандда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди мавлоно Муҳаммад Қозий қўлида пирлик даражасига етишади. Кейинчалик ўзи тариқат илмига доир 30 дан зиёд асар ёзган, кўплаб шогирдлар етиштирган.

Бу зотга илм йўлидаги хизматлари учун Маҳдуми Аъзам унвони берилади. Илм ва дин йўлидаги узоқ сафардан сўнг Самарқандда абадий қўним топган.

Самарқанд ҳукмдори бўлган Ялангтўш Баҳодир Маҳдуми Аъзам қабри устида даxма қурдирган ҳамда бу ерда йирик масжид, илм толиблари учун мадраса барпо қилган. У вафот этганидан сўнг ўз васиятига кўра, шу ерда дафн этилган. Умуман, зиёратгоҳда 50 дан зиёд қабртош сақланган бўлиб, аксарияти кимнинг шарафига қўйилгани аниқланган. Бу ерда кўплаб алломалар қаторида икки нафар Афғонистон ҳукмдори (Шоҳ Ҳидоят ибн Шоҳ Қосим (1668 йил), Шоҳ Саодат ибн Шоҳ Ҳидоят) ҳам дафн этилган.

Аллома мангу қўним топган зиёратгоҳда лойиҳа доирасида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳининг умумий майдони қарийб 5 гектарни ташкил этади. Бу масканга келувчи зиёратчилар ҳам кўп. Уларга шароитларни яхшилаш мақсадида Маҳдуми Аъзам мақбараси ёнида уч қаватли замонавий автотураргоҳ, кириш дарвозаси, кушхона ва маъмурий бинолар, таҳоратхона, минг кишилик масжид ва қўшимча айвонлар қурилмоқда.

Таъмирлаш ишларидан сўнг бир вақтнинг ўзида 35 минг зиёратчини қабул қилиш имконияти яратилади. Авваллари 5 минг зиёратчи қабул қилинган.

Шунингдек, ҳудудда зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, 40 дан ортиқ савдо ва сервис объектлари ташкил этилади.

Аллома ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди. Президент зиёратгоҳда дарахт экди.

Зиёратгоҳни янада ободонлаштириш, боғда кўп йиллик дарахт кўчатлари ўтқазиб, ташриф буюрувчилар учун қулайликлар яратиш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Ҳизр мажмуасида ҳам бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасига гул қўйди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл линиясида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ушбу темир йўл қурилиши жорий йил февраль ойида бошланган бўлиб, умумий узунлиги 55 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида иккита вокзал, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида иккита юк станцияси ҳамда бир қатор кўприклар барпо этилди. Эътиборлиси, мазкур линияни келгусида тўлиқ электрлаштириш режалаштирилган.

Янги йўналиш икки жуфт шаҳарлараро поезд ва тўққиз жуфт юк поезди қатновини таъминлаш имкониятига эга. Лойиҳани шу йил охирига қадар якунлаш кўзда тутилган. Поездлар қатнови йўлга қўйилиши орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имкони яратилади.

Йўналиш Самарқанд шаҳри, Тойлоқ ва Ургут туманлари аҳолиси учун хавфсиз ва замонавий транспорт хизмати тақдим этиши билан аҳамиятли. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта туртки беради.

Темир йўл инфратузилмаси иқтисодиётнинг асосий тармоқларидан бири бўлиб, ушбу лойиҳа “Ургут” эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Янги йўналиш ишга тушиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга мазкур йўналишда ҳаракатланувчи поездда Ургутга борди. 

Сафар чоғида Президентимиз темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш, темир йўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш юзасидан мутасаддиларга қўшимча топшириқлар берди. Шунингдек, йўл бўйлаб амалга оширилаётган қурилиш ва ободончилик ишларига эътибор қаратди.

Ургут тумани катта салоҳиятга эга ҳудуд сифатида тобора муҳим ўрин эгаллаб бораётгани таъкидланди. Бу ердаги аҳоли ишбилармон, тадбиркорлик руҳи кучли. Мамлакатимиз иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган бундай ҳудудларни ривожлантиришда эса замонавий логистика ва инфратузилма ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Янги темир йўлнинг келиши билан Ургутда иқтисодий ўсишни чеклаб турган тўсиқлар, логистик “тромб”лар бартараф этилади. Юк ташиш тезлашади, маҳсулотлар бозорларга арзон ва вақтида етказилади, инвесторлар учун қулайликлар янада ортиб, ҳудуднинг рақобатбардошлиги ошади.

Энг муҳими, ҳудудда яратилаётган янги имкониятлар аҳолининг турмуш даражасига бевосита ижобий таъсир кўрсатади. Инфратузилма ривожланган жойда иш ўринлари кўпаяди, хизматлар яхшиланади, тадбиркорлик фаоллашади.

Таъкидланишича, мазкур лойиҳа темир йўл тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтиришга қаратилган ишларнинг муҳим қисми ҳисобланади. Бу жараёнда ишларни ўз вақтида ва юқори сифатда амалга ошириш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда харажатларни оптималлаштириш зарурлиги айтилди.

Сафар чоғидаги суҳбатда давлатимиз раҳбари Самарқандда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишларнинг одамлар ҳаётидаги ижобий акси яққол кўзга ташланаётгани, ёшларни ватанпарварлик руҳида, Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари сифатида тарбиялаш ҳақида сўз юритди. Ургутгача тортилган темир йўлга туташ ерларни ўзлаштириш, уларда қишлоқ хўжалиги маданиятини юксалтириш, таълим соҳасида, шу жумладан, қўшни давлатлар билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Ургут вокзали янги йўналишнинг асосий нуқталаридан бири. Президентимиз вокзал инфратузилмаси, хизмат кўрсатиш тизими ва йўловчилар ҳаракатини ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди. Туристлар учун қулайликларни яхшилаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари шу ерда Ургут тумани фаоллари билан самимий мулоқот ўтказди. Суҳбатда ҳудудлардаги ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи ва тинчлик қадри ҳақида фикр алмашилди.

Одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, даромад ва фаровонликни ошириш, маҳаллаларни обод қилиш давлат сиёсатида устувор йўналиш сифатида белгиланаётгани таъкидланди. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар натижасида саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, транспорт ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Нуронийлар бу ўзгаришлар аҳоли ҳаётида сезиларли натижа бераётгани, халқимиз ислоҳотларга юқори баҳо бераётганини таъкидлади.

Шунингдек, Президентимиз вокзал атрофида аҳоли фаровонлиги ва ҳудуднинг иқтисодий жозибадорлигини оширишга қаратилган қўшимча лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишди. Тадбиркорлар ташаббуси асосида яқин ҳудудларда автовокзал, чойхона, экобозор, турар жой бинолари, хусусий мактаб ва боғчалар барпо этиш режалаштирилмоқда.

Ушбу ишлар амалга оширилиши натижасида аҳолига янги хизмат турлари яратилади, ҳудуднинг ижтимоий инфратузилмаси яхшиланади, тадбиркорлик муҳити янада фаоллашади. Энг муҳими, 350 нафарга яқин фуқаронинг доимий бандлиги таъминланиб, ҳудуднинг иқтисодий ўсишига қўшимча туртки берилади.

Давлатимиз раҳбари Ургут туманидаги “Ferre Group” корхонасининг маиший техника ишлаб чиқариш лойиҳаси фаолияти билан танишди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасидаги мазкур корхона кейинги йилларда юртимизда тадбиркорлик субъектларига яратилган қулай имконият ва ишончли инвестиция муҳити натижасида ташкил этилган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси саналади. 

Дастлаб хориждан келтирилган бутловчи буюмлар асосида бир неча турдаги маиший техника воситаларини йиғиш билан фаолият бошлаган корхона бугунга келиб музлаткич, газ плита, кичик печ, чангюткич, дудбурон ва бошқа уй-рўзғор буюмлари, замонавий темир эшиклар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда мустаҳкам ўринга эга йирик компанияга айланган. 

Бу ерда “Dorsa”, “Kleo”, “Ferre” каби брендлар остида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан тайёрланаётган маҳсулотлар Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжонга экспорт қилинмоқда. Ички бозордаги рақобат муҳитида ҳам “Ferre” ўз ўрнини топган брендга айланган. Корхонанинг йиллик қуввати ҳозирда ўртача 440 миллиард сўмлик 250 минг дона маҳсулотни ташкил этиб, бу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда. 

Ишлаб чиқариш жараёнида "Embraco", "LG", "DOW", "Midea" каби дунёдаги етакчи компаниялар материаллари ва бутловчи қисмларидан фойдаланилади. Бугунги кунда корхона маҳсулотларининг маҳаллийлаштириш даражаси қарийб 85 фоизни ташкил этади.

Лойиҳанинг умумий қиймати ўттиз миллион АҚШ доллари бўлиб, хорижий инвестиция ва банкнинг имтиёзли кредитлари жалб этилган. Мингга яқин иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш ускуналари Германия, Туркия, Италия ва Хитойнинг энг сўнгги русумдаги технологиялари ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кузатди, корхона масъуллари ва мутахассислар билан суҳбатлашиб, халқаро стандартларга мос маҳсулотлар турини ошириш ва хориж бозоридаги ўрнини янада мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади. Бу борада давлат томонидан яратиб берилган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Ўз брендига асос солиб, юртимиз довруғини дунёга таратаётган тадбиркорлар доимо қўллаб-қувватланиши айтилди. Улар қўшимча қиймат яратиб, минглаб одамларни доимий даромадга эга қилмоқда.   

– Тадбиркорни қўллаб-қувватламасдан янги Ўзбекистонни барпо қила олмаймиз. Агар сизлар тинимсиз изланиб, бирлашсангиз, Самарқандда камбағал деган қатлам қолмайди. Ҳаракатда бўлиб, Ўзбекистон номини жаҳонга танитишдек имкониятга эгасиз, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари “Ургут” эркин иқтисодий зонасида бу каби ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириш орқали қўшимча қиймат яратиш ва янги иш ўринлари очишнинг муҳимлигини таъкидлаб, масъулларга топшириқлар берди.

Шу ерда Президент инвестиция лойиҳалари, Самарқанд вилоятидаги етакчи саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. 

Тақдимотда соғлиқни сақлаш, тоғ-кон саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, технопарк, ипакчилик ва металлургия йўналишларидаги қатор лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Самарқанд шаҳрида Туркиянинг нуфузли компаниялари билан ҳамкорликда давлат-хусусий шериклиги асосида кўп тармоқли шифохона ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳа доирасида 1 минг нафар иш ўрни яратилади.

Булунғур туманида эса Хитой компанияси билан тиббий препаратлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу лойиҳа доирасида ҳам 1 минг нафар одамнинг бандлиги таъминланади. 

Шунингдек, Хитой компанияларининг Ургут туманида ипак толаси ҳамда мато ишлаб чиқариш, Нуробод туманида технопарк махсус саноат зонасини ташкил этиш, Самарқанд шаҳрида пўлатни эритишда фойдаланиладиган кимёвий қотишмалар тайёрлаш, Пастдарғом туманида кўчма иншоотлар ясаш каби лойиҳалари тақдим этилди.

Лойиҳаларни ўз вақтида сифатли ва тезкор амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шундан сўнг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўзга чиқиб, аввало, вилоят жамоатчилиги билан кўришиб турганидан мамнунлигини таъкидлади. Вилоятда эришилган ютуқлар ва ҳали ишга солинмаган имкониятларга тўхталди.

– Ўзида кўп минг йиллик тарих ва қадриятларни мужассам этган, замонавий меъморчилик анъаналари асосида кундан-кунга чирой очиб бораётган бу улуғ замин дунё цивилизациясида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда, – деди Президентимиз.

Хусусан, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази барпо этилгани, 40 дан зиёд муқаддас зиёратгоҳлар обод бўлгани, “Самарқанд” халқаро аэропорти янгидан қурилгани, ўнлаб халқаро бренд меҳмонхоналар иш бошлагани вилоят туризм салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди.

Самарқанд сўнгги йилларда сиёсий, иқтисодий, туризм ва бизнес марказига, кўплаб йирик халқаро тадбирлар, форум ва анжуманлар учун мулоқот майдонига айланди.

Шу йилнинг ўзида бу ерда 40 дан ортиқ нуфузли халқаро анжуман ташкил этилгани, айниқса, яқинда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилгани чиндан ҳам улкан воқеа бўлди.

Умуман, туризм ва унга турдош соҳаларга 1 миллиард доллар инвестиция киритилгани учун вилоятга сайёҳлар оқими 2016 йилгидан 7 карра ўсди, туризм хизматларининг экспорти 600 миллион долларга етди.

Бугун вилоят нафақат туризмдаги, балки саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишдаги улкан салоҳияти билан инвестор ва тадбиркорлар учун чинакам жозибадор масканга айланиб бормоқда.

Ўтган саккиз йилда вилоятга 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 600 минг доимий иш ўрни яратилди, тадбиркорлар 2 карра кўпайди.

Ишлаб чиқариш корхоналарининг сони 1,5 баробар, саноат ҳажми 1,7 баробар ўсди. Йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар сони 81 тага етди. 55 та давлатдан хорижий инвесторлар иш бошлади, чет эл иштирокидаги корхоналар сони 700 тага яқинлашди.

Хизматлар йилига ўртача 15 фоиздан ўсяпти, бу йил сервис ҳажми 75 триллион сўмга етади.

Шунингдек, 2024 йил ва жорий йилнинг 10 ойида 15 миллион квадрат метрли уй-жой ва тижорат объектлари барпо этилди. Самарқандлик қурувчилар республика бўйича йилига 4,5 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар қуряпти.

Вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2016 йилда 23 триллион сўмни ташкил этган бўлса, бу йил 120 триллион сўмга етиши кутилмоқда.

Одамлар вилоятда амалга оширилган ишлар ҳисобига оиласида катта ижобий ўзгаришлар бўлганини айтмоқда.

Масалан, ўтган даврда 2 триллион сўмлик 3 минг 200 километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилди.

– Бир сўз билан айтганда, Самарқандни аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳам, туристлар ва инвесторлар учун ҳам жозибадор ҳудудга айлантира олдик, – деди Президентимиз.

Республика туманлари ичида аҳолиси энг кўп Ургутда 600 мингдан ортиқ одам истиқомат қиляпти.

– Ургут тумани узоқ йиллардан бери вилоят қишлоқ хўжалигида етакчи. Адир ва тошлоқ ерда “Ургут” эркин иқтисодий зонасини ташкил қилганимиз, 860 миллион долларлик 74 та лойиҳа ишга тушгани натижасида Ургут саноатлашган ҳудудга айланди, – деди давлатимиз раҳбари.

Саноат ривожланиши савдо ва сервисга ҳам катта туртки берди. Ҳозир Ургут вилоят саноатида учинчи ўринда, сервисда эса тўртинчи ўринда.

Бугун Ургутда яна бир тарихий воқеа – 55 километр темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу тармоқни электрлаштириш ишлари келаси йил тўлиқ якунига етказилади. Бу, аввало, аҳолига янада қулай шароит яратиш билан бирга саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервисда янги имкониятлар эшигини очиб беради.

Ҳудуддаги аҳоли уй-жой, канализация, ичимлик суви, мактаб, боғча, шифохона, бизнес инфратузилмаси билан боғлиқ масалалар ечимини анчадан бери кутаётгани кўрсатиб ўтилди. Шунинг учун Президентимиз Ургут марказига “Янги Ўзбекистон” қиёфасини олиб кириб, юртимиздаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлардан бирига айлантириш бўйича алоҳида қарорни имзолади.

Туманнинг Қуйи Камангарон маҳалласидаги “Янги Ўзбекистон” массивига туташ ҳудуддан 90 гектар қўшимча жой ажратиб, замонавий урбанистика асосида 100 минг аҳолига мўлжалланган экошаҳар барпо этилиши эълон қилинди.

Янги шаҳарда йўл, сув, канализация, электр, мактаб, боғча, шифохона ва бошқа инфратузилма объектларини қуриш, тадбиркорлик лойиҳалари учун 50 миллион доллар ажратилади.

Янги шаҳарнинг 3 гектар майдонида туманнинг 35 та ташкилоти учун ягона маъмурий марказ қуриб берилади. Уларнинг бўшаган бинолари эса бизнес учун хусусий секторга таклиф қилинади.

Яна бир янгилик – Оқдарё, Пайариқ, Пастдарғом, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидаги 17,5 минг гектар ҳудуд Самарқанд шаҳрига қўшиб берилади. Бунинг ҳисобига Самарқанд шаҳри аҳолиси 604 мингдан 882 мингга ошади.

Шу боис, аҳолиси ва даромади кундан-кунга ўсиб бораётган Самарқанд шаҳрида замонавий уй-жойларга бўлган талабни таъминлаш учун 3 та йирик массив танлаб олинди. Жумладан, “Ширин” массивида 180 минг, “Темир йўлорти” ҳудудида 100 минг, “Қорасув-2” массивида 30 минг аҳоли учун 700 дан ортиқ замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилади.

Бу ерларда мактаб, боғча, олийгоҳ ва шифохона, замонавий бизнес ва савдо маркази, меҳмонхона ва ресторан, кўнгилочар масканлар ҳам қурилади. Испаниялик инвесторлар билан хусусий шериклик асосида ушбу 3 та массивнинг канализация тизими янгиланади.

Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини камайтириш мақсадида Оқдарё, Тойлоқ ва Самарқанд туманидан ўтувчи магистрал йўл бўйида 4 та логистика маркази барпо этилади.

Давлатимиз раҳбари Ургут мисолида имкониятларни таҳлил қилиб, вазирлар ва ҳокимлар олдига кейинги йил учун аниқ вазифаларни қўйди.

Сессияда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди.

– Биз юртимизда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиётни барқарор ўстириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича катта-катта марра ва режаларни оляпмиз. Бу ишларни ташкил қилиш учун вилоятга замонавий фикрлайдиган, муаммоларни тизимли таҳлил қилиб, инновацион ечим бера олишга салоҳиятли раҳбар керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Адиз Бобоев номзодини тавсия этди.

Вилоят фаоллари, депутатларнинг номзод ҳақидаги фикрлари тинглангач, вилоят ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овоз бериш натижаларига кўра, Адиз Бобоев вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Президентимиз янги ҳокимга у иш ўрни яратиши, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш ҳамда энергия тежамкорликни ошириш бўйича Самарқандни намунали ҳудудга айлантириши шартлигини кўрсатиб ўтди.

Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари масъулларнинг ҳисоботлари ва режаларини тинглади.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида Рақамли соғлиқни сақлаш маркази ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиаллари фаолияти билан танишди.

Охирги бир йилда мамлакатимизда тиббиётни рақамлаштириш ишлари бутунлай янги босқичга кўтарилди. Бу ишларни йўлга қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида Рақамли соғлиқни сақлаш маркази очилди.

Ушбу марказнинг Самарқанддаги филиалида олиб борилаётган ишлар давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинди. Вилоятдаги тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш ишларининг бориши, касалликлар, беморлар ва дори воситалари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ҳамда уларга ишлов бериш учун қўлланилаётган дастурий ечимлар ва сунъий интеллект технологиялари, буларнинг барчаси амалда қандай натижалар бераётгани тўғрисида батафсил ахборот берилди.

Жумладан, соҳада DMED ягона электрон ахборот платформаси ишга туширилиб, унга 36 миллион нафардан зиёд аҳолининг тиббий маълумотлари киритилди. Тез тиббий ёрдам хизматида электрон бошқарув йўлга қўйилиб, чақириқларга етиб бориш вақти қисқармоқда.

Шунингдек, “Электрон рецепт” тизими фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида ортиқча дори ёзиш ҳолатлари 40 фоизга камайди, дори воситаларининг айланмаси шаффофлашди.

Мамлакат бўйлаб давлат тиббиёт муассасалари замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари билан таъминланди, ягона рақамли инфратузилма шакллантирилди. Уч мингдан ортиқ тиббиёт муассасаси локал тармоқ билан таъминланди. Минглаб янги компьютерлар харид қилиниб, техник база янгиланди.

Президентимиз рақамлаштириш орқали соғлиқни сақлаш билан боғлиқ барча аналитик маълумотларга эга бўлиш давлат учун муҳимлигини, бу – тиббиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, соҳада маблағ ва ресурсларни тўғри тақсимлаш, дори-дармон муомаласини тартибга солиш ва коррупция ҳолатларига барҳам беришнинг муҳим воситаси эканини таъкидлади. Мутасаддиларга бу борадаги ишларни тизимли давом эттириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Беморлар оқими, касалликлар тузилиши, даволаш сифатини чуқур таҳлил қилиб борсак, биз тизим самарасини янада ошира оламиз, – деди Президентимиз.

Дори воситалари берилишини шаффоф ва тизимли қилиш, шунингдек, лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Юртимизда юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва юқори технологияли тиббий хизматларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча ҳудудларда бўлгани каби Кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд филиали ҳам тубдан янгиланиб, замонавий қиёфа касб этди.

Давлатимиз раҳбари бу ердаги шароитлар билан танишди.

Марказни ривожлантириш учун жами 52 миллиард сўм йўналтирилиб, кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди. Бугунги кунда марказ 100 ўринли шифо масканига айланган бўлиб, 262 турдаги тиббий ускуналар билан таъминланган.

Хизматлар қамровини кенгайтириш мақсадида мобил диагностика тизими йўлга қўйилиб, етти минг нафарга яқин беморда коронарография амалиёти ўтказилди. Лойиҳа доирасида реанимация бўлими, ситуацион марказ ва кутиш зали ҳам замонавий тарзда барпо этилди.

Марказда Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлашга ҳам муҳим эътибор қаратилмоқда. Кардиохирургия йўналишида клиник ординатура фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллий мутахассисларнинг малакаси оширилмоқда.

Янги имкониятлар туфайли юқори технологияли тиббий хизматлар кўлами сезиларли кенгайди. Хусусан, юрак-қон томир операцияларининг сони йил давомида 383 тадан 590 тагача ортди.

Давлатимиз раҳбарига “Инфаркт ва инсультга қарши кураш” миллий дастури тақдимоти давомида юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликлар бўйича статистика, 5 йиллик касалланиш динамикаси, Европа стандартларига мос миллий дастурлар ҳамда таҗриба-синов лойиҳаси натижалари ҳақида ахборот берилди.

Ушбу касалликларни барвақт аниқлаш, олдини олиш ва даволаш бўйича ишлаб чиқилган беморларни йўналтириш (маршрутизация) тизими тақдимот қилинди.

Президентимиз бундай марказлар тиббий хизмат сифати ва аҳоли саломатлигини яхшилашда муҳим ўрин тутиши, Самарқандда яратилган тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ, 

Икром АВВАЛБОЕВ,

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА махсус мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech