Куни кеча, 12-13 август кунлари бўлиб ўтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми худди шу мавзуга бағишланди.
Самарқанд форуми ишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Кенгаши, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, шунингдек мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 30 дан зиёд ёшлар ташкилоти вакиллари ва ўқувчи-талабалар ҳам қатнашди. Самарқанд веб-форуми иштирокчиларининг жами сони 1000 нафардан ортиқ кишини ташкил этди.
Самарқанд форумининг расмий очилиш маросимига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси (ЮНОДС) минтақавий вакили, БМТ Доимий вакили вазифасини бажарувчи Ашита Миттал модераторлик қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.
Ёшлар - янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс куч
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "келажакка интилиб яшайдиган ёш авлод сайёрамизда фаровон ҳаёт ва юксак тараққиёт барқарор бўлиши учун янги ғоялар ва ижодий руҳдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширадиган беқиёс кучдир". Бу фикрлар давлатимиз раҳбарининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига йўллаган табригида янгради.
Президентимиз ўз табригида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга Ўзбекистоннинг мазкур форумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Президенти, шунингдек халқаро анжуман ишида иштирок этаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Парламентлараро иттифоқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Ислом ҳамкорлик ташкилоти вакиллари ва бошқа халқаро шерикларимизга ташаккур изҳор этди.
"БМТнинг Ёшлар стратегиясида таъкидланганидек, “ёшлар сиймосида энг қимматли ва ўта муҳим ресурслар мужассам топган бўлиб, унга ҳар қанча инвестиция киритса арзийди, чунки бу сармоялар бир неча баробар зиёда бўлиб қайтади”. Мен ғоят муҳим ушбу фикрга тўлиқ қўшиламан", деб қайд этди ўз табригида Ўзбекистон раҳбари.
"Шу йилнинг бошидан буён COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият глобал ҳаёт кун тартибидаги марказий масала бўлиб келмоқда. Янги коронавируснинг тарқалиши бутун дунёда жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келди. Аҳоли, биринчи галда ёшлар ана шу таҳдидларга жавобан давлатлар ҳамда халқаро ҳамжамият томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилишини талаб этадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келди.
Бундай шароитда ёшларнинг овозига қулоқ тутиш жуда муҳимдир. Уларнинг долзарб эҳтиёжларини таъминлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий, минтақавий ва глобал стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда бевосита иштирок этишлари учун ёшларга имконият яратиб бериш зарур", дейилади Ўзбекистон Президентининг табригида.
Табрикда таъкидланганидек, "Аҳолисининг ярмидан зиёдини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистонда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган".
Шу муносабат билан, Президентимиз табригида қайд этилганидек, "БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг қабул қилиниши жаҳондаги икки миллиарддан ортиқ йигит ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. У ёш авлодни маърифий руҳда тарбиялаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади. Ушбу ташаббус халқаро жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда".
Давлатимиз раҳбари, шунингдек "бугунги Форум иштирокчилари ҳам ана шу ташаббусни қўллаб-қувватлайдилар, ҳужжат лойиҳасини ўз амалий таклифлари билан бойитадилар", деб ишонч билдирди.
Ёшлар келажакка катта ҳавас билан қарамоқда
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади. Ушббу мурожаатни БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармаси (ЮНОДС) минтақавий вакили, БМТ Доимий вакили вазифасини бажарувчи Ашита Миттал ўқиб эшиттирди.
БМТ Бош котиби Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумини ташкил этгани учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорчилик билдирди ва ушбу форум Халқаро ёшлар кунида ўтказилаётганига алоҳида эътибор қаратди.
Самарқанд форуми иштирокчиларини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, ЮНЕСКО, БМТТД, БМТ Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси, Осиё Парламент Ассамблеяси, ШҲТ, МДҲ, каби нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳамда юқори даражадаги вакиллари ҳам қутладилар.
Жумладан, «мазкур Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми - минтақанинг барча навқирон инсонлари учун ўз тажрибаларини ўртоқлашишга қулай имконият бўлса, ҳукуматлар вакиллари учун - ана шу ёшларни тинглаш имкониятидир. Бу барча иштирокчилар учун барқарор ривожланишга эришишда ёшларнинг ролини ошириш йўлларини излаш, бунда сиёсат ёшларнинг эҳтиёжлари ва овозларини ҳисобга олишини таъминлаш имконияти ҳамдир. Мен теран, очиқ ва самарали мунозаралар учун шундай шароитни тақдим этгани учун ҳукумат вакилларига миннатдорчилик билдираман", деб таъкидлади ўз мурожаатида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет.
"Биз инсон ҳуқуқлари, айниқса, навқирон авлод ҳуқуқлари кундалик воқеликка айланишига эришмоғимиз учун ҳали олдимизда олис йўл турибди", деб ҳисоблайди ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле. "Ушбу ҳуқуқларни ҳаётга жорий этиш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш – ЮНЕСКОнинг келажак авлодга содиқлиги замирида айни шу ҳақиқатлар мужассам", деб қайд этди у.
Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг фикрича, "жаҳон ҳамжамияти кутилмаган муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилаётган ҳозирги даврда дунёнинг кўпроқ инновациялар, кўпроқ шиддат-шижоат ва кўпроқ ғояларга эҳтиёжи кучлидир. Ёшларда айни шу омилларнинг барчаси мавжуд. Шу маънода, айтмоқчиманки, ёшларнинг сиёсатда иштирок этиши - бу нафақат амалга оширилиши зарур бўлган ҳуқуқ, айни чоғда, бизнинг ялпи келажакка тикадиган сармоямиз ҳамдир".
"Катта авлод вакиллари ёшларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига, умуман, жамиятга кенг жалб этишлари керак", деб ҳисоблайди Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси президенти Георгий Церетели. Шунингдек, у ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд форуми ташкилотчилари ушбу лойиҳани пандемия даврида ҳаётга татбиқ эта олганлари жуда муҳим эканини алоҳида эътироф этди.
"Ёшлар - ҳар қандай демократиянинг келажагидир. Бугунги ёшлар - эртанги куннинг етакчилари ва шу муҳим омилнинг ўзи ҳам умумбашарий муаммоларни ҳал этиш йўлида янги ғоялар туғилиши учун асос бўлиши мумкин", деб ҳисоблайди Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий. Шу муносабат билан у БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш"га доир ташаббусни илгари сургани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдирди.
МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида нақадар фаол иш олиб бораётганига Самарқанд форуми яққол мисол бўла олади, деб таъкидлади. Шунингдек, "Барчамиз яхши биламизки, ёшлар - бизнинг келажагимиз. Аммо, улар фақат келажагимизгина эмас. Биз навқирон инсонларнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, инсонпарварлик фаолияти соҳаларидаги муҳим ҳамда ижобий ҳиссаларини муносиб даражада эътироф этамиз", деб қайд этди С.Лебедев.
ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, Низоларнинг олдини олиш маркази директори Туула Юрьёля "Ёшларни фаолиятга жалб этиш - бу нафақат инклюзив натижа, айни чоғда, тинчлик ва хавфсизликнинг барқарорлиги ҳамдир. Шу сабабли кун тартибидаги ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик соҳалари мавзуси муҳокамалари бутун дунёни қамраётганини маъқуллайман", деб таъкидлади. ЕХҲТ вакили ушбу муҳим мавзуга доир ташаббус билан чиққани учун Ўзбекистон Ҳукуматига миннатдорлик билдирди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директорининг биринчи ўринбосари Катаржина Гардапхадзе ўз чиқишида Ўзбекистонда ислоҳотлар доирасида катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганини юқори баҳолади. Шунингдек, "Ёшлар ҳамиша ана шу барча ислоҳотларнинг марказида туришини таъминлаш жуда муҳимдир. Шунингдек, биз форумда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси муҳокама қилинишини юқори баҳолаймиз ва бу жараёнда кўмак беришга тайёрмиз", деб таъкидлади у.
Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий ҳужжатлардан - глобал Конвенция сари
Самарқанд форуми иштирокчилари Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини атрофлича муҳокама қилдилар. Мазкур халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг 72-сессиясида илгари сурилган.
Самарқанд форуми давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қайд этганидек, бундай Конвенциянинг зарурати бугунги кун воқеликлари ва талаблари, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар билан ўзаро боғлиқ ва ҳамоҳангдир.
Биринчидан, ёшларнинг ҳозирги авлоди дунё тарихи бўйича олиб қараганда энг кўп сонлиси ҳисобланади, аммо уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаяпти.
Иккинчидан, ёш авлод ижтимоий субъект сифатида давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама — ёшларни ривожлантиришга йўналтирилган муайян ресурсларни ажратиш, давлат ёшлар сиёсатининг инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ замонавий инфратузилмасини яратиш каби қўллаб-қувватловига муҳтож.
Учинчидан, аҳолининг ёшлар қатлами учун ёш чегарасининг халқаро мезонларини ишлаб чиқиш ва буни ёшлар ҳуқуқлари ҳамда уларни таъминлаш бўйича давлат мажбуриятлари ўрнатилган халқаро ҳужжатда белгилаш муҳим аҳамиятга эга бўлгани ҳолда, ҳозиргача бундай ҳужжат мавжуд эмас.
Тўртинчидан, бугунги кунда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда БМТнинг “Ёшлар — 2030” ёшлар стратегияси ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Лекин ҳамон белгиланган аниқ мақсадлар ва мезон кўрсаткичлари бўйича ёшларнинг ривожланиш истиқболларини намоён этувчи замонавий халқаро модель яратилмаган.
ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари элчи Шерзод Асадов модераторлик қилган Самарқанд форумининг биринчи ялпи мажлисида шу ҳақда сўз борди. Шунингдек, ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. ушбу сессияда дастлаб ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд ҳалқаро-ҳуқуқий воситалар ва механизмлар кўриб чиқилди.
Бугун дунёда ёшлар аҳолининг мисли кўрилмаган даражада кўпчилигини, яъни 2 миллиарддан зиёд қисмини ташкил қилмоқда. Бу аксарият мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, аҳолининг ўсиб борадиган катта қисми ёшлардан иборат, деганидир. Шу маънода, ёшларнинг барча ҳуқуқларини, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маданий, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва амалга оширишни таъминлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилиш лозим.
Аммо, ушбу соҳада мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат ҳалигача қабул қилинмаган. Бу эса ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд.
Халқаро анжуман иштирокчилари фикрича, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция - том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган. Энг асосийси, Конвенцияда "ёшлар сиёсати" тушунчаси моҳиятига ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқлари: давлат ва хусусий сектор, шунингдек нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаол фаолиятига доир сиёсат сифатида кенг маъно сингдирилган.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Владимир Норов Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳаси муҳокамаси ҳақида тўхталиб, "ушбу Конвенциянинг БМТ Бош Ассамблеясининг яқин орадаги сессиясида қабул қилиниши давлатлар ва бутун жаҳон ҳамжамияти олдида турган даъватларга ўз вақтида ва амалий тарзда берилган жавоб, шунингдек ёшларнинг уйғун ривожланиши, уларнинг улкан салоҳиятидан мамлакатларимиз фаровонлиги ва барқарор ривожланишини таъминлаш ҳамда пандемиянинг салбий асоратларини енгиб ўтишда фойдаланиш учун қулай имконият бўлур эди", деган фикрларни билдирди.
Ёшлар ва таълим, тинчлик, хавфсизлик
Самарқанд форумининг иккинчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш мақсадлари диққат марказида бўлди. Ушбу сессияга БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска билан "YUKSALISH" умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов модераторлик қилди.
Қизғин мунозаралар доирасида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ёшларнинг роли қандай бўлиши керак, деган саволга жавоблар изланди. Шунингдек, ёшлар ҳуқуқларини амалга оширишда учраётган асосий муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.
Анжуманнинг учинчи ялпи мажлисида ёшлар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масалалари муҳокама қилинди. Мазкур сессияга БМТ Аҳолишунослик фондининг (ЮНФПА) Ўзбекистондаги вакили ва Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Йу Йу билан Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳим Ҳакимов модераторлик қилди.
Иштирокчилар ёшларга инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бериш бўйича халқаро тажрибани таҳлил қилдилар. Мунозаралар асносида дунё ёшларининг инсон ҳуқуқлари борасидаги саводхонлигини ошириш зарурлиги таъкидланди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси вакили Паулина Тандионо ўз чиқишида қайд этганидек, "Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, уларни ривожлантириш ва жамият ҳаётига жалб этишнинг калитидир".
Айни йўналишда амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Бинобарин, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бугунги ва эртанги ёшларга бевосита боғлиқ.
Тўртинчи ялпи мажлис "Тинчлик ва хавфсизликни илгари суришда ёшларнинг роли: 2030 йилгача янада хавфсизроқ келажакка назар" деган мавзу муҳокамасига бағишланди.
ЕХҲТнинг Ёшлар ишлари бўйича маслаҳатчиси Анастасия Фуско билан Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев модераторлигида ўтган ушбу сессияда хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларига ҳар томонлама ёндашувни мустаҳкамлашда ёшларнинг ўрни ҳамда аҳамиятини ёритиш масалалари кўриб чиқилди.
Форумнинг якуний ҳужжати: Самарқанд резолюцияси
Самарқанд форумида таъкидланганидек, БМТ доирасида ва ундан ташқарида ёшлар масаласи тез-тез муҳокама марказига қўйилмоқда. Аммо, глобал ривожланиш даврида олдинга қараб бир неча қадам, натижали қадамлар қўйиш зарурати мавжуд.
Шу нуқтаи назардан, иштирокчиларнинг баҳолашича, Самарқанд веб-форуми ер юзидаги ёшларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга қаратилгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Бунда, айниқса, БМТ Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясининг қабул қилиниши келгусида жаҳондаги барча давлатлар ёшлар масалаларига бўлган эътиборни тубдан оширишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Ёшларнинг алоҳида ҳуқуқларига жиддий эътибор қаратилиши, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларига манзилли кўмак кўрсатишда улкан омил бўлади.
Ушбу халқаро ҳужжатнинг мақсади - дунё бўйича ёшларнинг эҳтиёжларини қондириш, ёшларнинг энг мақбул қизиқишлари, эркинликлари ва ҳуқуқлари кафолати ҳамда салоҳиятини мустаҳкамлаш учун халқаро, минтақавий ва миллий даражадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат.
Худди шундай истиқболли ташаббуслар ва амалий таклиф-тавсиялар халқаро анжуманнинг якуний ҳужжати лойиҳасидан ҳам жой олган. Иштирокчилар уни тасдиқлаш юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўйича бошқармасининг минтақавий вакили Ашита Миттал ва бошқаларнинг чиқишлари тингланди.
Халқаро анжуман ниҳоясида "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.
Самарқанд форумининг бевосита ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга тадбир иштирокчилари ва жаҳон ёшларига йўллаган самимий тилаклари учун чуқур миннатдорчилик билдирилди.
Халқаро анжуман тўрт тилда - ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида олиб борилди. Унинг якунида дунёнинг турли мамлакатларидан йўлланган табрик ва эзгу тилаклар, таклиф ва тавсиялар тингланди. Самарқанд форумига келиб тушган саволларга жавоблар қайтарилди.
Самарқанд веб-форуми иштирокчилари халқаро анжуманга пухта тайёргарлик кўрилганини алоҳида қайд этдилар. Бу, ўз навбатида, мунозара ва муҳокамалар самарадорлигини, умуман, халқаро анжуманнинг юқори савияда ўтишини таъминлагани эътироф этилди.
Ғулом Мирзаев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директорининг матбуот котиби
("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 14 август)
- Қўшилди: 14.08.2020
- Кўришлар: 4261
- Чоп этиш