Сара Ношади: Ўзбекистон ўз маданий мероси қадри, улуғворлигини яхши англайди

Маълумки, мамлакатимизнинг бой тарихи, буюк алломаларимиз дунё цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳисса бутун дунёда ҳақли равишда эътироф этилади. Яқинда юз берган тарихий воқеа – Беруний номидаги UNESCO-Ўзбекистон мукофоти таъсис этилиши ҳам барчамизни қувонтирди. Буюк аждодимиз хотирасига нисбатан билдирилган юксак ҳурмат Ўзбекистон ва UNESCO алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани тасдиғидир. 2025 йил яна бир тарихий воқеани кутяпмиз – мазкур нуфузли тузилма Бош конференцияси Самарқандда ўтказилади.

Англаганингиздек, ЎзА минбарида ушбу ташкилотнинг юртимиздаги вакили Сара Ношади хоним:

– Сўнгги йилларда UNESCO ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. Бу жараён Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилган ислоҳотлар бизнинг маданий меросни ҳимоя қилиш, барча учун сифатли таълимни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини қўллаб-қувватлаш каби тамойилларимизга ҳамоҳанглиги билан боғлиқ.

Муносабатларимиз 2025 йил навбатдаги босқичга кўтарилади, десам адашмайман. Зеро, UNESCO Бош конференцияси Самарқандда, сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждан ташқарида ўтади.

Шу ўринда эътироф этиш жоиз, Беруний номидаги ЮНЕСКО- Ўзбекистон мукофоти жуда муҳим йўналиш – сунъий интеллект этикаси бўйича юксак эътироф ҳисобланади. Бу соврин таъсис этилиши ташкилотимиз учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. UNESCO бунинг учун миннатдор, чунки айни мавзудаги таклифлар бугунги кунда жуда долзарб. Илк бор 2018 йил илгари сурилган ғоя асосида Ўзбекистон ҳукумати ташаббуси билан таъсис этилган мукофот, насиб этса, 2025 йил Самарқандда тақдим қилинади.

Aбу Райҳон Берунийни яхши биламиз, албатта. Илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирнинг номи энди сунъий интеллект ва ушбу йўналиш этикаси бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам боғланади. Аҳамияти кун сайин ортиб бораётган сунъий идрокни ахлоқий жиҳатдан тўғри қўлланишини таъминлаш масаласи жуда муҳим.

Ҳукуматингиз ўз маданий мероси қадрини, улуғворлигини яхши англаб етган ва бу борада жуда фаол, самарали иш олиб бормоқда. Ўзбекистон мавжуд маънавий бойликни муҳофаза қилиш туризм соҳасидаги ташаббусларни илгари суриш билан ҳам чамбарчас боғлиқлигини яхши билади. Бу жуда муҳим. UNESCO айни жараёнда маслаҳатчи вазифасини бажаришга тайёр. Ўзбекистон турли лойиҳаларни амалга ошириш учун етарли ресурс, маблағ сарфламоқда. Биз эса халқаро экспертларни жалб қилиш, маданий меросни халқаро стандарт асосида қандай реставрация қилиш каби масалалар бўйича тавсия беришимиз мумкин.

Бундан ташқари малака ошириш, янги авлод реставраторлари, менежерлари ҳамда музей мутахассисларини тайёрлашга ёрдам берамиз. Ўзбекистон учун айни дам дунёнинг илғор тажрибасини ўзлаштириш яхши фойда беради.

Таъкидлаш керак, Ўзбекистон Марказий Осиёда маданий мерос сифатида таснифланган шаҳарлари бор ягона мамлакат. Аслида эски шаҳарларни муҳофаза қилиш осон эмас, чунки бир ё икки ёдгорлик эмас, балки бутун қалъалар маданий мерос сифатида сақланиши талаб этилади. Масалан, Европада тарихий манзиллар асрлар давомида сақлаб келинган.

Мен 2022 йил июль ойидан Тошкентда иш бошладим. Қарийб икки ярим йил мобайнида ишонч ҳосил қилганим – ўлка гуллаб-яшнаяпти. Бу заминни янгидан очилаётган ниҳолга ўхшатаман. Бошқа давлатлар билан солиштириш асносида айта оламанки, Ўзбекистонда келажакка нисбатан ишонч руҳи, умидбахш кайфият ҳукмрон. Афсуски, бугун сайёрамизнинг кўплаб ҳудудларида, айниқса, CОVID пандемиясидан кейин, одамларда келажакка умид йўқдек туюлади менга. Шу нуқтаи назардан ислоҳотлар туфайли жадал ривожланаётган диёрингиз менга жуда илиқ таассурот қолдиради.

Умуман, ўзим севган, яхши биладиган мамлакат сифатида Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурим анча йил олдин шаклланган. 2007 йилдан буён бу юртга саёҳат ёки иш юзасидан бир неча бор келганман. Яъни республикадаги ижобий ўзгаришлар ҳақидаги хулосаларим фақат ҳис-туйғуларим эмас, балки кўзларим билан кўрганим ҳосиласидир.

Ривожланаётган, бетакрор Ўзбекистонда яшаш мен учун мароқли, чунки бундан аввал уруш, вайронгарчилик ҳукм сурган Aфғонистон ва Ироқда ишлаганман. Тинч, осуда, тараққий этаётган мамлакатда фаолият олиб бориш жуда ажойиб.

ЎзА мухбири Гўзал Сатторова суҳбатлашди.

Нишонбой Абдувоитов (видео)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech