Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни ўтказилган муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар жараёни хорижий нашрларда ҳам кенг ёритилди.
The Times of Central Asia: Мазкур онлайн нашр саҳифасида чоп этилган мақолада Ўзбекистондаги сайлов биринчи марта аралаш тизим асосида ўтказилгани ва электрон овоз бериш жорий қилингани алоҳида қайд этилган.
“Бир ойдан кўп вақт давомида партиялар ўз сайлов олди дастурини жамоатчиликка фаол тарғиб қилди, теледебатлар орқали ўзаро рақобатга киришди”, дейилган мақола хулосасида.
United News of India: Ҳиндистоннинг мазкур ахборот агентлиги ҳам сайлов юқори даражада ўтганини ёзган. Хусусан, cайлов тизими такомиллашгани, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самара бераётгани, айниқса, фуқаролар ҳуқуқи, эркинлигини таъминлаш доимо эътибордалиги қайд этилган.
Венгриянинг “Daily News Hungary” электрон нашрида эълон қилинган “Янги Ўзбекистон: сиёсий ислоҳотлар ва парламент сайлови – 2024” сарлавҳали мақолада Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи ҳимояси кучайтирилган янги Конституция қабул қилгани ва бошланган муҳим демократик ислоҳот давом этаётгани қайд этилган. Шунингдек, бу галги сайлов мажоритар ва пропорционал ёндашув уйғунлаштирилган ҳолда ўтказилгани таъкидланган.
Trend: Озарбайжоннинг мазкур ахборот агентлиги саҳифасида чоп этилган “Ўзбекистонда парламент сайлови халқаро андозалар асосида ўтди” сарлавҳали мақолада мазкур сиёсий тадбирда 800 дан ортиқ халқаро, шунингдек, сиёсий партиялардан 55 минг, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идораларидан 10 мингдан зиёд кузатувчи иштирок этгани ҳақида сўз борган. Улар сайловларнинг демократик тамойиллар асосида ўтказилишини бевосита кузатгани қайд этилган..
KazInform: Қозоғистоннинг етакчи халқаро ахборот агентлигида “Ўзбекистондаги парламент сайлови ўтди деб ҳисобланди” сарлавҳали мақола эълон қилинган. Муаллиф Элихан Асқар баъзи сайлов участкаларида электрон овоз бериш тизими жорий этилганини баён қилган.
London Post: Буюк Британиянинг нуфузли ахборот портали айни мавзуга эътибор қаратиб, жумладан, шундай ёзади:
– Ўзбекистон ислоҳотлар ва халқаро ташаббуслар йўлида қатъий қадам ташлаб, “Мамлакат тараққиёти, келажак авлодлар ҳаёти, фуқаролар ижтимоий-сиёсий ҳуқуқи ҳар бир сайловчи овозида мужассам” шиорига қатъий амал қилмоқда.
CGTN: Хитойнинг машҳур медиа корпорацияси ҳам мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловларни кенг ёритди.
Масалан, муаллиф Лью Жиахиннинг “Ўзбекистон овоз берди: Марказий Осиё давлатларида парламент ва маҳаллий сайловлар ўтказилмоқда” номли мақоласида мазкур сайлов мамлакатимиз учун муҳим сиёсий жараён эканига урғу берган. Хулоса сифатида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев фикридан иқтибос келтирган:
– Хитойга минтақа ва дунёдаги энг йирик иқтисодий шериклардан бири сифатида қаралади. Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларни фаол ривожлантириш учун икки давлат раҳбарларида кучли сиёсий ирода мавжуд. Биз ушбу сайлов натижаси ўзаро муносабат келажакда ҳам изчил ривожланишига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.
Berliner Telegraph: Германияда чоп этиладиган мазкур журналнинг онлайн саҳифасида берилган “Парламент ислоҳоти Ўзбекистон Учинчи Ренессансининг ажралмас қисмидир” номли мақолада “Жорий парламент сайловига киритилган янгиликлар иқтисодий ривожланган, демократик кучли давлат қуришда муҳим аҳамият касб этади”, – дея қайд этилган. Шунингдек, икки бор уйғониш даври кузатилган Ўзбекиcтонда тарихан давлатчилик ривожлангани, илм-фан, санъат ва маданият гуллаб яшнагани ҳақидаги маълумотлар келтирилган.
Bernama: Малайзиянинг ушбу ахборот агентлиги махсус мақола эълон қилиб, 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида халқаро кузатувчиларнинг иштирокини юқори баҳолаган. Жумладан, уларнинг иштироки сайлов эркин ва адолатли ўтишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этгани эътироф этилган.
“Малайзия делегациясининг Ўзбекистон парламенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиши икки давлат ўртасидаги мустаҳкам муносабатлардан далолат”, – дея Элчи Илҳом Туа Илёс фикрини келтирган нашр.
Синьхуа: Хитойнинг мазкур етакчи давлат ахборот агентлигида ҳам мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловга бағишланган туркум материаллар эълон қилинди.
A News: 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган Ўзбекистондаги парламент ва маҳаллий Кенгашларга депутатлик сайлови муваффақиятли якунланганидан мамнунмиз, – дея баёнот берган Туркия ТИВ ушбу нашр орқали.
Вазирлик маълумотига кўра, сайловни кузатаётган халқаро делегациялар орасида Туркиядан ҳам кузатувчилар кўпчилик бўлган. Шунингдек, сайлов натижалари “қардош Ўзбекистон”га фойда келтиришига умид билдирилган.
Ўткир Алимов тайёрлади.
ЎзА
- Қўшилди: 30.10.2024
- Кўришлар: 508
- Чоп этиш