Жорий йил 23 август куни бошланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида сайлов, хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади, деб хабар берди Сенатнинг Ахборот хизмати.
Жумладан, сенаторлар “Сайлов кодекси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилиши кутилмоқда. Қонун Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида парламент Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба Сайлов кодекси қабул қилинди. Шу асосда сиёсий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга бўлган миллий сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими такомиллаштирилди. Хусусан, мамлакат сиёсий саҳнасида соғлом рақобатни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квота бекор қилинди.
Сенат аъзолари кўриб чиқадиган Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад Экологик ҳаракат учун белгиланган квотани бекор қилиш орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар номзодини илгари сурувчи субъектлар доирасини муқобиллаштириш ҳамда халқаро норма ва стандартларга мослаштиришдан иборат. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилингани муносабати билан сайловга доир 20 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга тегишли қўшимчалар киритилиши кўзда тутилган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси 2019 йил 25 июнда қабул қилинган. Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Олий Мажлисга сайлов, Президент сайлови, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунларда жами 190 та модда мавжуд эди. Энди улар тизимлаштирилди, қайтарилишлар, такрорлар бартараф этилди ва 18 та боб, 103 моддадан иборат яхлит ҳамда ягона Сайлов кодекси қабул қилинди.
Кодексда аввалги қонунларда бўлмаган бир қатор алоҳида моддалар ўрин олди. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, участка сайлов комиссиясининг фаолияти, сайловчининг турган жойида овоз бериши, Сенат аъзоларининг сайлови, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар, хоналар ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар шу жумлага киради.
Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. У, шунингдек, фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.
Сайлов кодексида жуда кўп янгиликлар, халқаро стандартлар талаблари, авваллари Марказий сайлов комиссиясининг қарорларида акс этиб келган айрим масалалар қонун даражасида мустаҳамланган. Кодекс сайловга оид халқаро стандартлар, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссиясининг бир қатор тавсияларини ўзида акс эттирган.
- Қўшилди: 21.08.2019
- Кўришлар: 6799
- Чоп этиш