Поездда юришга оид имтиёзлар ҳақида ҳар ким ҳам маълумотга эга эмас. Кўп ҳолларда йўловчилар бундай маълумотларнинг аҳамиятини кейинги ўринларга қўйишади. Аммо буни билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.
Маълумки, 2024 йил 20 январдан бошлаб мамлакатимизда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» тез юрар поездларининг чипталар нархи 20 фоизга ошиши эълон қилинди. Хўш, кимлар поездга навбатсиз чипта олиши мумкин? Бепул юриш ҳуқуқи кимларга берилади? Шу каби саволлар юзасидан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ бўлим бошлиғи Фозилбек Машариповнинг жавобларини олдик.
– Поездга чипта кассаларида қуйидаги шахслар навбатсиз чипта олиш ҳуқуқига эга: Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва уч даражадаги Шон-шуҳрат, «Ўзбекистон Қаҳрамони», «Соғлом авлод учун» орденлари ва «Шуҳрат» медали билан тақдирланганлар, уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уруш қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобил АЭСда авария оқибатларини бартараф этиш ишларида қатнашган шахслар.
Бундан ташқари, Олий Мажлис сенаторлари ва депутатлари, Ички ишлар вазирлиги ходимлари, «Фахрий темирйўлчи» нишони билан тақдирланган шахслар ҳам навбатсиз чипта олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, 10 ёшгача (бу ёшга тўлган) болали йўловчиларга, йўлланма асосида санатория-курорт даволанишига бораётган 10 ёшдан катта касал болаларни кузатиб бораётганларга чипта олишда устунлик ҳуқуқи берилади.
– Болаларни поездда бепул олиб юриш мумкинми?
– Кўп ҳолда йўловчилар саёҳат сафарларига фарзандлари билан чиқишади. Бунда эса йўловчи ўзи билан 5 ёшгача битта болани алоҳида жой берилмасдан бепул олиб юриши мумкин. Агар ота-она бирга кетаётган бўлса, иккаласи биттадан жами 2 та болани ўзи билан аҳолида жой бермасдан бепул олиб кетса бўлади.
Битта йўловчи билан биттадан кўп 5 ёшгача бола кетаётган бўлса, улардан бири бепул кетади, қолганлари эса чиптани 50 фоиз чегирма билан сотиб олиб, алоҳида жой банд қилиб кетади. 5 ёшдан 10 ёшгача болалар учун ҳам чипта 50 фоиз чегирма билан сотилади. 10 ёшдан ошган болалар учун чипталар катталар сифатида сотиб олинади.
– Поездда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи кимларга берилади?
– Дарҳақиқат, поездда йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқи (бориш ва келишга) қуйидаги шахсларга берилади:
Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва “Шон-шуҳрат” орденининг учта даражаси билан тақдирланган шахсларга, ярадор бўлган ҳарбий хизматчилар, ишчилар ва хизматчилардан 1 ва 2-гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахсларга, Чернобил АЭСдаги аварияни бартараф этувчилари-ногиронлиги бўлган шахсларга шундай имкон берилади.
Шунингдек, 3-гуруҳ уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар эса йилига бир марта (бориш ва келишга) поезд чиптасини 50 фоизли чегирма билан харид қилишлари мумкин.
Имтиёзли чипта олиш учун кассага «Уруш оқибатида ногиронлиги бўлган шахс гувоҳномаси», «Уруш қатнашчиси гувоҳномаси» ёки «Имтиёзга ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома»ларидан бири берилиши керак.
«Фахрий темирйўлчи» нишони билан тақдирланган ходимлар йил мобайнида МДҲ бўйлаб бепул юриш ҳуқуқига (бориш ва келишга) эга.
– Поезддан қолиб кетганда, чиптани қайтариш мумкинми?
– Чипта сотиб олиниб, ундан фойдаланилмаганда, яъни йўловчи жўнаб кетмаганда, чиптани кассага ёки онлайн қайтариш мумкин. Чипта поезд жўнашигача 24 соатдан кечиктирмай топширилганида, пули тўлиқ қайтарилади. Фойдаланилмаган чипта 24 соатдан камроқ, бироқ поезд жўнашигача 6 соатдан кечиктирмасдан қайтарилганда, чипта қиймати ва плацкартанинг 50 фоиз қиймати қайтарилади.
Чиптанинг тўлиқ қиймати учга бўлинади, улар тариф қиймати ва плацкарта қиймати, қўшимча комиссия тўловлари, одатда комиссия қиймати кўп бўлмайди, плацкарта қиймати ва тариф қиймати эса босиб ўтиладиган йўл учун асосий ҳақ бўлади. Масалан, чипта 200 минг сўм бўлса, тахминан 40 минг сўм комиссия қиймати, 70 минг плацкарта қиймати ва 90 минг тариф қиймати бўлиши мумкин.
Фойдаланилмаган чипта 6 соатдан камроқ, бироқ поезд жўнагандан кейин 3 соатдан кечиктирмасдан қайтарилганда, чипта қиймати қайтарилади, плацкартанинг қиймати қайтарилмайди. Ҳар қандай ҳолатда чипта қайтарилганда 15 минг сўм қайтариш хизмати учун тўлов ундириб қолинади. Чипта қайтарилганда, унинг пули 3 иш кунидан 15 иш кунигача пластик картага ўтказиб берилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 17.01.2024
- Кўришлар: 3007
- Чоп этиш