Сенат: Болалар омбудсманига тушаётган мурожаатлар салмоғи ошган

Болалар омбудсманига ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар фуқаролари, омбудсманлар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан жами 1 минг 64 мурожаат келиб тушган. 2023 йилга нисбатан солиштирганда мурожаатлар салмоғи 2,4 бараварга ошган.

Бу маълумотлар Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди. 

Мажлисда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2024 йилда бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликдаги мавжуд муаммолар таҳлили асосида давлат органлари ва ташкилотларига 40 та таҳлилий ахборот киритилган.

Фуқароларнинг мурожаатлари ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ходимлари 46 та фуқаролик, жиноий ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, уларда жисмоний ва юридик шахсларнинг жами 160 мурожаати кўриб чиқилган.

Болалар омбудсмани мурожаатлар таҳлили ва мониторинги асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани юзасидан муносабат билдириб, 9 огоҳлантириш, 3 тақдимнома, 18 хулоса ва суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида 6 илтимоснома киритган.

Тадбирда вазирлик ва идоралар вакилларининг Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар, қонун билан зиддиятда бўлган болаларнинг ҳолати ҳамда айрим соҳаларда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга доир масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалари эшитилди.

Мажлис якунида кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: