Жорий йил 23 август куни бошланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси кун тартибига, жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳам киритилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.
Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тайёрланган. У Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари бўйичаЎзбекистон Республикаси Миллий маркази билан биргаликда ишлаб чиқилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида ҳам ушбу Қонунни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ўшанда халқаро талаблар доирасида хотин-қизлар аҳволини тубдан яхшилашга доир қонун ижодкорлиги фаолиятида фаоллик ва ташаббускорликни ошириш зарурлиги таъкидланганди.
Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Шу жумладан, унда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилишни, шунингдек жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай намоён бўлишига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрсатилган.
Хорижий тажрибани ўрганиш ҳозирда зўравонликка, хусусан маиший зўравонликка, хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш муаммосига катта эътибор берилаётганидан дарак бермоқда. Бу масалани тартибга соладиган махсус қонунлар 120 дан ортиқ мамлакатда қабул қилинган.
Маълумот учун: Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги 3827-сон қарори қоидаларини амалга ошириш доирасида бутун республика бўйлаб Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари қошида зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва жамиятга мослаштириш ҳамда суиқасдларнинг олдини олиш бўйича 165 та марказ ташкил этилди. Қисқа даврда ушбу марказларга турли масалалар бўйича 4 минг 120 нафар хотин-қиз мурожаат қилди.
Таъсирчан чоралар кўрилмаганлиги туфайли 2018 йилда жиноий ҳаракатлар оқибатида 932 нафар аёл жабр кўрган. Шундан 215 нафари жинсий эркинликка, 169 нафари ҳаётга, 366 нафари соғлиққа қарши, 182 нафари бошқа турдаги жиноятлардан жабрланган. Бу ҳолат уларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этиш ҳолатлари ҳали ҳам сақланиб қолаётганлигини исботламоқда.
Қонун ҳужжатларига кўра шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмиш бўлишига қарамай, афсуски, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органлари томонидан муносиб эътибор берилмайди. Шу муносабат билан руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш талаб этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.08.2019
- Кўришлар: 6766
- Чоп этиш