Сенат ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирмоқда. Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева ўтган йил мамлакатимиз учун сермаҳсул йил бўлганини қайд этди.
Президентимиз бошчилигидаги тизимли ислоҳотлар орқали жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида барқарор ривожланиш суръатлари таъминланиб, улкан натижалар қўлга киритилди.
– Жорий йилда ҳам катта марралар олганмиз, – деди Т.Норбоева. – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини "Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили"да амалга ошириш бўйича давлат дастурида жорий йилдаги мақсад ва вазифаларимиз аниқ акс эттирилган. 2025 йилда мамлакат ривожланишининг устувор ёндашувлари белгиланди. Булар – маҳалла, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, экологик жиҳатдан қулай ва фаровон яшаш муҳитини шакллантириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш, табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш. Шу билан бирга, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқтисодиётни иқлим ўзгаришига мослаштириш, республика энергобалансида қайта тикланувчи энергия улушини ошириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энерготежамкор технологияларни кенг қўллаш, экологик барқарорликка йўналтирилган ҳудудлар ва тармоқлараро мувофиқлаштирувни таъминлашга эътибор кучайтирилади.
Белгиланган ҳар бир мақсад ва вазифа Глобал Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) билан ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
–Давлат дастури лойиҳаси икки ҳафта давомида кенг жамоатчилик, жумладан Сенат қўмиталарида ҳам муҳокама қилинди. Қатор муҳим таклифлар билдирилди. Энди Дастур имзоланиши билан унинг ижросида барчамиз – парламент, ҳукумат, маҳаллий кенгашлар бир бўлиб ҳаракат қилишимиз, белгиланган ҳар бир вазифа сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашимиз зарур, – деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
Носир Ҳайдаров (сурат),
ЎзА
- Қўшилди: 23.01.2025
- Кўришлар: 409
- Чоп этиш