Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланади

Шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Фуқаролик кодексига кўра, шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқи дахлсиз. Шунга қарамай, ушбу ҳуқуқни таъминлаш борасида қонунчиликда бўшлиқлар мавжуд.

Инсоннинг тасвирга бўлган ҳуқуқини мустаҳкамлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан миллий ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва 30 га яқин хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинди. 

Тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, эндиликда умумий қоида тариқасида, ҳар қандай кишини фото ёки видео тасвирга олиш ёки ушбу тасвирдан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилинади.

Шу билан бирга, лойиҳага кўра, 16 ёшдан бошлаб ўсмирлар уларни тасвирга олиш, тасвирдан фойдаланиш учун мустақил розилик бера олади. Жамоат жойларида ва оммавий тадбирларда тасвирга олиш учун рухсат талаб қилинмайди.

Давлат хизматчиларини хизмат вазифаси вақтида чекловсиз тасвирга олиш ва ушбу тасвирдан фойдаланиш мумкин. Ноқонуний ҳаракатларни тасвирга олиш учун розилик шарт эмас.

Видеокузатув тизимлари ҳақида огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши шарт. Кишиларнинг қисман ёки тўлиқ кийимсиз бўлишни тақозо этадиган жойларда (тиббиёт хонаси, ҳаммом, кийим алмаштириш хоналари ва бошқа) видеокузатувни амалга ошириш тақиқланади.

Агар тасвирдан розилик берилган мақсаддан бошқа мақсадда ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган тарзда фойдаланилса, розилик бекор қилиниши мумкин.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: