Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази собиқ МХХ офицерининг ОАВ орқали мурожаатида кўтарилган масалалар Бош прокуратура томонидан қонун доирасида ва адолатли кўриб чиқилишини сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига расмий хат юборди.
Маълумки, жорий йилнинг 8 октябрь куни KunUZ сайтида эълон қилинган лавҳада собиқ МХХ офицери адолатсизлик туфайли қамалиб чиққани, ДХХ тизими янгилангани туфайли у суд томонидан оқлангани, бироқ унга етказилган моддий ва маънавий зарар қоплаб берилмагани тўғрисида сўз боради.
Марказ Ўзбекистон Президентининг инсонпарвар сиёсатини халқимиз ва халқаро ҳамжамият кенг қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлайди. Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари таъминланишида эришилаётган ижобий натижалар халқаро майдонда юксак эътироф этилмоқда. Яқинда Ўзбекистон 2021-2023 йилларгача бўлган даврда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайлангани буни яққол тасдиқлайди.
Шу маънода, собиқ МХХ офицерининг мурожаатида кўтарилган масалалар қонун доирасида ва адолатли кўриб чиқилиши ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.11.2020
- Кўришлар: 4120
- Чоп этиш