Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ, яъни 1991 йил 30 декабрь куни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бирламчи халқаро стандарт сифатида эътироф этиладиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига қўшилди. Бу билан Ўзбекистон янги мустақил давлат сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, мазкур йўналишдаги халқаро мажбуриятларига содиқ, инсонпарвар давлат қуришни мақсад қилганини кенг халқаро ҳамжамиятга эълон қилди.
Орадан бир йил ўтиб, мазкур ғоялар, мустақил Ўзбекистоннинг Конституциясида ўзининг конституциявий асосларини топди. Хусусан, Конституциянинг Муқаддимаси “инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини” деган сўзлар билан бошланади ва унда “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда”, “фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини”, “инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат”, каби тушунчалар билан мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституциянинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги роли ва аҳамиятига баҳо берар экан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йилиғишда, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев шундай дейди: “Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим”.
Иккинчидан эса, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ўз аксини топган барча ҳуқуқ ва эркинликлар Конституциянинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган Иккинчи бўлимида ўз аксини топди.
Жумладан, Конституциянинг катта қисмини, яъни 18-52 моддаларни қамраб олган мазкур бўлимда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, фуқаро ва давлатнинг ўзаро ҳуқуқ ва бурчлар ўзаро боғлиқлиги, фуқароларнинш Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларнинг даҳлсизлиги, фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шартлиги, каби тамойиллар билан бир қаторда, фуқаролик масаласи, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари, фуқароларнинг бурчлари ўз аксини топган ва улар халқаро стандартларга мос келади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Конституциянинг 17-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўла ҳуқуқли субъекти сифатида, нафақат алоҳида давлатлар билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда, балки халқаро институционал тизим сифатида универсал ва минтақавий халқаро ташкилотлар доирасида фаол иштирок этмоқда, 5 мингдан ортиқ халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилган ва улар асосида тегишли халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олмоқда.
Албатта, мазкур халқаро мажбуриятларни амалга ошириш чоғида, ратификация қилинган халқаро ҳуқуқ нормалари билан амалда бўлган миллий қонунчилик нормаларининг тўқнашуви, коллизияси юз беради. Бу ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги тамойилидан келиб чиқиб, миллий қонунчиликни такомиллаштириш талаб этилади.
Халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги тамойили инсон ҳуқуқларига оид халқаро шартномаларни ратификация қилиш ва улардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш соҳасида ҳам муҳим рол ўйнайди. Бугунга келиб, Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари соҳасида 80га яқин халқаро ҳужжатларга қўшилган.
Улар орасида инсон ҳуқуқлари бўйича БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва уларга қўшимча протоколлар, ЮНЕСКО, Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро конвенциялари, ЕХҲТнинг “Инсонийлик мезонлари” ҳужжатлари, шунингдек, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲ, каби минтақавий ташкилотларнинг ҳужжатларини миллий қонунчилигини янада такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Алоҳида қайд этиш лозимки, 2019 йил, яъни Ҳотин-қизларни камситишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни қабул қилинганлигининг 40 йиллиги, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни қабул қилинганлигининг 30 йиллиги мамлакатимизда нишонланаётган бир пайтда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини халқаро-ҳуқуқий нормалар асосида такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Ҳотин-қизларни камситишнинг барча турларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенциянинг имплементацияси сифатида, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш нуқтаи назаридан, 2019 йил 6 декабрдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, 2019 йил 16 декабрдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунларни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини мисол келтириш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги принципини конституциявий тарзда ифода этган. Шу билан бир қаторда, деярли барча қонунларда, халқаро ҳуқуқнинг устуворлиги белгилаб қўйилган ҳаволаки норма мавжуд.
Яъни, агар қонун ҳужжатининг нормалари шу соҳада Ўзбекистон қўшилган халқаро шартнома нормаларига зид келиб қолса, бундай ҳолларда халқаро шартнома нормалари устувор бўлиши ва у юридик кучга эга бўлиши кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, 2019 йил 6 февраль куни қабул “Халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонунда ҳам халқаро ҳуқуқий нормаларнинг устуворлиги аниқ баён қилиб қўйилган.
Жумладан, Қонуннинг 2-моддаси учинчи хатбошида “Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади”, деб белгиланган.
Қонуннинг 3-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир”, деб кўрсатилган.
Демак, халқаро ҳуқуқ нормаси устуворлик касб этса ҳамда миллий ҳуқуқий тизимнинг таркибий қисмига айланса, бу ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементациясини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади ва у алоҳида жараённи талаб этади.
“Халқаро шартномалар тўғрисида”ги Қонуннинг 33-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси томонидан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ оғишмай ва мажбурий тарзда бажарилиши лозим.
Мазкур модданинг иккинчи хатбошиси талабига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатини қабул қилиш зарур бўлган ҳолларда, манфаатдор давлат органлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси нормаларини имплементация қилиш масалалари бўйича тегишли ҳужжат қабул қилиш тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда таклифлар тақдим этади.
Қонуннинг 34-моддасида эса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган мажбуриятларга риоя этилишини таъминлаши; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлаш юзасидан амалий чоралар кўриши ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилиши учун жавобгарлик ўз зиммасига юклатилган давлат органлари ва мансабдор шахсларни ўз ваколатлари доирасида белгилаши кўрсатилган.
Мазкур моддад Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар ўз ваколатига кирадиган давлат органлари халқаро шартномалар бажарилишини, бундай шартномалардан келиб чиқадиган, Ўзбекистон Республикасига тегишли бўлган ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлаши ҳамда халқаро шартномаларнинг бошқа иштирокчилари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишини кузатиб бориши зарур.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинадиган масалалар икки ёки ундан ортиқ давлат органларининг ваколатларига кирса, Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ўз зиммасига юклатиладиган давлат органини белгилайди.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 декбардаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан:
- ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;
- инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш;
- Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини («йўл хариталари»ни) ишлаб чиқиш;
- норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, каби инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишнинг миллий механизми аниқ кўрсатиб берилган.
Хулоса қилиб айтганда, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий ҳуқуққа имплементация қилиш кўп қиррали ва кўп босқичли мураккаб жараёндир. Халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий ҳуқуққа тўла ва самарали татбиқ этилиши учун миллий ҳуқуқий тизимларда юридик, молиявий ва институционал воситаларидан иборат “кутиб олувчи ёки қабул қилувчи инфратузилмалар” шай бўлиб турмоғи лозим.
Акс ҳолда халқаро ҳуқуқ нормалари ва миллий ҳуқуқий тизимлар орасида муросасиз тўқнашувлар келиб чиқади. Бундай тўқнашувларни бартараф этиш ва халқаро ҳуқуқ билан миллий ҳуқуқ ўртасида “дўстона баҳамжиҳатликнинг” қарор топиши учун қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади:
- халқаро шартномаларни ишлаб чиқиш жараёнига миллий ҳуқуқий тизим ва халқаро ҳуқуққа оид билимларни пухта эгаллаган ҳуқуқшунос-мутахассисларни жалб қилиш;
- халқаро шартномалар имзолаш, қабул қилиш, ратификациялаш, тасдиқлаш ёки уларга қўшилишдан олдин имплементация қилиш имконияларини чуқур ўрганиб чиқиш;
- халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий ҳуқуққа имплементация қилишда тегишли давлат органларининг ваколат ва вазифаларини аниқ белгилаб бериш;
- Ўзбекистон Республикаси қўшилган инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишнинг назарий ва амалий жиҳатларини илмий тадқиқ қилишни янада кучайтириш;
- инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилиш механизмини ишлаб чиқиш, яъни қандай ҳолатларда имплементация қилишнинг трансформация, инкорпорация усулларидан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларнинг мазмун-моҳияти ва уларда ратификация талабларини, бу борада илғор ҳорижий тажрибани ўрганиш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплементация қилинганлиги даражаси бўйича инвентаризация қилиш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишнинг мониторингини тизимли олиб бориш механизмини такомиллаштириш;
- инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон келгусида қўшилиши мумкин бўлган халқаро шартномаларнинг қанчалик миллий ҳуқуқий тизимга таъсир кўрсатишининг ижобий ва салбий томонлари юзасидан илмий-амалий асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
- инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг миллий қонунчиликка имплементация қилишда, муҳим омил сифатида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим тизимини янада такомиллаштириш.
Алоҳида қайд этиш ўтиш керакки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим, халқаро стандартларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишда муҳим роль ўйнайди.
Чунки халқаро стандартларни қўллашда, авваломбор, ҳуқуқни қўлловчиларнинг халқаро стандартларнинг мазмун-моҳиятини, уларнинг ўзига хос хусусиятлари юзасидан кучли билим ва кўникмага эга бўлиши, иккинчидан эса, аҳолининг халқаро стандартлар асосидаги ўз ҳуқуқ ва эркинликлари бўйича ҳуқуқий маданияти шаклланган бўлиши лозим.
Албатта, юқоридагиларни амалга оширишда, мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида қарор топтиришда, бу соҳадаги комплекс чора-тадбирларни, узоқ муддатга мўлжалланган стратегик ёндашувни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституция кунига бағишланган тантанали йиғилишида, аввало, энг муҳим вазифалардан бири сифатида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегияни” қабул қилиш лозимлигини қайд этди. Бунда жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришимиз зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, “Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, кадрларни қайта тайёрлаш марказларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” номли махсус ўқув курсларини жорий этишнинг вақти-соати келди”.
Абдулҳай Мўминов,
Марказнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги
халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи,
юридик фанлар номзоди, доцент
- Қўшилди: 25.12.2019
- Кўришлар: 6035
- Чоп этиш